Жут

oʻsimliklar turkumi

Жут (Cорчорус), Калкутта канопи — жўкадошлар оиласига мансуб луб толали бир йиллик ўсимлик, тола олинадиган экин. ВатаниҲиндистон. Осиё, Африка, Жан. Америка ва Австралиянинг тропик ва субтропик минтақаларида ўсадиган 100 га яқин тури бор. Асосан Осиё мамлакатларида толаси учун бир йиллик 2 тури — чўзиқ мевали Ж. (С. олиториус) ва йирик мева-ли Ж. (С. cапсуларус) экилади. Ўзбекис-тонда 20-асрнинг 30-й.ларидан чўзиқ мевалиси ўстирилади.

Пояси тўғри ўсади, яшил рангда, бўйи 2,5—3,5 м; учки қисми шохланиб, уч-тўртта мева шохча ҳосил қилади. Илдизи ўқ илдиз, шохланган, ерга 1 — 1,5 м гача кириб боради. Барглари кетма-кет жойлашган, узун бандли, наш-тарсимон, арра тишли. Гули майда, икки жинсли, сариқ. Меваси қовурғали кўсакча, чўзиқ, 5—10 см, йирик мевалисиники 1—2 см. Уруғи майда, уч қиррали, тўқ яшил, сарғиш-жигарранг ёки тўқ жигарранг , 1000 донасининг вазни 1,5—2 г . Уруғида 14% гача мой бор. Толаси уз. 2–3 м. Ж. ўзидан чангланувчи намсевар, ёруғсевар, иссиқсевар, совуққа чидамсиз ўсимлик. Уруғи 16—18° да нормал униб чиқади. Вегетация даври 140—160 кун. Ж. канопта Караганда, айниқса ўсиш даврида, сувга жуда талабчан. Сур, ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқи тупроқларда яхши усади, шўрга чидамсиз.

Ж. толаси етиштириш ҳажми дунёда ишлаб чиқариладиган ўсимлик толалари ичида пахта толасидан кейин 2-ўринда туради. Ж.нинг қуруқ пояси (пўстлоғи)дан 20—25% юқори гигроскопик пишиқ тола чиқади. Ж. толасидан тўқимачилик маҳсулотлари, гиламлар, қоп, арқон, техник ва ўров газмоллари, жун, пахта толалари билан аралаш толаларидан кийим-кечак газмоллари тайёрланади. Ҳиндистонда Ж. барги овқатга ишлатилади. Ж. уруғидан мой, юрак-қон томирлари касалликларини даволашда ишлатиладиган гликозидлар олинади.

Алмашлаб экишда беда, дуккаклидон экинларидан кейин 28—30 см чуқурлиқса кузги шудгор қилинган майдонларга экилади. Ўғитлаш нормаси: 10—20 т/га гўнг , 90–120 кг/га азот ва Р2О5, 60–90 кг/га К2О. Тола олиш учун қўш қаторлаб 60х12—13, 50х20 см схемада экилади. Уруғ 3—4 см чуқурликка кўмилади. Гектарига тола учун 12—14, уруғ олиш учун 6 кг уруғлик сарфланади. Вегетация давомида 5—8 марта суғорилади, қатор оралари юмшатилади, ўтоқ қилинади, озиқлантирилади, суғориш нормаси 5000–7000 м³/га. Техник жиҳатдан етилган, 50% ўсимликда 1—2 кўсакча ҳосил бўлганда тола учун ўрилади, махсус машиналарда пўстлоғи ажратиб олиниб, далада қуритилади ва луб (каноп) заводларига топширилади.

Ҳосилдорлиги 90—100 с/га (қуруқ поя ҳисобида), 10—14 с/га тола, 3—6 с/га уруғ. МДҲ давлатларида фақат Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида (50й.ларда қисман Тожикистон ва Туркманистонда экилган) етиштирилади (республикада 90-й.ларда Ж. экин майдони 1000 га атрофида).

Навлари. Ўрта Осиёда экиш учун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмийишлаб чиқариш Марказининг Луб экинлари тажриба ст-ясида чиқарилган Ўзбекистон ва Ўзбекистон 53 навлари раёнлаштирилган.

Ж. илдиз чириш касаллиги ва кузги тунламдан зарарланади.

Адабиёт

edit
  • Иоффер Р. Ф., Капралова Н.П., Агротехника джута, М., 1951; Назиров Х. Н., Биологические особенности роста и развития джута в Ўзбекистане, Т., 1966.

Ҳалима Отабоева.[1]

Манбалар

edit
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил