Jump to content

Мегҳалая

From Vikipediya

Мегҳалая — Ҳиндистоннинг шим.-шарқий қисмидаги штат. Майдони 22,4 минг км². Аҳолиси 2,3 млн. киши (2001); асосан, кхаси, гаро ва инглиз тилида сўзлашади. Маъмурий маркази — Шиллонг шаҳри.

Мегҳалая 1970-йилда Ассом штати ҳудудининг бир қисмидан мухтор штат сифатида тузилган. 1972-йил январдан Ҳиндистоннинг тенг ҳуқукли штати.

Релефи сертепа текислик ва паст тоғлик. Энг баланд жойи 1961 м. Иклими тропик, муссонли иқлим. Ёзи серёғин. Йиллик ёғин баъзи жойларда 10000 мм дан ҳам кўп. Тропик ўрмонлар ва бутазорлар бор.

Мегҳалая, асосан, аграр штат. Аҳолисининг 80% қишлоқ хўжалигида банд. Асосий озиқ-овқат экини водийларда шоли, қирларда маккажўхори ва тариқ, шунингдек, жут, пахта, тамаки экилади. Четга чиқариш учун картошка, ситрус мевалар етиштирилади. Ипак қурти боқилади. Асаларичилик, ўрмон хўжалиги ривожланган. Ҳудудининг 70% ўрмон билан қопланган. Сал, қарағай, тик, қайин ва бошқа дарахтлар ҳамда доривор ўсимликлар ҳам ўсади. Фойдали қазилмалардан кўмир, оҳактош, корунд, оқ гил конлари топилган. Ёғочсозлик, семент, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар мавжуд. Шиллонг шаҳри яқинида аэропорт бор. Туристлар кўп келади.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил