Гумбаз
Гумбаз — суйри фазовий ҳажмдаги том. Тарҳи айлана, чорси, тўғри тўртбурчақли, мунтазам кўпбурчақли бўлади. Шунингдек, кўпбурчақли хона ва катта иншоотлар деворлари устида, баъзан устунларни бирлаштирган доирасимон қурилма пойгумбаз устида давра кўринишида хом ғишт, пишиқ ғишт, тош, бетон ва бошқа материаллардан сирти силлиқ, қиррали, қовурғали пилтавор кўринишида бўлиши мумкин.
Тарихан гумбаз пайдо бўлиши (генезиси), тараққиёт йўллари, зарурати 3 сабаб билан изоҳланади: табиий шароит, ҳаёт тақозоси; мавжуд қурилиш материаллари имконияти (айниқса ёғоч танқис жойларда меъморлар кўпроқ гумбаз томларни боғлаган); шаклу шамойили юксак бадиий самара бағишлагани, меъморий образи муҳташам маҳобат касб этгани.
Гумбазнинг илк намуналари ибтидоий одамлар бошпаналари — табиий ғорларда, кейинчалик ертўлаларда, ёғоч ва хасчўплардан, қамиш, ҳайвон териси, кигиз ёпилган ўтов каби кулбаларда мужассам топиб, ижтимоий тараққиёт мобайнида шакли мураккаблаша борган. Дунё халқлари меъморлигида гумбазнинг оддий поғонали, давра, суйри, бағалларга (парус, тромпларга) ишланган ва бошқа турлари учрайди. Гумбаз бинога ташқи ва ички томондан маҳобат бағишлайди.
Юнонистон ва Рим меъморлигида чорси, давра хоналар устини беркитиш учун ярим сферик (ярим шар) шақлидаги гумбаз турлари катта жамоат ва диний биноларда кенг ишлатилган. Римдаги Пантеоннинг (125-йил) катта давра биноси ротондаси устига ўрнатилган ярим сферик гумбаз энг қадимий гумбаз ҳисобланади. Гумбазни билдирувчи италян атамаси "купола" (cупола — бочка) жаҳон меъморлиги луғатига кирган. Истанбулдаги машҳур Аё София ибодатхонасининг улкан гумбази ҳам энг қадимги гумбазли бинолар қаторига киради.
Ўрта Осиёда
[edit | edit source]Ўрта Осиёдаги гумбазлар шаклу шамойилини кузатиб, таҳлил этганда қадимги туркийларнинг шу йўналишдаги меъморий ижодкорликка қўшган баракали ҳиссаси борлигини сезиш мумкин. Гумбазлар ибтидосида инсон тафаккури билан яратилган ўтов (юрт) кўриниши, яъни ёғоч, қамиш қурилмалари орқали пахса, ғиштдан ясалган дўппи (ярим сферик), кулоҳий (сфероконик) хажмда мужассам топган ва давр ўтиши билан янги имкониятлар асосида ривожланиб борган. Юксак бадиий мужассамотга айланган.
Ўрта Осиёда сақланган қадимий меъморий ёдгорликлар — маҳобатли жамоат бинолари (сарой, масжид, хонақоҳ, карвонсарой, мақбара, ҳаммом ва бошқалар), сардобаларда гумбазнинг балхи, чархи, чортарк, чоркунжак, пилтавор, ғаровли, кулоҳий, мирзоий, шалғамий турлари, айримларида қўш (ички ва ташқи) гумбаз ҳам мавжуд. Сарой, масжид, мадраса ва бошқа бинолар, мақбараларнинг асосий катта хонаси — хонақоҳи меҳробий гумбаз билан ёпилган. Балхи гумбаз тузилиши анча содда бўлиб, мадраса, ҳаммом, карвонсарой оддий хоналари, қазноқ ва бошқаларда кўп қўлланган. Чортарк гумбаз эса тўғри тўртбурчак шаклдаги кичик хоналарда бўлади. Ўрта Осиёда гумбазнинг илк намуналари Оқтепа (Тошкент), Афросиёб (Самарқанд) ва Хоразм қалъаларида учрайди. Х—ХИ асрларда хонанинг девор бурчагидаги бағали равоқ шақлида бўлиб, устига гумбаз ўрнатилган (Сомонийлар мақбараси). ХИИ асрдан гумбазлар баланд бўлишига аҳамият берилган. ХИВ асрдан мурабба тарҳли хоналар бурчагига равоқли бағаллар ишлана бошлаган, ичкариси ганчкор муқарнаслар билан безатилган, гумбазнинг деворга туташ қисмига муқарнаслар ишланган (Яссавий мажмуаси). ХВ асрдан гумбаз билан девор устига ғўласимон ва кўп қиррали пойгумбаз тикланиб, тепасига қўш гумбаз боғланган, гумбазлар ташқи томони ғиштин, сиркор, кошинкор безатилган (Гўри Амир). ХВИ асрдан ички гумбаз шакли янада ўзгарди, пойгумбазларга дарчалар очилди, қовурғали безаклар пайдо бўлди. Замонавий биноларда гумбаз темир-бетон, армоцемент, металл, пластмассадан ишланмоқда. Меъморий ёдгорликлар гумбазларини таъмирлашда миллий меъморлик материалларидан ташқари, темир-бетондан (Юнусхон мақбараси, Тиллакори мадрасаси ва Бибихоним жоме масжиди, Имом ал-Бухорий мажмуаси), шунингдек, армоцемент конструксиялардан (Андижондаги жоме масжид) фойдаланилмоқда.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |