Сурхон-Шеробод водийси
Сурхон-шеробод водийси - Ўрта Осиёнинг жанубидаги тог оралиғи водийси. Асосан, Ўзбекистонда, шимолий шарқий қисмигина Тожикистонга қарайди. Ҳудудининг чекка қисмлари баланд тоғлар билан ўралган (жан. бундан мустасно), ўрта қисми шимолидан жануби-га нишаб текислик.
Водий тектоник ҳаракатлар натижасида вужудга келган. Алп тоғ ҳосил бўлиши жараёнида (неоген ва тўртламчи давр) қадимги геологик денгиз ўрнида улкан тоғ тизмалари ва тоғ оралиғи водийлари пайдо бўлган. Тоғлардан оқиб тушган дарёлар ўзанларини тобора кенгайтириб ва чуқурлаштириб бориши натижасида турли геологик даврларга мансуб туб жинслари очила борган, чўкмалар эса аккумулятив жинслар билан тулдирилган. Водийнинг ҳозирги морфологик тузилишида Ернинг ички (эндоген) кучлари билан бирга ташқи кучлар — оқар сув, шамол, нураш ва ҳ.к.нинг таъсири ҳам катта бўлган.
Водий мустақил 2 даре водийси — Сурхон ва Шеробод водийларидан ташкил топган. Ҳар иккала водий меридианал йўналишга эга. Сурхон водийси бирбирига тенг Қоратог ва Тўполон водийлари билан бошланади. Ҳисор тизмаси музликларидан (бал. 4000 м чамаси) бошланадиган бу водийларнинг уз. 100 км дан ортади. Водийлар бошланишида тор бўлиб, текисликка томон кенгая боради. Улар Крратоғ ва Сарижўй қишлокларидан кейин кенг текисликлар бўйлаб давом этиб, Оқостона қишлоғи ёнида (мутлақ баландлиги 5556 м) ўзаро туташади ва Сурхон водийси номини олади.
Жан., жанубиғарбий йўналишда 196 км га чўзилган Сурхон водийси Термиз ш. яқинида (мутлақ баландлиги 302 м) Амударё водийсига туташиб кетади. Сурхон водийсида бирбиридан яққол ажралиб турадиган 4 тагача аллювиал терраса (кўҳна қайир) бор.
Шеробод водийси Чакчар ва Бойсун тоғлари тармоқларининг тугунидан (мутлақ баландлиги 3700 м) бошланади. Арча ўрмонлари билан қопланган тоғлар орасвдан Қуйи Мочай кишлоғигача жануби-ғарбий йўналишда давом этади. Шеробод водийси қуйи томон кенгайиб, аввал Бойсун тоғларини, сўнгра Шеробод Сариқамиш қатор тепаларини кесиб ўтади. Тоғлар орасида 175 км га чўзилган бу водий Шеробод ш. яқинида (мутлақ баландлиги 444 м) кенг текисликка айланади ва яна 40 км га давом этади.
С Сурхон-Шеробод водийсининг текислик қисми қарийб 200 км бўлиб, шимолидан жануби-га томон пасайиб ва кенгайиб боради. Водийнинг нишаби ўрта қисмида 1 км да 1 м, юқори ва қуйи қисмларида камроқ. Водийнинг текислик қисми экин майдонларига айлантирилган.
С.Сурхон-Шеробод водийси ўзига хос географик ўрни, релефи ва иқиими билан ўрта Осиёнинг бошқа географик раёнларидан бирмунча фарқ қилади.
Иқлими континентал субтропик: қиши қисқа ва илиқ, ёзи узоқ, иссиқ. Релефининг хилмахиллиги температура режими ва ёғинлар тақсимотига кескин таъсир кўрсатади. Водийнинг энг иссиқ раёнлари унинг жанубий қисмларида. Йиллик ўртача температура Шерободда 18°, Термизда 17,4°. Ўзбекистондаги энг юқори температура ҳам шу ерда (Термизда 49,5°) қайд қилинган. Водийда юқорига томон ҳаво температураси орта боради: йиллик ўртача температура Деновда 15,6°, Бойсуннинг тоғли қисмида 14,5°. Мутлақ баландлик 1200 м дан паст жойларда январ
нинг ўртача температураси 0° дан юқори. Иссиқ кунлар С.Сурхон-Шеробод водийсида эрта келиб узоқ давом этади. Июл ойининг ўртача температураси текислик қисмида 28—32°, мутлақ баландлиги 2500 м дан юқори тоғли қисмларида бу даврда ўртача температура 17— 18° дан пасаймайди. Ёғиннинг йил давомидаги тақсимланиши релефга, шунингдек, нам ҳаво массаларининг йўналишига қараб турлича. Йиллик ўртача ёғин водийнинг қуйи қисмида 130–150 мм бўлса, Деновда 360 мм, Бойсунда 445 мм, Сангардакда 790 мм.
