Jump to content

Ёш хиваликлар

From Vikipediya

Ёш хиваликлар — Хива хонлигида жадидлар ташкил қилган партия (фирқа) (1914—21). Ўз сафида миллий зиёлилар, ҳунарманд, деҳқон, савдогарлар, ислом уламолари ва айрим давлат амалдорларини бирлаштирган. 1914-йил августда Ё. х. партиясига Полвонниёз ҳожи Юсупов асос солди. Жуманиёз Бобониёзов, Бобожон Ёқубов, Жуманиёз Султонмуродов, Назир Шоликоров, Султонқори Жуманиёзов, Худойберган Девонов, Ҳусайнбек девонбеги Матмуродов, Муҳаммадёрхўжа Абдуллаев партиянинг фаоллари эди. Партиянинг эълон қилинган дастурида хон ҳокимиятини чеклайдиган ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатда конституциявий монархия ўрнатиш, халқни маърифатли қилиш мўлжалланган. Хива хонлигидаги 1916-йил қўзғолонида фаол қатнашган Ё. х.нинг раҳбарларидан бири қозикалон Бобоохун Салимов (1874— 1929) қўзғолончилар фаолиятини яширин равишда бошқарди. 1917-йил феврал инқилоби Ё. х. фаолиятига кучли таъсир кўрсатди, улар очиқ кураш йўлига ўтди. 1917-йил 5 апрелда Хива хони Асфандиёрхон Ё. х. такдим этган манифестни имзолашга мажбур бўлди. Манифестда янги усул мактаблари очилиши, мамлакатда темир йўл, почта, телеграф барпо этилиши зарурлиги, давлат хазинаси назорат остига олиниши, барча амалдорларнинг сайланиши ва маош билан таъминланиши, бутун аҳолининг шариат олдида тенглиги таъкидланган эди. Ислохртлар амалга оширилишини назорат қилиш учун 30 вакилдан иборат муваққат қўмита ташкил топди. 8 апрел да мамлакатни бошқариш учун Хивада хон ҳузурида Мажлис (раиси — Бобоохун Салимов) ва Нозирлар Кенгаши (раиси Ҳусайнбек девонбеги Матмуродов) тузилди. П. Юсупов (1861—1936) га Россия ҳукумати ва рус қўшинлари билан муносабатларни баркарорлаштириш вазифаси юклатилди. Муваққат қўмита таркибига кейинчалик яна 19 киши, шунингдек, 7 туркман киритилди. Ё. х. Хива хонлигида ҳокимиятни бошқарувчи ҳукмрон кучга айланди. 1917-йил майда Мажлис раиси Бобоохун Салимов бошчилигидаги делегация Муваққат ҳукумат вакиллари билан музокара ўтказиш учун Тошкентга жўнади. Асфандиёрхон Муваққат хукуматнинг Хивадаги вакили генерал Хўжа Мирбадалов (миллати татар) бошчилигидаги ҳарбий кучларга таяниб, июнда Мажлисни тарқатиб юборди. Хон ўзига маъқул кишилардан янги таркибдаги Мажлис (раиси — Ортиқ Охун) ва Нозирлар Кенгаши (раиси — Ишоқхўжа Хўжаев)ни тайинлади, Ё. х.дан шафқациз ўч олишга киришди. Ҳ. Матмуродов бошчилигидаги собиқ Мажлиснинг 17 аъзоси қамоққа олинди, Бобоохун Салимов устидан кучли назорат ўрнатилди, Ё. х. партиясининг барча аъзолари кофир, деб эълон қилинди. 1917-йил сентабрда Хивага полковник Зайсев катта казак отряди билан етиб келди. 21 ноябрда Ё. х. устидан "қозиларнинг шариат суди" ўтказилди. 1917-йил ноябрда Асфандиёрхон рус казаклари ёрдамида Мажлисни бутунлай тугатди. Хоннинг истибдод тузуми билан курашда маглубиятга учраган Ё. х. мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 1917-йил ноябр—дек.да П. Юсупов, Н. Шоликоров (1881 — 1938) Тошкентга, мулла Жуманиёз Султонмуродов — ПетроАлександровск (ҳоз. Тўрткўл)га етиб боришди. Ё. х. партиясининг бошқа етакчилари Ҳусайнбек Матмуродов, Ишоқхўжа Хўжаев, Абдусалом Ҳожи Исломхўжаев, Ҳожи Авазберди Эшонов хон буйруғи билан қатл қилинди (1918-йил 18 май). 1918-йил бошларида Тошкентда Ё. х. қўмитаси тузилди (раиси — Полвонниёз Юсупов). Ё. х. тактик мақсадларни кўзлаб, болшевиклар билан яқинлашди. Тўрткўлдаги Ё. х. дан бир гуруҳ инқилобчилар билан ажралиб, 1919-йил бошида коммунистик гуруҳ (фраксия) тузганлигини эълон қилди (раиси — Жуманиёз Султонмуродов). Ё. х. партиясига кўплаб аъзолар келиб қўшилди. Унинг янги дастури қабул қилиниб, унда демократик ислоҳотлар дастури баён этилди. Хива хони, тўралар ва бекларга қарашли бутун молмулкни халққа бериш, катта бойларнинг ерларини камбағалларга тақсимлаш, бепул шифохоналар ва мактаблар очиш, йўллар ва кўприклар қуриш, сиёсий эркинлик, миллий тенгхуқуқлилик, хонлик тузумини ағдариб ташлаб, демократик халқ ҳокимияти — республикани барпо қилиш кўзда тутилди. Россия ва Туркистоннинг болшевик раҳбарлари Хива хонлигидаги барча мухолиф кучларни жипслаштиришга зўр бериб интилди. 1919-йил ноябр

да Ё. х., Тўрткўлдаги инқилобчи коммунистлар гуруҳи ҳамда Қўшмамедхон Сапиев (? — 1920) ва Ғуломалихон Баҳодир (тахминан 1885— 1925) бошчилигидаги туркман қабилалари Хива хони Сайд Абдуллахон (? — 1933) ва туркман ёвмутларининг етакчиси Жунаидхонта карши кураш бошлаш учун ўзаро иттифоқ тузиб, Хивани эгаллаш учун қизил аскарларни ёрдамга чақирди. 1919-йил ноябр — 1920-йил январ ойларидаги кескин жанглар натижасида Туркистон фронти Амударё (Хива) гуруҳининг қўшинлари (қўмондон — Н. М. Шчербаков, сиёсий раҳбар — Г. Б. Скалов) 1920-йил 1 февралда хонлик пойтахти Хивани босиб олди. Хива хони Сайд Абуллахон тахтдан воз кечди, Жунаидхон жанглар билан Кррақумга чекинди. 2 февралда Муваққат инқилобий қўмита тузилди. Унга Тўрткўлдаги Ё. х. инқилобий қўмитасининг бошлиғи Жуманиёз Султонмуродов — раис, Мажлиснинг собиқ раиси Бобоохун Салимов, уламолар вакили Одамохун Ортиқов, йирик савдогар Матпанобой Мадраҳимов, туркманлар вакиллари Мулла Ўроз Хўжамуҳамедов ва Мулла Наврўз Рўзибоев аъзо бўлди. 9 апрелда Муваққат инқилобий қўмита ишини яхшилаш учун унинг таркибида 10 кишидан иборат дастлабки халқ хукумати — Нозирлар Шўроси ташкил қилинди. Кундалик масалаларни ҳал қилиш учун Жуманиёз Султонмуродов (раис), Полвонниёз Ҳожи Юсупов, Бобоохун Салимовдан иборат ҳайъат сайланди. 1920-йил 26—30 апрелда Бутун Хоразм халқ вакилларининг И қурултойида Хоразм Халк Совет Республикам (ХХСР) ташкил топди. Ё. х. дастури қурултойда кабул этилган муваққат конституцияга асос қилиб олинди. Унда Хива хонлиги тугатилганлиги ва Хоразм Халқ Республикаси тузилганлиги эълон этилди. Қурултойда 15 кишидан иборат республика хукумати — Халқ Нозирлари Шўроси тузилди. Полвонниёз Ҳожи Юсупов бошчилигидаги хукумат таркибига Жуманиёз Султонмуродов (раиснинг 1муовини), Бобоохун Салимов (адлия), Бекжон Раҳмонов (маориф), Эшчонқори Жабборқулов (халқ хўжалиги), Ўроз Хўжамуҳамедов (ташқи ишлар), Наврўз Рўзибоев (ҳукумат котиби), Қўшмамедхон Сапиев (раиснинг 2муовини), Ғуломалихон Баҳодир (ижтимоий таъминот), Шомурод Бахши (соғлиқни сақлаш), Муҳаммадпанобой Абдуллаев (молия), Худойберган Девонов (олий муфаттишназорат), Ризо Шокиров (ҳарбий), Ҳаким Бобожонов (зироатдеҳқончилик), Назир Шоликоров (ички ишлар) нозир сифатида киритилди. Нозирларнинг аксарияти жадидлардан иборат бўлган ва шу сабабли ҳукумат Ё. х. ҳукумати деб юритилган. Ё. х. мамлакатда хонликдан қолган асоратларни тугатиш, республикада демократик тузумни қарор топтириш, мустақил Хоразм давлатини барпо қилиш учун курашди. Россия расмий доиралари, Турккомиссия ва Туркфронт вакиллари мустақил сиёсат юритишга интилаётган Ё. х. хукуматини бадном қилиш учун жонжахди билан ҳаракат қилди. Шўролар давлатининг қуролли иғвогарликларига қарамай, Ё. х. ҳукумати қарийб бир йил яшади. 1921-йил 6 мартда қизил аскарлар Хивада 2марта давлат тўнтариши ясаб, Ё. х. хукуматини ағдариб ташлади. Болшевиклар халқ нозирларини қамоққа олиб, кўпчилигини отиб ташлади. Айрим нозирлар Жунаидхон ва истиклолчилар сафига қўшилди, баъзилари чет элларга ўтиб кетди. Ё. х.нинг бир қисми кейинчалик афв қилинди ва улар Хоразмдаги шўро давлати қурилишида фаол иштирок этди (1923-йил окт.гача). Уларнинг аксарият қисми 30й.лар қатағонларида ёш бухороликлар сингари ҳалок бўлди. Ад.: Юсупов Полвонниёз Ҳожи, Ёш хиваликлар тарихи (Хотиралар), Урганч, 1999; Хоразм тарихи, 1—2ж.лар, Урганч, 1997; Маткаримов М., Хоразм республикаси: давлаттузилиши, нозирлари ва иқтисоди, Урганч, 1993; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков националной независимости, Т., 2000; Алимова Д. ва б., Ўзбекистон тарихи (19171991 и.), Т., 2000; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати; тарих шоҳидлиги ва сабоклари, Т., 2000; Очерки по истории государственности Ўзбекистона, Т., 2001.

Қаҳрамон Ражабов.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил