Jump to content

Иккинчи Жаҳон уруши

From Vikipediya
Иккинчи жаҳон уруши

Саналар 1-сентабр 19392-сентабр 1945
Уруш ери Европа, ШарқийОсиё, Шимолий, Шимоли-шарқий ва Ғарбий Африка, Яқин Шарқ, Атлантика, Ҳинд ва Тинч океанлари, Ўрта Ер бўйи.
Сабаб Кўпчилик давлатларнинг сиёсати; Версал-Вашингтон тизимининг оқибатлари.
Натижа Иттифоқчилар ғалабаси. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташкил топиши. СССР кучли давлатга айланади. Дунё турли хил ижтимоий-сиёсий тизимли икки лагер - социалистик ва капиталистик лагерларга бўлиниб кетади. Совуқ уруш бошланиши.
Рақиблар
Антанта иттифоқи:

СССР
АҚШ
Буюк Британия
Франсия
Хитой
Полша
Австралия
Канада
Югославия
Янги Зеландия
ва бошқалар

Ҳитлер иттифоқи:'.

Олмония
Италия
Япония
Можаристон
Финландия
Руминия
Болгария
Чехословакия
Хорватия
Таиланд
ва бошқалар

Қўмондонлар
Иосиф Сталин

Франклин Д. Роосевелт
Wинстон Чурчилл
Чарлес де Гаулле
Чан Кайши
Эдwард Рйдз-Śмигłй
Жоҳн Cуртин
Wиллиам Лион МcCенсй Кинг
Пётр ИИ Каргеоргиевич
Мичаэл Жосепҳ Саваге

Адолф Ҳитлер

Бенито Муссолини
император Сёва
Ҳортҳй Миклóс
Ристо Ҳеикки
Ион Антонесcу
Борис ИИИ
Жозеф Тисо
Антон Павелич
Ананда Махидол

Йўқотишлар
Ҳарбийлар:
17 миллиондан кам бўлмаган йўқотишлар[1][2][3][4][5]
Фуқаро шахслар:
33 млн[манба керак]
Умумий ҳалок бўлганлар сони:
50 млн[манба керак]
Ҳарбийлар:
8 млн[манба керак]
Фуқаро шахслар:
4 млн[манба керак]
Умумий ҳалок бўлганлар сони:
12 млн[манба керак]

Иккинчи жаҳон уруши (1-сентябр 1939 – 2-сентябр 1945) – ХХ асрда содир бўлган жаҳон тарихидаги энг йирик уруш. Ушбу уруш ХХ аср фожиаси сифатида инсоният тарихига кирган. Ғарб мамлакатлари (Англия, Франсия, АҚШ) ҳукмрон доираларининг „келиштириш“ сиёсати Австрияни (1939-йил март), Чехословакияни (1939-йил март) Германияга қўшиб олинишига ва Мюнхен битимига (1939-йил сентябр) йўл очиб берди. Иккинчи жаҳон урушининг бошланишида СССРнинг ҳам айби бор. 1939-йил 23-августда СССР билан Германия ўртасида Молотов-Риббентроп пакти 10 йил муддатга ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзоланди. Бу шартноманинг махфий қўшимча аҳдномасига мувофиқ, Германия ва СССР Шарқий Европада ўзларининг таъсир доираларини бўлиб олдилар. Ҳар икки мамлакат манфаатлари, аввало, Полша давлати билан боғлиқ эди. Совет томони Ғарбий Украина, Ғарбий Белоруссия ва Бессарабия (1921-йилда бой берилган) ҳудудларини қайтариб олмоқчи эди. Шунингдек, Германия Болтиқбўйи мамлакатларига даъво қилишдан ҳам воз кечди.

Германия билан СССР шартномага мувофиқ, Полшага бир вақтда қўшин киритишлари керак эди. СССР бу мажбуриятни бажармади. 1939-йил 1-сентябрда Германиянинг бир ўзи Полшага бостириб кирди ва Иккинчи жаҳон урушини бошлаб берди. 3-сентябрда Англия ва Франсия Германияга қарши уруш эълон қилди. СССР 1939-йил 17-сентябрда Полша ҳудудига қўшин киритди. Кўп ўтмай Брестда олмон қўмондони Т. Гудериан ва совет генерали С. М. Кривошеий қўмондонлигида Полшанинг бўлиб олиниши муносабати билан қўшма совет-олмон паради ўтказилди.

СССР Иккинчи жаҳон уруши баҳонасида ўз ҳудудларини кенгайтириш ва чегараларини мустаҳкамлашга киришди. 1939-йил ноябр – 1940-йил мартда СССР билан Финландия ўртасида ҳарбий тўқнашув бўлди. Бундан СССР манфаатдор эди. Ўзаро уруш натижасида СССР Финландиянинг бир қатор ҳудудларини (Ленинградга чегарадош ерлар ва Виборг) тортиб олиб, шим.ғарбий чегараларини мустаҳкамлаб олди. 1940-йилнинг ёзида СССРнинг расмий талаби билан Руминия Бессарабия ва Шимолий Буковинани советларга беришга мажбур бўлди. 1940-йил июн ойида Эстония, Латвия ва Литва совет қўшинлари томонидан босиб олиниб СССРга киритилди.

1940-йил апрел-майда немис фашист қўшинлари Дания ва Норвегияни истило қилди, 1940-йил 14-майда – Нидерландия, 28-майда – Белгия таслим бўлди. Шундан сўнг фашист қўшинлари Люксембург ва Голландияни босиб олиб, улар ҳудуди орқали Франсияга (22-июнда таслим бўлди) бостириб кирди.

Совет ҳукумати фашистлар Германиясини Европанинг навбатдаги пойтахтини босиб олиши муносабати билан табриклаб борди. Интернационалнинг директиваларида фашизмга қарши тарғиботни тўхтатиш ҳақидаги талаблар пайдо бўлди. 1940-йил 27-сентябрда Германия, Италия ва Япония давлатлари Берлинда „учлар иттифоқи“ни тузиш ҳақидаги шартномага имзо чекишди. 1940-йил 28-октябрда фашистлар Италияси Грецияга бостириб кирди. 1940-йил 20-24-ноябрда Можаристон, Руминия ва Словакия „учлар иттифоқи“га қўшилди. 1941-йил мартда эса Болгариянинг монархияфашистик ҳукумати ҳам бу иттифоқ сафига кўшилишга розилик билдирди.

1940-йил 18-декабрда Гитлер СССРга қарши уруш ҳақидаги 21-сонли директиваси „Барбаросса“ режасига имзо чекди. Фашистлар Германияси СССРга қарши кураш бошлашдан олдин 1941-йил 6-17-апрелда Югославияни босиб олди. Шу йилнинг 13-апрелда СССР Япония билан бетарафлик ҳақида келишиб олди. 1941-йил 20-май – 1-июнда фашистлар Германияси Крит оролларини эгаллади. 18-июнда эса ҳужум қилмаслик ва ҳамкорлик ҳақида Германия – Туркия шартномаси имзоланди.

1941-йил 22-июнда фашистлар Германияси СССРга қўққисдан ҳужум бошлади. Айнан шу вақтдан бошлаб тарих нотоғри ёзилиб СССР ИИ жаҳон урушининг фақат 1941-1945 даврини олади. Можаристон, Руминия, Финландия, Италия унинг томонидан туриб урушга кирди. Шу куни Англия ҳукумати СССРни Германияга қарши урушда қўллаб-қувватлашини маълум қилди. 24-июнда Франклин Роосевелт АҚСҲ хукумати СССРга ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди. СССР Германияга қарши урушнинг 1-даври (1941-йил июн – 1941-йил ноябр) да, асосан, мудофаа ҳарактеридаги жанглар олиб борди.

Фашистлар Германияси ва иттифоқчиларининг тажовузкорона ҳаракатининг тобора авж олиши жаҳон мамлакатларини ташвишга солди. 1941-йил ёзида фашистлар Германиясига қарши коалиция тузиш йўлида дастлабки қадам қўйилди. 1941-йил 12-июлда СССР на Буюк Британия ҳукуматлари фашистлар Германиясига қарши урушда биргаликда ҳаракат қилиш ҳақида келишиб олишди. 1941-йил 24-сентябрда Ш. лс Голл бошчилигида Озод Франсия (1942-йил июлдан Курашаётган Франсия) миллий қўмитаси тузилиб, фашизмга қарши кураш бошлади. 1941-йил 5-декабрда немисфашист қўшинларининг Москва жангидаги мағлубияти Гитлернинг „яшин тезлигидаги уруш“ деб аталмиш режасини пучга чиқарди ва натижада унга қарши урушга кирган мамлакатлар сони ортди.

1941-йил 7-декабрда Япония Пёрл Ҳарборга ҳужум қилиш билан Буюк Британия ва АҚШга қарши урушни бошлаб юборди. 8-декабрда АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар Японияга, 11-декабрда эса Германия ва Италия – АҚШга, шу куни АҚШ фашистлар Германияси ва Италияга қарши уруш эълон қилди.

1941-йил охири – 1942-йил бошида Япония Малайзия, Индонезия, Филиппин, Бирмани босиб олиб, Австралияга тавдид сола бошлади. Шарқий фронтда эса Олмонфашист қўшинлари ёзги ҳужумлар натижасида Кавказ бўсағасига, Волга бўйига етиб келди.

1942-йил 1-январда Вашингтонда 26 давлат иштирокида фашизмга қарши курашувчи давлатларнинг ҳарбий иттифоқи тузилиб, Декларация қабул қилинди. 1942-йил 26-майда СССР ва Буюк Британия ўртасида фашистлар Германияси ва унинг Европадаги тарафдорларига қарши урушда иттифоқчи бўлиш ва урушдан кейин ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик қилиш ҳақида шартнома имзоланди. 1942-йил ёзига келиб антигитлерчи давлатлар сони янада ортди. 1-июнда Мексика Германия, Италия ва Японияга, 22-августда Бразилия Германия ва Италияга, 14-декабрда Эфиопия – Германия, Италия ва Японияга қарши уруш эълон қилди. Шарқда эса япон милитаристлари Голландия Ҳиндистонини (12-март), Филиппин оролларини (9-июн) қўлга киритди.

Совет қўшинлари урушнинг 2-даври (1942-йил ноябр – 1943-йил охири) да Сталинград жанги ва Курск жангилагм ғалабалари натижасида Германия қўшинлари қўмондонлиги стратегик ташаббусни бутунлай қўлдан чиқарди. СССРда ва бошқа ҳудудларда қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1943-йил 13-январда Гитлер урушда ташаббусни яна қўлга олиш мақсадида оммавий сафарбарлик эълон қилди, лекин шунга қарамасдан 1943-йил май ойига келиб Шимолий Африка (қаранг: Шимолий Африка компанияси), Англия-АҚШ қўшинлари томонидан озод қилинди. 1943-йил июл-август ойларида Англия-Америка десант қўшинлари Сицилия оролга туширилди. 1943-йил 25-июлда Италияда Муссолини осиб ўлдиридди ва фашистлар режими тугатилди. 3-сентябрда Италия сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди.

1943-йилга келиб фашизмга қарши бўлган кучлар тобора кучайиб борди. 1943-йил 3-июнда Жазоирда Франсия миллий озодлик қўмитаси тузилди. 12-13-июлда Германияда Озод Германия миллий қўмитаси ташкил қилинди. Август- сентябр ойларида Болгария ватанпарварлари фронтининг миллий қўмитаси юзага келди. 1943-йил сентябр-октябр ойларида партизанлар билан Курашаётган Франсия ҳаракати қисмлари ҳамкорлигида Корсика орол озод этилди. 1943-йил 16-январда Ироқ, 7-апрелда Боливия Германия, Италия ва Японияга қарши урушга кирди. 1943-йил 13-октябрда Италия ўзининг собиқ иттифоқчиси Германияга қарши уруш эълон қилди. СССР, Англия ва АҚШ ҳукуматлари Италияни „биргаликда урушаётган мамлакат“ деб тан олди. 1943-йил 27-ноябрда Колумбия Германияга қарши урушга қўшилди. СССР, АҚШ ва Англия ҳукумат бошлиқлари Теҳрон конференсиясияда Англия – Америка қўшинларини Шимолий Франсияга тушириш йўли билан Европада иккинчи фронтни очиш ғоятда муҳим эканлигини тан олишди.

Фашизмга қарши урушнинг 3-даври (1944-йил январ – 1945-йил май) бошларида совет қўшинлари СССР ҳудудининг деярли ҳаммасини озод қилди. Иттифоқчилар 1944-йил 6-июнга келибгина Франсияга ўз қўшинларини тушириб, Европада иккинчи фронтни очдилар ва сентябрда Франсия қаршилик кўрсатиш ҳаракати кучларининг фаол иштирокида Франсия ҳудудининг деярли ҳаммаси фашист босқинчиларидан озод қилинди. 1944-йил 27-мартда совет қўшинлари Руминия ҳудудига кириб борди. 13-мартда СССР, АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари Германия томонида туриб урушаётган Можаристон, Руминия, Болгария ва Финландияга урушни тўхтатиш ҳақида мурожаат қилди. Натижада бу мамлакатларда фашизмга қарши бўлган кучлар ҳаракати фаоллашди. 1944-йил майда Руминияда фашизмга қарши Бирлашган ишчилар фронти, Можаристонда эса Ватанпарвар кучлар фронти, (2-декабрдан Миллий мустақиллик фронти) юзага келди. 21-июлда Полшада Миллий озодлик қўмитаси ташкил бўлди.

1944-йил 25-июлда Гитлер мамлакатда „ўта оммавий сафарбарлик“ эълон қилди. Гитлернинг бу тадбири ҳам ёрдам бермади. У босиб олган мамлакатларда озодлик ҳаракатлари авж олди. 1944-йил 1 август-2-октябрда Варшавада, 19-25-августда Парижда, 23-августда Руминияда, 6- 10-сентябрда Болгарияда фашист босқинчиларига қарши қуролли қўзғолонлар бўлди. Натижада, жаҳон уруши майдонида кучлар нисбати тубдан ўзгарди. Германия иттифоқчилари ўртасида парокандалик бошланди. 1944-йил 26-январда Либерия, 24-августда Руминия, 15-сентябрда Финландия, 28-декабрда Можаристон, 1945-йил февралда Перу, Уругвай, Венесуэла, Туркия, Миср, Ливан, Сурия, Саудия Арабистони, Парагвай, Эквадор, Чили каби мамлакатлар, 27-мартда эса Аргентина фашистлар Германияси ва Японияга қарши уруш эълон қилдилар.

Совет қўшинлари 1944-йил ўрталарида Марказий ва Жануби-шарқий Европа мамлакатларини ватанпарвар кучлар ёрдамида озод қилишга киришди. Шу йили иттифоқчи қўшинлар Шимолий Италияни ва Ғарбий Германиянинг бир қатор раёнларини озод қилди. 1945-йил 4-11-февралда СССР, АҚШ ва Англия давлат раҳбарлари иштирокида бўлган Қрим (Ялта) конференсиясида, Германияни батамом тор-мор қилиш режалари, шунингдек, дунёнинг урушдан кейинги сиёсий тузилиши масалалари хусусида келишиб олинди.

Америка-Англия қуролли кучлари Тинч океанидаги Маршалл ва Мариана оролларини (1944), Филиппинни ва Япониянинг Окинава оролни (1945) эгаллади. 1945-йил 25-апрелда совет ва Америка қўшинлари Элбада учрашди. 3-майда Англия қўшинлари Бирма қаршилик ҳаракати кучлари билан ҳамкорликда пойтахт – Рангунни озод қилди.

1945-йил 2-майда Совет қўшинлари Берлинни ишғол қилди. А. Гитлер ўзини ўлдирди. 8-майда Берлин яқинидаги Карлсхорстда Германия олий қўмондонлиги вакиллари фашистлар Германиясининг Иккинчи жаҳон урушида сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатга имзо чекди. 9-майда совет қўшинлари, чех қаршилик ҳаракати кучлари иштирокида Чехословакиянинг пойтахти Прагани озод қилди.

СССР, АҚШ ва Англия ҳукуматлари бошликларининг Берлин конференсияси, асосан, Германия масаласи, унинг кейинги тақдири ва тараққиёт йўли, уни демилитаризациялаш ва демократиялаш масаласи кўрилди. Конференсияда СССР ҳукумати Японияга қарши иттифокчилар билан биргаликда урушга киришини яна бир бор таъкидлади. АҚШнинг ҳаво кучлари ҳарбий зарурият йўқлигига қарамай Япониянинг Хиросима (1945-йил 6-август) ва Нагасаки (9-август) шаҳарларига атом бомбалари ташлади. Бунинг натижасида ҳар икки шаҳар аҳолисидан 102 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 16 минг киши бедарак кетди, 61 минг киши ярадор ва 324 минг киши кучли радиация билан заҳарланди.

1945-йил 8-августда СССР олган мажбуриятига биноан Японияга уруш эълон қилди ва 9-августда унга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлади. СССР билан биргаликда, 10-августда Монголия Халқ Республикаси (МХР), 11-августда Хитой халқ озодлик армияси япон босқинчиларига қарши урушга киришди.

Манжуриядаги япон қўшинлари совет армияси томонидан тор-мор қилингач, Япония 1945-йил 2-сентябрда сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйди. Шу тариқа Иккинчи жаҳон урушига якун ясалди.

Нюрнберг суд жараёни (1945-йил 20-ноябр – 1946-йил 1-октябр)да нацист ҳарбий жиноятчилари устидан халқаро суд ўтказилиб, унда 20 киши: Г. Геринг (у ўзини ўлдирди), В. Кейтел, Э. Калтенбруннер, И. Риббентроп, Г. Гесс ва бошқа адолатли жазоланди. Фашистик ташкилотлар: Национал-социалистик партия (нацистлар), Гестапо, СС, СД, бутун инсониятга қарши қаратилган жиноятчи ташкилотлар деб эълон қилинди. Нюрнбергда бўлиб ўтган бу халқаро суд Иккинчи жаҳон урушига сўнгги нуқтани қўйди.

Иккинчи жаҳон уруши.га 72 давлат жалб этилди. Урушда иштирок қилган мамлакатларнинг 110 миллион аҳолиси унга сафарбар этилди. Ҳарбий қаракатлар 40 давлат ҳудудида бўлиб ўтди, барча ҳаражатлар 4 триллион долларни ташкил этди. Уруш давомида 62 миллион киши (шу жумладан 27 миллион СССР фуқароси) ҳалок бўлди.

1941-йил 22-июнда Германия СССРга ҳужум қилгач, СССР таркибида бўлган Ўзбекистон халқлари ҳам бу уруш гирдобига мажбуран тортилган эди. Ўша куни мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилди.

Гитлерчиларнинг Шарққа доир ҳарбий режаларида СССРни қисқа муддатли компания жараёнида мағлуб қилиш ва урушни 1941-йил кузида тамомлаш мўлжалланган эди. Яшин тезлигида бошланган уруш совет раҳбариятида саросимани юзага келтирди. 29-июндагина Халқ Комиссарлари Совети (ХКС) номидан жойларга кўрсатмалар юборидди. И. В. Сталин фақат 3-июлдагина халққа мурожаат билан чиқди.

1941-йил 30-июнда Давлат мудофаа қўмитаси (ДМҚ) тузилди. Унинг раиси И. В. Сталин 8-августда СССР Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони лавозимини эгаллади. Урушнинг дастлабки кунлари мамлакатнинг барча иқтисодиймаънавий кучларини зудлик билан мудофаа манфаатларига бўйсундириш, халқ хўжалигини тўлиқ ҳарбий изга солиш лозимлиги хусусида қарорлар, кўрсатмалар қабул қилинди.

Уруш даврининг мусибатларини ўз бошидан кечирган кишиларнинг хотираларидан маълум бўлишича, одамлар ўша вақтда совет режимини ҳимоя қилиш зарурияти ҳақида кам ўйлар эдилар. Халқнинг аксарият қисми мустабид тузумни қоралар эди. Чунки, халқнинг хотирасидан ҳали Туркистон Мухториятиниж қонга беланганлиги, истиқлолчилик ҳаракатининг зўравонлик билан бостирилиши, диний эътиқод учун таъқиб қилишлар эсдан чиқмаганди. Жамоалаштиришнинг сталинча зўравонлик билан амалга оширилиши натижасида юз берган жиноятлар хотирадан кўтарилмаган эди. Мустабид тузумнинг оммавий қатағонларидан қолган яралар ҳали битмаган эди. Бироқ, ўзбек халқининг фашизмга бўлган нафрати мустабид тузум етказган ғам-аламни орқа ўринга суриб қўйди ва у душманга қарши отланди. Шунингдек, мустабид тузумнинг „мафкура машинаси“ ҳам бенуқсон ишлади – у СССР таркибидаги барча мустамлака халқларни фашизмга қарши курашга сафарбар қила олди. Ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштирокининг ахлоқий-маънавий жиҳатдан асоси шундаки, бу урушда ўзбек халқи фашизмдан фақат СССРнигина эмас, энг аввало, Ўзбекистонни ҳимоя қилишни, уни яна бир босқинчидан сақлаб қолишни мақсад қилиб қўйган эди.

Совет-олмон уруши бошланғич даврининг энг мураккаб вазифаларидан бири иқтисодиётни ҳарбий изга солиш эди. Бу масъулиятли вазифани СССРнинг қарийб 40 % аҳолиси истиқомат қиладиган, кўмирнинг 63 % қазиб олинадиган, пўлатнинг 50 % ишлаб чиқариладиган, доннинг 38 % етиштириладиган, айниқса, кўпгина мудофаа корхоналари жойлашган ҳудудни фашистлар босиб олган бир пайтда ҳал қилиш керак эди. Фронт яқинидаги ҳудудлардан мамлакат ичкарисига кўчирилаётган аҳоли, саноат корхоналари, ўқув-юртлари ва бошқанинг кўпчилиги Ўзбекистонга юборилди. Чунончи, Ўрта Осиё ва Қозоғистонга эвакуация қилинган 308 саноат корхонасининг 104 таси („Лентекстилмаш“, „Росцелмаш“, „Красний Аксай“, Москвадаги „Электрокабел“ ва „Подъемник“, Чкалов номидаги авиация заводи, „Красний пут“, Киев „Транссигнал“ заводлари, Сталинград кимё комбинати ва б.), 30 дан ортиқ ҳарбий госпитал, ҳарбий артиллерия (тўпчи) академия, бир неча ҳарбий билим юртлари кўчиб келди.

Россия ҳудудидан турли миллатга мансуб 200 га яқин ёзувчи ва шоирлар (мас, А. Ахматова, А. Толстой, В. Ян, М. Шагинян ва б.) Тошкентга кўчиб келиб, шу ерда ижод қилдилар. Россия, Украина ва Белоруссиянинг фашистлар босиб олган ҳудудларидан 1 миллиондан ортиқ киши, жумладан 200 минг бола Ўзбекистонга эвакуация қилиниб, уларга 135 минг кв.м ҳажмда уй-жой ажратиб берилди. Кўпгина ўзбек оилалари иккита ва ундан ортиқ етим болаларни ўз тарбияларига (жумладан, Ш. Шомаҳмудовлар оиласи – 14, Ҳ. Самадовлар оиласи – 12, М. Жўраева ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 тадан болаларни ўз тарбияларига олдилар. 1943-йил охирига келиб шаҳарларда 4672 бола, қишлоқларда эса 870 бола ўзбек оилалари томонидан тарбияга олиниб, уларга хақиқий инсонпарварлик ва меҳр-шафқат намунаси кўрсатилди. Ўша давр билан ҳозирги вақтни солиштирганда одамлар анча меҳрибон, уруш бўлишига қарамасдан, озиқ-овқатлар танқислиги муаммоси бор даврда одамлар етим бошини силашган ва ўз уйидан тўридан жой берган. Уйда бир дона кроват бўлса ўшанда асраб олинган бола ётган, қолганлар ерда ётган.

Ўзбекистонга кўчириб келтирилган саноат корхоналари ниҳоятда қисқа муддатда ишга туширилди. 1941-йил декабрда эвакуация қилинган корхоналарнинг қарийб 50 таси, 1942-йил 1-январда эса барчаси қайта қурилиб тўла қувват билан маҳсулот бера бошлади. Бу ҳарбий корхоналарни ишга туширишга шаҳарликлардан ташқари қарийб 500 минг колхозчи деҳқонлар жалб қилинди. Корхоналарни ҳарбий изга ўтказиш ҳарбий коммунистик усулда амалга оширилди: 1941-йил 26-июндан бошлаб мамлакатда ишчилар ва хизматчилар учун ишдан ташқари вақтда мажбурий ишлаб бериш, катта ёшдагилар учун хафтада 6 кунлик иш жорий этилди, иш вақти 11 соатгача узайтирилди, таътилга чиқиш бекор қилинди. Идора хизматчилари, уй бекалари, ўқувчилар ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Агар 1940-йилда саноат ишчилари орасида хотин-қизлар салмоғи 34 %ни ташкил қилган бўлса, 1942-йилда бу кўрсаткич 63,5 % га етди. Меҳнат интизомини бузганлар учун жазо чоралари кескин қўйилди. Корхоналардан ўзбошимчалик билан кетиб қолганлар 5 йилдан 8 йилгача муддатга қамоққа ҳукм қилинди. 1941-йил декабрда Ўзбекистон саноат корхоналаридан 230 таси (биргина Тошкентда 63 корхона) ҳарбий изга кўчирилиб, фронт учун қурол-яроғ ишлаб чиқаришга киришди.

Ўзбекистонда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноатнинг ўсиши ва ривожланиши билан бирга хом ашё ва ёқилғи-энергетика базасини кенгайтириш вазифаси ҳам кескин бўлиб турди. Айниқса, рангли металларга, нефт ва кўмирга бўлган эҳтиёж кучайди. 1942-йилда Лангар молибден кони заминида молибден фабрикаси барпо этилди. Қўйтош ва Қоратепа рангли металлар конининг қуввати кескин оширилди. Олмалиқда мис ва б. рангли металларнинг бой конлари топилди. Ангрен кўмир кони республиканинг биринчи кўмир марказига айланди. 1942-йил бошларида л-Оқтепа ва З-Оққовоқ ГЕСлари, шунингдек, Фарҳод ГЕС умумхалқ ҳашари билан бунёд этилиши республикада фронт эҳтиёжлари учун ишлаётган саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлашда муҳим рол ўйнади.

Ўзбекистонда уруш йилларида 280 та янги корхона барпо этилди. Республиканинг саноат потенсиали 1945-йилга келиб 1940-йилдагига нисбатан деярли 2 баробар кўпайди, нефт қазиб олиш 4 баробардан зиёд, металл ишлаш тармоқлари маҳсулотлари 4,8 баробар, машинасозлик маҳсулотлари 13,4 баробар, кўмир қазиб чиқариш 30 баробардан кўпроқ, пўлат ва прокат эритиш 2 баробар, электр энергияси ишлаб чиқариш 2,42 марта ортди. Бунинг натижасида Ўзбекистон уруш йилларида фронт учун 2100 та самолёт, 17342 та авиамотор, 2318 минг дона авиабомба, 17100 таминомёт, 4500 бирликдан иборат миналарни йўқ қилувчи қурол, 60 мингга яқин ҳарбий-кимёвий аппаратура, 22 миллион дона мина ва 560 минг дона снаряд, 1 миллион дона граната, дала радиостансиялари учун 3 миллион радио лампа, 330 мингга парашут, 18 та ҳарбий-санитария ва ҳаммом кир ювиш поезди, 2200 та Кўчма ошхона ва кўпгина ҳарбий анжомлар етказиб бериш имконига эга бўлди. Республика енгил саноат комиссарлиги корхоналари 1941—1945-йиллар мобайнида жангчилар учун 7518,8 мингта гимнастёрка, 2636,7 мингта пахтали нимча, 2861,5 мингта армия этиги тайёрлаб берди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши қўлга қурол олиб жанг қилган ўзбекистонлик жангчиларнинг умумий таркибидан 263000 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 132670 киши бедарак йўқолди, 60452 ватандошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтди. Шунингдек, ун минглаб ўзбекистонлик жангчилар асирликда бўлди. Мустабид тузум улар билан „очиқчасига“ гаплашди. Демак, фронтга сафарбар қилинганларнинг хар учтасидан биттаси уйига қайтмади. Умуман, СССР бўйича уруш даврида фашистлар қўлида 6,2 миллион киши асирликда бўлган. Уруш охирига келиб улардан 4 миллион киши ҳалок бўлган. Омон қолган асрлар сони 1 миллиондан сал кўпроқ эди. Улардан 60 % дан кўпроғи ГУЛАГ қамоқхоналарига ташланди. Айбсиз сургун қилиниб, совет конслагерларига жўнатилган ёки отиб ташланганлар орасида Ўзбекистонликлар ҳам оз эмасди. тахминан ҳисобларга қараганда, ўзбекистонлик ҳарбий асирлардан 15 мингдан ортиғи совет конслагерларига юборилган. Иккинчи жаҳон урушидаги бу ғалаба миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг, жумладан, Ўзбекистон халқининг қони, ҳаддан зиёд машаққатли меҳнати ва унинг буюк инсонпарварлиги туфайли қўлга киритилди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, 35 жилдли Хотира китоби тайёрланиб, нашр қилинди. Тошкентдаги Мустақиллик майдони хиёбонида махсус мажмуа қурилди (2000). 9-май – куни юртимизда Хотира ва Қадрлаш куни сифатида ҳар йили нишонланадиган бўлди[6]. Буни ғалаба куни сифатида нишонлаш нотўгри бўлади. Чунки бу бу урушда жуда кўп қурбон берилган ва қон билан ютилган.

Қатнашчилар

[edit | edit source]

Иккинчи жаҳон урушида 61 та давлат қатнашган (47 таси аксиҳитлер иттифоқининг тарафида ва 14 таси Ўқ мамлакатлари тарафида). Улардан айримлари фаол ҳарбий ҳаракатларни олиб боришарди, бошқалари ўз иттифоқдошларига озиқ-овқат етказиб берарди, кўпчилик эса урушда фақат номинал ҳолда иштирок иштирок этардилар.

Аксиҳитлер иттифоқига қуйидагилар кирардилар: СССР (1941-йилдан), АҚШ (1941-йил, 7-декабрдан), Буюк Британия, Франсия, Хитой, Полша, Австралия, Канада, Югославия, Нидерландлар, Норвегия, Янги Зеландия, Жанубий Африка Иттифоқи, Чехословакия, Белгия, Юнонистон, Эфиопия, Дания, Бразилия, Мексика, Мўғулистон, Луксембург, Непал, Панама, Аргентина, Чили, Куба, Перу, Гватемала, Колумбия, Коста Рика, Доминика Республикаси, Албания, Гондурас, Салвадор, Гаити, Парагвай, Эквадор, Сан Марино, Туркия, Уругвай, Венесуэла, Ливан, Саудия Арабистони, Никарагуа, Либерия, Боливия. Уруш даврида уларга фашист блокидан чиққан бир неча давлат қўшилди: Эрон (1941-йилдан), Ироқ (1943-йилдан), Италия (1943-йилдан), Руминия (1944-йилдан), Болгария (1944-йилдан), Можаристон (1945-йили), Финландия (1945-йили).

Бошқа тарафдан урушда Ўқ давлатлари: Германия, Италия (1943-йилгача), Япония, Финландия (1944-йилгача), Болгария (1944-йилгача), Руминия (1944-йилгача), Можаристон (1945-йилгача), Словакия, Таиланд (Сиам), Ироқ (1941-йилгача), Манчжоу-Го, Хорватия, Сербия. Босиб олинган мамлакатлар ҳудудида фашист иттифоқига қўшилган марионеткавий давлатлар яратилар эди: Виши Франсияси, Сало республикаси, Албания, Черногория, Ички Мўғулистон, Бирма, Филлипинлар, Ветнам, Камбоджа, Лаос. Шунингдек, Германия ва Япония тарафида қаршилик кўрсатаётган тарафнинг фуқароларидан яратилган кўпгина коллаборацион қўшинлар жанг қиларди: РОА, РОНА, ССнинг хорижий дивизиялари (рус, украин, эстон, латиш, дат, белгиялик, франсуз, албан), "Озод Ҳиндистон". Шунингдек, Ўқ давлатлари қуролли кучлари таркибида расман нейтрал қолаётган давлатларнинг ихтиёрий кучлари бор эди: Испания (Ҳаворанг дивизия), Швеция ва Португалия.

Ҳудудлар

[edit | edit source]

Барча ҳарбий ҳаракатларни 5та ҳарбий ҳаракатлар театрига бўлиш мумкин.

Урушнинг биринчи даври (сентябр 1939-июн 1941)

[edit | edit source]

Полшага бостириб кирилиши

[edit | edit source]
Глайвицдаги радиостансия
Бромберг вайронаси

1939-йил, 23-май куни Ҳитлер кабинетида юқори лавозимли офицерлар иштирокида мажлис бўлиб ўтади. Бунда Полша муаммоси Ғарб билан зиддиятга айланиши мумкинлиги қайд этилади. Германия ташқи сиёсатининг биринчи вазифаси сифатида Шарққа қараб ўз ҳукмронлик доирасини ёйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишни кафолатлаш ва Шарқ томонидан таҳдидни бартараф этиш қўйилади. Полша қулай вазият туғилиши билан босиб олиниши шарт бўлади.

31-август куни Германия матбуоти „… пайшанба куни соат таҳминан 20 ларда Глайвицдаги радиостансия биноси поляклар билан босиб олинди.“ дея хабар беради.
1-сентябр соат 4:45 да Дансигга дўстлик ташрифи билан буюрган „Шлезвиг-Голштейн“ немис ўқув кемаси Вестерпляттдаги Полша ҳарбий тузилмаларига қарата ўқ очади. Икки жаҳон уруши бошланади[7].

1-сентябр куни ҳарбийлар формасини кийган Ҳитлер Рейхстагда нутқ сўзлади. Полшага бўлган босқинни оқлаш учун Ҳитлер Глайвицдаги можарони сабаб қилади. Бунда у Полшага иттифоқдош бўлган Англия ва Франсияга билан тўқнашувга учрамаслик учун иложи борича „уруш“ атамасини ишлатмасликка уринади. У чиқарган буйруқда фақатгина Полша зўравонлигига нисбатан кўрилган „фаол ҳимоя“ ҳақида ёзилган эди.
Шу куннинг ўзида Англия ва Франсия уруш эълон қилиш таҳдиди остида немис қўшинларининг Полша ҳудудидан зудлик билан чиқарилишини талаб қиладилар. Фашист Муссолини поляк муаммосини тинчлик билан ҳал этиш учун конференсия чақиришни таклиф қилади. Лекин Ҳитлер буни рад этади.[8].

1-сентябр куни Совет Иттифоқида умумбашар ҳарбий чақириқ эълон қилинди. Бунда чақириқ ёши 21 дан 19 ёшгача, айрим туркумлар учун эса 18 ёшгача туширилади. Ушбу қонун чиқарилиши билан кучга киради. Қисқа муддат ичида армиянинг сон жиҳатдан таркиби 5 миллион кишига етади, бу умумий аҳоли сонининг 3 % ини ташкил этади.

1939-йил 1-сентябрда Германия қуролли кучлари Полшага бостириб кирадилар. Жангда Германия тарафида яна Словакия қўшинлари ҳам иштирок этади.

3-сентябр соат 9 да Англия, соат 12:20 да эса Франсия ҳамда Австралия ва Янги Зеландия Германияга қарши уруш эълон қиладилар. Бир неча кун ичида улар қаторига Канада, Нюфаундленд, Жанубий Африка Иттифоқи ва Непал қўшилади. Иккинчи жаҳон уруши шу тариқа бошланади.

3-сентябр куни Версал шартномасига кўра Полша таркибига ўтган Шарқий Пруссия шаҳри Бромбергда ушбу уруш тарихидаги миллат кўрсаткичи бўйича энг дастлабки оммавий қирғин бошланади. Аҳолининг 3/4 қисми немислардан иборат бўлган шаҳарда 1100 киши поляклар томонидан қирғин қилинади. Бу можаро ушбу ой ичида давом этган вайронагаларчиликлардан энг сўнггиси эди[9].

Немис қўшинларининг ҳужуми режа асосида бораётган эди. Полша кучлари немис танклари ва луфтваффесига нисбатан жуда кучсиз эди.

5-сентябр куни АҚШ ва Япония Европа урушида ўзининг бетараф эканлигини эълон қиладилар[10].

Ғарбий фронтда иттифоқдош инглиз-франсуз қўшинлари ҳеч қандай фаол ҳаракат олиб бормайдилар (Г'алати уруш мақоласини қаранг). Денгизда эса уруш жадал тус олади: 3-сентябрни ўзидаёқ немис У-30 сувости кемаси ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз инглиз йўловчи лайнери "Атения"га ҳужум қилади.

Полшада жангларнинг биринчи ҳафтасида немис қўшинлари бир неча жойдан поляклар фронтини кесиб ўтиб, Мазовиянинг бир қисмини, ғарбий Пруссияни, Юқори-Силез саноат туманини ҳамда ғарбий Галицияни эгаллайдилар. 9-сентябрга келиб немислар бутун фронт бўйлаб Полша қаршилигини енгадилар ва Варшавага етадилар.

10-сентябрда поляк бош қўмондони Эдwард Рйдз-Śмигłй жануби-шарқий Полша томон ортга чекиниш ҳақида қарор беради, аммо унинг қўшинларининг асосий қисми Висла ортига ўтишга улгурмай, ҳарбий ўрамага тушади. Сентабр ўрталарига келиб, ғарбдан мадад олмагани сабабли, Полша қуролли кучлари ягона бирлик сифатида мавжудлигини тўхтатадилар; фақатгина жойлардаги қаши куч марказлари сақланиб қолади.

16-сентябрда Полшанинг СССРдаги элчисига Поляк давлати энди мавжуд эмаслиги сабабли, Совет Иттифоқи Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссия аҳолисини ҳимояси остига олиши кераклиги ҳақида айтилади.

17-сентябрда Ҳитлер билан келиштириб олинган режага асосан эрталаб соат 6 да совет қўшинлари икки ҳарбий гуруҳ таркибида давлат чегарасини кесиб ўтадилар. Вилно, Гродно ва Белостокка ҳужум қилаётган белорус фронтини генерал Ковалёв бошқаради. Украина фронтини эса Лемберг (Лвов)га бостириб кираётган маршал Тимошенко бошқарар эди. Ўша куннинг кечаси Полша ҳукумати ва бош қўмондонлик Руминияга кўчиб ўтади.

Совет ҳукумати: „Полшанинг шарқий туманларида яшовчи украин ва белорус халқини немис агрессиясидан ҳимоя қилиш учун қўшинлар юбориши“, – ҳақида эълон қилади. 19-сентябр куни Қизил Армия Вилнони, 20-сентябрда Гродно ва Лвовни эгаллайди, 23-сентябрда Буг дарёсига етиб боради.

СССРнинг бостириб киришидан олдин, Гудерианнинг 19-танк корпуси (Германия) Шарқий Пруссия тарафидан келиб, Брестни ишғол қилади. Генерал Плисовский бошчилигидаги поляк қуролли кучлари яна бир неча кун давомида Брест қал'асини ҳимоя қиладилар. 17-сентябрга ўтар кечаси унинг ҳимоячилари келишилган равишда фортларни тарк этиб, Буг дарёси ортига ўтадилар.

28-сентябр куни немислар Варшавани, 30-сентябрда Модлинни, 2-октябрда Хелни эгаллайдилар. 6-октябр куни Полша армиясининг сўнгги кучлари капитуляция қилади. Аввалги Полша ҳудудида немис ва совет қуролли кучлари ўртасида чегара чизиғи аниқланилади.

Ғарбий Полша ерларининг бир қисми Учинчи рейх таркибига ўтади. Бу ерлар „олмонлаштириш“га учраши керак бўлади. Поляклар ва яҳудийлар Полшанинг марказий туманларига сургун қилинадилар. Қолган ҳудудларда генерал-губернаторлик ташкил этилиб, у ерда поляк халқига нисбатан оммавий қирғинлар ўтказилади. Геттога йиғилган яҳудийлар оғир ҳолатга тушади.

СССРга ўтган ҳудудлар Украина ССРи, Белоруссия ССРи ва Литва таркибига киритилади. Бу ерда совет ҳукумати ўрнатилиб, социалистик ўзгартиришлар амалга оширилади (саноатнинг миллийлаштирилиши, жамоавий деҳқончилик), собиқ „ҳукмрон синфи“ – буржуазия вакиллари, помешчиклар, бадавлат деҳқонлар, айрим зиёлилар сургун қилиниб, репрессияларга учрайди.

1939-йил 6-октябрда Ҳитлер келишмовчиликларни баратараф этиш мақсадида барча йирик мамлакатлар иштирокида тинчлик конференсиясини ўтказиш таклифи билан чиқади. Франсия ва Буюк Британия немислар зудлик билан ўз аскарларини Полша ва Чехиядан чиқариб, мустақиллигини қайтаришсагина бу конференсияда иштирок этиш учун розилик бериши ҳақида айтадилар. Германия бу талабларни рад қилади ва оқибатда тинчлик конференсияси амалга ошмайди. Немис қўмондончилиги Ғарбга қараб юришга тайёрлана бошлайди.

Атлантика учун кураш

[edit | edit source]
Ла-Плата кўрфазида чўкаётган "Адмирал Граф Спеэ" линкори ёнмоқда.

Тинчлик конференсиясида қатнашишдан бош тортган Буюк Британия ва Франсия 1939-йил сентябридан то 1940-йилнинг апрелигача пассив урушни қўллаб, ҳеч қандай ҳужум ҳаракатларини амалга оширмайдилар. Фаол жанглар фақатгина денгизда бўлиб ўтади. Урушгача бўлган пайтда немис қўмондонлиги Атлантика океанига 2 та зирҳли катта ҳарбий кема ва 18 та сувости кемаларини юборади. Уруш бошланганидан сўнг ушбу кемалар Буюк Британия ва унга иттифоқдош бўлган давлатларнинг савдо кемаларига ҳужум қила бошлайдилар. 1939-йилнинг сентябридан декабргача бўлган давр ичида Буюк Британия немис сувости кемаларининг зарбалари натижасида 114 та кемадан, 1940-йили эса 471 та кемадан айрилади, немисларнинг эса 1939-йилдаги йўқотишлари атиги 9 сувости кемасини ташкил этади. Буюк Британиянинг денгиздаги алоқаларига бўлган зарбалар 1941-йилнинг ёзига келиб британ савдо флотининг 1/3 қисмини йўқотилишига олиб келади ва мамлакат иқтисодиёти учун жиддй хавф туғдиради.

Совет-фин уруши

[edit | edit source]
СССР эгаллаган ҳудудлар

1938—1939-йиллардаги совет-фин музокаралари давомида СССР Карелия бо'йинининг бир қисмига икки баравар ҳажмли ҳудудни беришни ҳамда бир қанча ороллар ва Ханко (Гангут) яриморолини ҳарбий база сифатида ижарага беришни таклиф қилади. Финландия ўз ҳудудини бой беришни ва ҳарбий мажбуриятлар олишни истамай, савдо-сотиқ бўйича келишувни имзолаш ва Аланд оролларининг ремилитаризацияси таклифини беради.

Буюк Британия, Франсия ва АҚСҲ давлатларининг босими туфайли ушбу музокаралар тўхтайди ва 1939-йилнинг 30-ноябрида СССР Финландияга бостириб киради. 1939-йил 14-декабрда СССР уруш бошлагани сабабли Миллатлар лигасидан четлаштирилади. СССРни Миллатлар лигаси сафидан четлаштириш давомида Лигага кирган 52 давлатдан 12 таси ушбу конференсияга ўз вакилларини умуман юбормайдилар, 11 таси эса СССР четлаштирилишига қарши чиқадилар. Айтиб ўтилган 11 та давлат ичида – Швеция, Норвегия ва Дания давлатлари ҳам бўлган.

Декабрдан то феврал ойигача совет қўшинлари Маннерҳеим чизиг'ини ёриб ўтишга ҳаракат қиладилар, лекин муваффақиятга эриша олмайдилар. Маннерҳеим чизиғида Финландия пиёда аскарларининг 15 дивизиясига қарши совет мерган аскарларининг 15 дивизияси тўқнашадилар.

Буюк Британия ва Франсия Скандинавия яриморолига десант туширишга қарор қиладилар. Бу қарор билан улар шведларнинг темир руда конини Германия эгаллашига йўл қўймасликни ҳамда Финландия ҳимояси учун аскарлар юбориш йўлини кўзлайдилар. Аммо, Швеция ва Норвегия бетарафликни сақлаб қолиш мақсадида ўз ҳудудида инглиз ва франсуз аскарларини қабул қилишга рози бўлмайдилар. 1940-йилнинг 16-февралида Британия эсминецлари Норвегиянинг сувдаги ҳудудларида „Алтмарк“ номли немис кемасига ҳужум қиладилар. 1-март куни Скандинавия давлатларининг бетарафлигида манфаатдор бўлган Ҳитлер Дания ва Норвегияни босиб олиш (Wесерüбунг операцияси) ҳақидаги кўрсатмани имзолайди.

1940-йил март ойининг бошида совет қўшинлари Маннерҳеим чизиғини ёришга муваффақ бўлиб, Виборг шаҳрини эгаллайдилар. 1940-йил 13-мартда Москвада Финландия ва СССР ўртасида тинчлик ҳақидаги келишув имзоланади. Бу келишувга мувофиқ СССРнинг барча талаблари қондирилади: Карелия бўйинидаги чегара шимоли-ғарбий томон 150 км га сурилади ва Фин бўғозидаги бир нечта ороллар СССР тасарруфига ўтади. Финландия Иккинчи жаҳон урушида ўз бетарафлигини сақлайди[11].

Урушнинг тугатилишига қарамай инглиз-франсуз қўмондонлиги Норвегияда ҳарбий операция режасини ишлаб чиқишда давом этади, аммо немислар улардан илгарилаб кетадилар.

Совет-фин уруши мобайнида финлар тарафидан Молотов аралашмаси кашф этилади.

Европа блицкриги

[edit | edit source]
Норвегия қирғоғи яқинида денгиздаги жанг. 10-апрел 1940

1940-йил 9-апрелда Германия Дания ва Норвегияга бостириб киради.

Немислар денгиз ва ҳаводаги кучлари воситасида Даниянинг энг муҳим шаҳарларини ҳеч қандай қаршиликларсиз эгаллайдилар ва бир неча соат давомида бутун дат авиациясини йўқ қиладилар. Тинч аҳолини бомбардимон қилиш таҳдиди остида Дания қироли Чристиан Х таслим бўлади ва армиясини ортга суради.

Норвегияда немислар 9-10-апрел кунлари Осло, Тронхейм, Берген, Нарвик каби энг асосий портларини эгаллайдилар. 14-апрелда инглиз-франсуз десанти Нарвик шаҳри остида, 16-апрелда Намсусда, 17-апрелда Ондалснесда туширилади. 19-апрелда иттифоқдошлар армияси Тронхейм томон юради, аммо муваффаққияцизликка учраб, май ойининг бошларида марказий Норвегиядан ортга чекинишга мажбур бўладилар. Июн бошларидаги Нарвик учун қатор жанглардан сўнг улар шимолдан ҳам чекинадилар. 1940-йилнинг 10-июнида Норвегия армиясининг сўнгги кучлари таслим бўлади. Энди мамлакат немис оккупацион бошчилиги (рейхскомиссариат) қўли остига ўтади; бу вақтда Дания немис протекторчилиги этиб эълон қилиниб, қисман мустақиллигини сақлаб қолади.

Германия билан бир пайт ўзида Данияга британ ва америка қўшинлари ҳужум қилади ва унинг денгизорти ҳудудлари – Фарер ороллари, Исландия, Гренландияни босиб оладилар.

Немисларнинг бомбардимонидан сўнг Роттердам маркази.

1940-йилнинг 10-майида Германия 135 та дивизия кучи билан Белгия, Нидерландлар ва Луксембургга бостириб киради. иттифоқдош армияларнинг 1-гуруҳи Белгия ҳудуди томон йўл олади, аммо голландларга ёрдам беришга улгурмайди, чунки немисларнинг "Б" гуруҳ армиялари жанубий Голландияга кескин ташланади ва 12-майнинг ўзида Роттердамни эгаллайди. 15-майда Нидерландлар ўз капитуляцияси ҳақида эълон қилади.

10-май куни немис десантчилари Белгияда Алберта канали устидаги кўприкларни эгаллайдилар, бу немис танк кучларига Белгия текислиги томон ўтишга имкон беради. 17-майда Бруссел таслим бўлади.

Аммо, энг катта зарбани "А" гуруҳ армиялари беради. Гудерианнинг учта танк дивизияси 10-майда Луксембургни эгаллаб, жанубий Арденларни кесиб ўтади ва 14-май куни Маас дарёсидан ўтадилар. Шу пайтнинг ўзида Ҳерманн Ҳотҳнинг танкли корпуси шимолий Арденлардан ўтади ва 13-майда Маас дарёсига етиб келади. Немис танклар армадаси ғарбга қараб йўл олади. Франсузларнинг кечиккан ҳужуми уларга қарши чиқа олмайди. 16-майда Гудерианнинг қўшинлари Уазага етиб боради; 20-майда улар Па-де-Кале соҳилига чиқадилар ва иттифоқдош армиялар томон шимолга буриладилар. 28 та инглиз-франсуз-белгиялик дивизия немисларнинг қуршови остида қолади.

21-23-майда франсуз қўмондонлигининг Аррас ёнида контрзарба бериш уриниши муваффақиятли бўлиши мумкин эди, аммо Гудериан бутун бир танк баталёни ҳаёти эвазига бу ҳаракатни тўхтата олади. 22-май куни Гудериан иттифоқдошларнинг Булонга, 23-майда Калега қайтиш йўлини беркитади ва Дункеркдан 10 км узоқликда бўлган Гравлинга чиқади, аммо 24-май куни у Ҳитлернинг шахсий буйруғига кўра икки кунга ўз юришини тўхтатади. Ушбу тўхтам иттифоқдошларга Дункерк ҳимоясини кучайтиришга ва ўз кучларини денгиз орқали эвакуация қилиш бўйича "Динамо" операциясини бошлашга имкон беради. 26-майда немис қўшинлари Ғарбий Фландриядаги Белгия фронтини ёрадилар ва 28-май куни Белгия иттифоқдошларнинг талабларига қарамай капитуляцияга учрашга мажбур бўлади. Ўша куниёқ Лилл туманида немислар катта франсуз гуруҳини ўраб оладилар ва 31-майда бу гуруҳ таслим бўлади. Франсуз қўшинларининг бир қисми (114 минг киши) ва инглизларнинг деярли бутун армияси (224 минг киши) Дункерк орқали британ кемаларида олиб чиқилади. Немислар инглиз ва франсузлар ортга қайтишда ташлаб кетган артиллерия, бронетехника, транспорт воситаларини эгаллайдилар. Дункеркдан сўнг Буюк Британия армиясини сақлаб қолганига қарамай, деярли қуролсиз бўлиб қолади.

5-июнда немис қўшинлар Лан – Абвил ҳудудида босим ўтказа бошлайдилар. Франсуз қўмондонлигининг ҳимоядаги ҳаракатлари зое кетади. Франсузлар кетма-кет жангларда мағлуб бўладилар. Франсуз ҳимоя чизиғи парчаланиб кетади ва қўмондонлик ўз қўшинларини жанубга қарата тезда олиб кетади.

10-июнда Италия Буюк Британия ва Франсияга қарши уруш эълон қилади. Италян қўшинлари Франсиянинг жанубий туманларига бостириб киради, аммо узоқроққа сурила олмайди. Ўша куниёқ Франсия ҳокимияти Париждан эвакуация қилинади. 11-июнда немислар Шато-Терри олдида Марна дарёсидан ўтадилар. 14-июнда ҳеч қандай курашсиз Парижга кирадилар, икки кундан сўнг эса Рона водийсига чиқадилар. 16-июнда маршал Пéтаин Франсиянинг янги ҳокимиятини ташкил қилиб, 17-июнда Германияга сулҳ тузиш илтимоси билан чиқади. 18-июнда Лондонга қочган франсуз генерали Чарлес де Гаулле франсузларни курашда давом этишларига чақиради. 21-июнда немислар эндиликда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Нант – Тур ҳудудидаги Луарага етадилар, ўша куниёқ уларнинг танклари Лионни эгаллайди.

22-июнда 1918-йили Германия ўз капитуляцияси ҳақида эълон қилган худди ўша вагонда франсуз-немис сулҳи тузилади. Бунга кўра Франсия ўз ҳудудининг асосий қисмини оккупациясига, ердаги армиясининг демобилизациясига ҳамда ҳарбий-денгиз флоти ва авиациясининг интернирланишига рози бўлади. Мамлакатнинг эркин қисмида 10-июлда бўлиб ўтган давлат тўнтарилиши натижасида Пéтаиннинг авторитар тартиби (Вичй тартиби) ўрнатилади. Бу режим Германия билан яқин ҳамкорлик қилишга қаратилган эди (қаранг коллаборационизм). Франсиянинг ҳарбий жиҳатдан заифлигига қарамай, бу мамлакатнинг мағлубияти кутилмаган эди ва ҳеч қандай рационал тушунчаларга тўгри келмаган.

Вичй қўшинларининг бош қўмондони Франçоис Дарлан бутун франсуз флотининг Франсуз Шимолий Африкасининг соҳиллари ёнига олиб кетилиши ҳақида буйруқ беради. Франсуз флоти Германия ва Италия назорати остига ўтишидан ҳайиқиб, британ ҳарбий-денгиз кучлари ва авиацияси 1940-йилнинг 3-июлида Мерс-эл-Кебирда франсуз кемаларига қарата зарба беришади. Июлнинг охирларига келиб британияликлар бутун франсуз флотини йўқ қиладилар ёки нейтраллайдилар.

Прибалтика, Бессарабия ва Шимолий Буковинанинг СССРга қўшилиши

[edit | edit source]
Совет қўшинлари Ригага кирмоқда. 1940-йил, 17-июн

1939-йилнинг кузида Эстония, Латвия ва Литва СССР билан мажбуран қабул қилдирилган ўзаро ёрдам ҳақидаги келишувларни имзолашади. Бу келишувларга кўра, юқорида санаб ўтилдан давлатлар ҳудудида совет ҳарбий базалари жойлаштирилади.

Яна қаранг

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. http://www.soldat.ru/doc/casualties/book/chapter5_13_08.html
  2. http://www.soldat.ru/doc/casualties/book/chapter5_08.html
  3. http://www.soldat.ru/doc/casualties/book/chapter5_06.html
  4. http://ru.wikipedia.org/wiki/Польская_кампания#_ref-obobsch_1
  5. http://fr.wikipedia.org/wiki/Bataille_de_France
  6. Мусаллам Жўраев. ЎзМЕ. Тошкент, 2000-2005.
  7. ИИ.Wелткриэг /Документатион Дас ИИИ.Реич. Гüтерслоч :Моҳндруcк Грапҳисче Бетриэбе ГмбҲ,. 1989 ИСБН 3-88199-536-6
  8. Чристиан Зентнер/ CҲРОНИCК ЗWЕИТЕР WЕЛТКРИЭГ / Отус Верлаг АГ, Ст. Галлен, С. 20-22, 2007 ИСБН 978-3-907200-56-8
  9. Реинҳард Пöзорнй (Ҳг)Деуцчес Натионал-Лехиcон- ДСЗ-Верлаг ИСБН 3-925924-09-4
  10. Чроник дес Зwеитен Wелткриэг. МОҲН Медиа. Моҳндруcк ГмбҲ. Гüтерслоч.2004, ИСБН 3-577-14367-3
  11. [1] Финландия ва СССР ўртасида тинчлик ҳақидаги келишув, ИИИ банд, Москва, 12-март 1940

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Вторая мировая война. Краткая история, М., 1984;
  • Ўзбекистон Республикаси Хотира китоби – Книга памяти Республики Ўзбекистон [махсус жилд], Т., 1995;
  • Фашизм устидан қозонилган ғалабада Ўзбекистоннинг тарихий ҳиссаси. 1941 – 1945 [Илмийназарий конференсия материаллари], Т., 1996;
  • Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.