ССҲ.в.ни тоғлардан бошланадиган даре ва сойлар сув билан таъминлайди. Йирик дарёлари: Сурхондарё (ирмоқлари Қоратоғ, Тўполондарё, Сангардакдарё, Хўжаипок) ва Шерободдарё (ирмоқдари Шўроб, Сайроб, Майдон). Дарёларнинг асосий сув сарфи мартиюн ойларига (60% дан ортиқ) тўғри келади. Дарёлар сув сарфини тартибга солиш мақсадида Жанубий Сурхон, Учқизил, Дегрез сув омборлари барпо қилинган.
Катта захираларга эга бўлган ер ости сувлари ҳам муҳим сув манбаларидир. Ҳозирги вақтда артезиан сувлари ва кориз қудуқлари сувидан қисман қишлоқларни тоза сув билан таъминлашда, экин майдонлари ва чорва молларини суғоришда фойдаланилмоқда.
С.Сурхон-Шеробод водийсининг тоғли ва тоғолди зоналари сув билан етарли миқдорда таъминланган. Бироқ кенг текислик қисмида сув танқислиги кузатилади. Водийнинг табиий географик шароитидаги фарқлар, унинг тупроқлари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг географик тарқалишида ҳам акс этган. Водийнинг текислик қисмида пастдан юқорига томон тақирсимон, типик бўз тупроқлар ҳамда қумоқ, шўрхок тупроқ типлари бирбири билан ўрин алмашиниб боради. Ёғин кам тушадиган бундай ерларда янтоқ, шувоқ, шўра, бурган, юлғун, турли хил эфемероид ўсимликлар кенг тарқалган.
Аллювиал ботқоқ тупроқли дарё террасалари ва кенг қайирлар, асосан, қамиш, қиёқ, қўға, ажриқ, мия каби ўтлар, тол, туранғил, жийда, патта, юлғун каби дарахтбутадан ташкил топган тўқайлар, чангалзорлар билан банд. Асосан, типик бўз тупроқлар кенг тарқалган адир ва тоғ олди зонасида (мутлақ баландлиги 500–1200 м) нихатак, қашқарбеда, бетага, қўзигул, лолақизғалдоқ, исмалоқ, қўнғирбош, чалов, наъматак каби турли эфемероид ўт ва бутасимон ўсимликлар ўсади. Тоғли қисмида бўз ва жигарранг тупроқ турлари кенг тарқалган. Бу тупроқдарда ёввойи арпа, кийикўт, тоғ лоласи, каврак, сернам ерларда қамиш, юлғун, бутасимонлардан дўлана, наъматак, ёввойи бодом, олча, олма, ёввойи ток кабилар аралаш ҳолда ўсади. Ўртача баландликдаги тоғ зонасида (1700–1300 м) арпа, листа, ёнғоқ, ирғай, заранглар катта майдонларни эгаллайди. Ундан юқорисини эса субалп, алп ўтлоқлари эгаллаган.
С.Сурхон-Шеробод водийсининг хайвонот дунёси қам хилмахил. Бўри, тулки, чиябўри, қобон, қуён барча минтақаларга хос. Фақат тоғ ва тоғ олди зоналарида учрайдиган нодир кийик, айиқ, бўрсиқ каби ҳайвонларнинг сони тобора камайиб бормоқда. Қарға, чумчуқ, чуғурчиқ, сўфитўрғай, лойхўрак, ўрдак, булбул, чил, калхат, лочин, бургут каби қушлар водийнинг ҳамма жойида учрайди. Судралувчилардан калтакесаклар ва илонлар, тошбақа; кемирувчилардан юмронқозиқ, суғур, дала сичқонлари, бошқа ҳайвонлардан типратикан, жайра, баликлардан сазан, зогора балиқ яшайди.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |