Jump to content

Пиллачилик

From Vikipediya

Пиллачилик — ипак қурти боқиш, пилла етиштириш мажмуи; қишлоқ хўжалигининг ипакчилик саноати учун хом ашё етказиб берадиган асосий тармоқларидан бири.

Пиллачилик тармоқ сифатида Пилланинг озуқа манбаи бўлган тутзорлар барпо қилиш; тутнинг янги навларини яратиш; ипак қуртининг зотлари ва дурапиллаларни яратиш; наслчилик ишлари, ипак қурти боқиб, унинг тухумини етиштириш; ипакчилик саноати учун тирик пилла тайёрлаш; пиллани қуритиб, қуруқ пилла стандарти талабларига мое келтириб корхоналарга топшириш; пиллани дастлабки қайта ишлаш ва бошқаларни ўз ичига қамраб олади.

Ўзбекистонда тут ипак қурти уруғини тайёрлаш, қуртини боқиш, пиллани дастлабки ишлаш (димлаш ва қуритиш), янги қурт зотлари ва дурагайларини яратишни ва тутчиликни ўз ичига олган мукаммал мажмуа яратилган. Тут ипак қурти республиканинг барча вилоятларида етиштирилади. Республика худудида тут ипак қурти жуда қадимдан боқилади. Айрим маълумотларга кўра, ипак қурти боқиш милодий 4-асрда Хитойдан Ўрта Осиёга тарқалган. 1913-йилда Ўзбекистонда 4 минг тоннага яқин пилла етиштирилган бўлса, унинг 90% Фарғона водийсига тўғри келган. 1922-йилда Тошкентда "Туркипак" аксиядорлик жамиятининг ташкил этилиши пиллачиликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. 1927-йил Тошкент ипакчилик стяси негизида Ўрта Осиё ипакчилик илмий тадқиқот институти (1991-йилдан Ўзбекистон ипакчилик институти) ташкил этилди. 1930-йилларда тут кўчати етиштиришга алоҳида эътибор берила бошланди.

1940—90-йилларда Пиллачиликда юқори ўсиш суръатларига эришилди, пилла етиштириш деярли 3 бараварга кўпайди. 1991-йилда республикада 33,8 минг тонна пилла тайёрланди. 1993-йилдан пилла етиштириш давлат буюртмасидан чиқарилиб, уни харид қилиш эркин келишилган нархлар асосида олиб борилади. Республикада Пиллачилик тармоғида 13 ҳудудий (вилоят) "Пилла" аксиядорлик бирлашмаси, 122 туман "Пилла" аксиядорлик жамиятлари, тут уруғи, ниҳоли, кўчатлари етиштиришга ихтисослашган 10 ширкат хўжалиги, 3 та наслли уруғчилик заводи (Андижон, Самарқанд, Фарғона), 13 пиллачилик - тухумчилик заводи (Андижон, Асака, Бухоро, Шаҳрисабз, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Каттақўрғон, Фарғона, Қўқон, Урганч, Хўжаобод), 8 пиллакашлик корхоналари (Тошкент "Тола", "Марғилон ипаги", Фарғона "Буюк ипак йўли", Самарқанд "Ҳужум", "Бухоро ипаги", "Наманган ипаги", "Булокбоши ипаги", "Хоразм ипаги") аксиядорлик жамиятлари фаолият кўрсатади. 2002-йилда Республика Пиллачиликда 21500 тонна тирик пилла, 8290,2 тонна қуруқ пилла тайёрланди, 1003,2 тонна хом ипак, 130 тонна йигирилган ипак ипи ишлаб чиқарилди, 415 минг қути ипак қурти тухуми тайёрланди, 1,5 миллион дона тут кўчати етиштирилди. Тармоқда 19 мингга яқин ходимлар банд.

Тутчилик, зотли тухумчилик муаммолари ва Пиллачилик соҳаси учун кадрлар тайёрлаш билан Тошкент аграр университети ипакчилик кафедраси ва Ўзбекистон ипакчилик институти шуғулланади.

Жаҳонда пилла етиштириш ва хом ипак ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон Хитой, Япония ва Ҳиндистондан кейин 4-ўринни эгаллайди. Ҳозирги кунда етиштирилаётган пилла республиканинг ҳамма пиллакашлик корхоналарини тўлиқ таъминлаш билан бирга уни чет элга сотиш имконини ҳам беради.

Пиллачилик Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея, Бразилия, Тайван, Покистон, Сурия, Туркия, Испания, Миср ва бошқа мамлакатларда ривожланган. Табиий ипак жаҳонда ишлаб чиқариладиган тўқимачилик толаларининг фақатгина 0,5% ни ташкил этади, лекин ипак ва ипак газламаларнинг техника ва маиший турмушда кенг қўлланиши туфайли жаҳон бозорида табиий ипакка бўлган талаб жуда юқори (яна қаранг Ипакчилик саноати).

[1]

Манбалар

[edit | edit source]
Пиллачилик
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил