Jump to content

Саводлилик

From Vikipediya

Саводлилик, саводхонлик 1) аҳоли маданий савияси курсаткичларидан бири; 2) одамнинг адабий тил нормаларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакаларига эгалиги; 3) оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмасига эгалик; 4) муайян соҳа бўйича билимга эгалик (сиёсий С, техник С, тиббий С). "С." тушунчасининг мазмунмоҳияти жамият тараққиётининг турли босқичларида унинг ижтимоий, сиёсий, илмий, маданий ҳамда руҳий савиясига боғлиқ равишда ўзгариб туради. Сиёсий қарашларнинг нохолислиги ва миллий камситиш руҳидаги ёндашувлар бирор мамлакат ёки миллат С. даражасини белгилашда салбий таъсир кўрсатади. Чунончи, чор Россиясида чиқадиган "Вестник воспитания" журнали 1900-йилда Туркистон ўлкаси ниҳоятда қолоқ ҳамда мутлақо саводсиз элатлардан иборат ва уларни саводли қилиш учун камида 4600-йил керак деган ғирт сохта хулосани ёзган. Шўро давридаги деярли барча илмий манбаларда эса, 1917-йил Окт. тўнтаришига қадар Ўзбекистон аҳолисининг 1,5—2% гина саводли деган ёлғондан иборат маълумотлар кўрсатиларди. Ҳолбуки, 1897-йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Россия маркази аҳолисининг С. даражаси 21% га, Туркистон ўлкаси халқининг С даражаси эса 19,5% га тенглиги қайд этилган. Сўнгги даврда олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқданган, аммо ҳали ҳам унчалик тўла бўлмаган маълумотларга кура, 1913-йил Туркистон ўлкасида 7665 мактаб ва Мадраса фаолият кўрсатган. Бу рақам ўлкамиз аҳолисининг С. даражаси расмий маълумотларда қайд этилганига қараганда анча баланд бўлганлигини кўрсатади.

Шўро ҳукумати уз сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб, аҳолининг С. даражасини юксалтириш борасида бир қатор ишларни амалга оширди. 1919-йил 26 декабрда РСФСР ХКС томонидан чиқарилган Декретда 8 ёшдан 50 ёшгача бўлган ўқишни билмайдиган ҳар бир одам ўз хоҳиши билан она тили ёки рус тилида савод чиқариши лозимлиги белгилаб қўйилди. Бу тадбир аҳолининг С. даражасини юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатди. Айни вақтда, сездирмай амалга оширила бошлаган руслаштириш сиёсатининг кўриниши ҳам бўлди. 1920-йилда мамлакат Маориф халқ комиссарлиги қошида Саводсизликни тугатиш комиссияси тузилди. Мамлакатдаги барча вилоят, шаҳар ва туманларда бу комиссия шўъбалари вужудга келтирилиб, савод чикариш мактаблари ҳамда курслар ташкил этиш билан шуғулланди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аҳолининг С. даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки жамият аъзоларининг С. даражаси мамлакат тараққиётини таъминлайдиган асосий омиллардан бири эканлиги англаб етилди. Шунинг учун ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул килиниши (1997) муносабати билан мажбурий таълим муддати бир йилга узайтирилди. Энг муҳими, таълимнинг мазмуни, уни ташкил этиш йўли, таълим моҳиятини белгилаш борасида янги консепсияга амал қилина бошланди. Миллий истиқяол ғоясини сингдириш умумдавлат аҳамиятига эга тадбир сифатида қараладиган бўлиши билан С.нинг аҳамияти ҳам сезиларли даражада ортди. Мамлакатимизда таълим тизими шундай уюштирилганки, бирор соғлом киши ўқишдан четда қолмайди.

"С." тушунчаси турли жойларда турлича белгиланади. Айрим мамлакатларда оддий матнларни ўқишни билган одам саводли ҳисобланган бўлса, баъзи юртларда ўқиш билан бирга ёзишни ҳам билган одам саводли ҳисобланган. Шунинг учун ҳам "С." тушунчаси моҳиятини тайин этиш масаласи демографик статистика ва аҳоли рўйхати дастурларига доир халқаро йиғилишларда бир неча бор кўриб чиқилган. ЙУНЕСКО нинг 1958-йил Парижда бўлиб ўтган 10сессиясида барча мамлакатларда С. тушунчасини бир хиллаштириш мақсадида ёзувни тушуниб ўқий оладиган ва ўзининг кундалик ҳаётини ёзма равишда баён қила биладиган кишиларни саводли ҳисоблашга келишилган.

Илм-фан тинимсиз ривожланаётган, ахборот технологияси такомиллашиб, и неон тафаккурининг имконияти юксалиб бораётган айни кунларда ҳам С. даражаси дунё миқёсида у қадар юқори эмас. ЙУНЕСКОнинг тегишли тизимлари берган маълумотларга кўра, ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг тез кўпайиши, болаларнинг таълим тизимига тўлиқ жалб этилмаслиги сабабли С.нинг пасайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Ҳатто юксак даражада ривожланган мамлакатларда ҳам саводсиз кишилар миқдори аҳоли қатламининг каттагина фоизини ташкил этади. Шунинг учун ҳам 1966-йил ЙУНЕСКО нинг Бош анжуманида 8 сентабр Халқаро савод тарқатиш куни эканлиги белгилаб қўйилди.

Қозоқбой Йўлдошев.[1]

Манбалар[edit | edit source]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил