Вегетация даври
Вегетация даври — 1) метеорологик шароитларга кўра йилнинг ўсимлик ўсиши ва ривожланиши мумкин бўлган даври. В.д.да ўсимлик органик моддалар ҳосил қилади, уруғ, дон, туганаклар, мевалар ва б. хўжалик аҳамиятига молик маҳсулотлар шаклланади ва етилади. Мўътадил иқлимли минтақаларда В.д.баҳордаги охирги қорасовуқ бошлаб кузда тушадиган биринчи қорасовуқ ўртасидаги вақтга тўғри келади. Тропик ва субтропик иқлим минтақаларида эса бу давр йилнинг деярли ҳамма фаслини ўз ичига олади; 2) қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ ривожланиш сикли учун, яъни ўсимлик уруғининг униб чиқишидан бошлаб ҳосил йиғилгунгача бўлган зарурий давр (биол.да бир ва икки йиллик ўсимликларда уруғнинг унишидан ўсимлик умрининг тугашигача ёки кўп йиллик ўсимликларда эрта баҳорда уйғонишдан қишда "уйқу"га киришгача бўлган давр). Совуққа чидамлилиги турлича бўлган ўсимликларда В. д. бир жойнинг ўзида ҳар хил: иссиқсевар ўсимликларда қисқа, совуққа чидамли ўсимликларда узун бўлиши мумкин. В. д. кетма-кет ўтувчи бир қатор фазаларга бўлинади: ғўзада — шоналаш, гуллаш, кўсак тугиш ва очилиш; ғалла ўсимликларида — тупланиш, бошоқ тортиш, гуллаш, сут (мум) пишиш ва тўлиқ пишиш фазалари. Ҳар бир экин тури ва нави В. д.нинг узун-қисқалиги, айрим ривожланиш фазаларининг муддатига боғлиқ. В. д. ривожланиш даври давомида ўсимликнинг олган умумий иссиқлик миқдори билан белгиланади. Ўсимликларда В. д.нинг узун-қисқалигини ҳисобга олиб, совуқ эрта тушадиган шимолий раёнларда эртапишар навлар, совуқ кеч тушадиган жан. раёнларда кечпишар навлар экилади. В. д. ташқи шароитга ва навнинг ирсий хусусиятларига ҳам боғлиқ. Бир шароитда эртапишар деб ҳисобланган нав иккинчи бир шароитда кечпишар бўлиши мумкин. Масалан, суғориладиган деҳқончилик шароитларида ғўзанинг В. д. баҳорда, ҳаво температурасининг ўсимлик ривожланиши учун қулай доимий биологик минимум даражадан (10°) барқарор кўтарилишидан то кузги, ўсимлик баргларини нобуд қиладиган қорасовуқ тушгунга қадар ўтадиган вақтга тўғри келади. Ҳар йили пахтанинг пишиб етилиши 4000—4900° фаол температура йиғиндиси билан ифодаланган термик ресурслар эвазига амалга ошади. В. д.даги ўртача ойлик температура баҳор ва кузда 15° дан, ёзда эса 30° дан юқори бўлиши лозим. Ҳар қандай экиннинг муайян ривожланиш фазаси ўтиши учун маълум миқдорда самарали температура йиғиндиси талаб этилади, шунга кўра турли ғўза навлари учун В.д. ҳам ҳар хил; ғўзанинг эртапишар навлари учун В. д. 90—100 кун, кечпишар навларида 140 кун ва ундан ҳам кўпроқ (чигит униб чиққандан бошлаб то дастлабки кўсаклари етилгунга қадар бўлган давр). Ўзбекистонда иқлим, тупроқ шароитлари ва навларига кўра экинларнинг В.д. кунлари (сутка ҳисобида) ўртача қуйидагича: арпа 60—110, кузги буғдой 240— 300, сули 100—120, маккажўхори 80— 90 дан 130 гача, қовун 60—80 дан 110—125 гача, ер ёнғоқ 120—160, кунжут 90—120.
Ренат Назаров.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |