Jump to content

Нодира

From Vikipediya
Нодира (Комила)


Нодира, (тахаллуси; исми Моҳларойим) (1792, Андижон — 1842, Қўқон) — ўзбек шоираси, маърифатпарвари ва давлат арбоби.

"Комила" ва "Макнуна" тахаллуслари билан ҳам шеърлар ёзган. Отаси Андижон ҳокими Раҳмонқулбий — ўзбекларнинг минг қабиласидан, Фарғона ҳукмдори Олимхоннинг тоғаси. Олимхон укаси Умархонга Марғилон ҳокимлигини беради ва уни 1807-йилда Нодирага уйлантиради. Нодира шу хонадонда шеър ёзишни машқ қилади, шоира Увайсий билан танишади, уни муаллима сифатида саройга таклиф этади. Нодиранинг турмуш йўлдоши Амир Умархон ҳам Амирий тахаллусида ижод қилган. 1810-йилда акаси Олимхон ўрнига тахтга чиққан Умархон билан Қўқонга келади. 1822-йил Умархоннинг фожеали вафотидан сўнг ўғли Маъдалихон билан бирга Қўқон хонлигини бошқаради. Мадраса, масжид, карвонсаройлар қурдиради. Илм аҳлига раҳнамолик, фақирларга ҳомийлик қилади. 1842-йил Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Насруллоҳ томонидан қатл этилади.

Ижоди

[edit | edit source]

Нодиранинг шеърий мероси бир нечта девонларининг қўлёзмалари орқали етиб келган. Ўзбекча шеърларида Комила ва форсийда Макнуна тахаллуслари билан ҳам асарлар яратган. Унинг 10000 мисрага яқин асари етиб келган. Ғазал, мухаммас, рубоий, фард каби кўплаб жанрлардан фаол фойдаланган. Шеърларида Навоий, Фузулий, Бедил анъаналарини давом эттирган. Нодира ғазалларида фироқ, дард изтироблари самимий баён қилинган.

Нодира ҳаёти ва ижодини ўрганиш ўз давриданоқ бошланган. Ҳакимхон Тўранинг „Мунтахабут-таворих“, Авазмуҳаммад Атторнинг „Туҳватут-таворих“, Ишоқхон Тўранинг „Тарихи Фарғона“, Мушрифнинг „Ансобус-салотин ва таворихи хавоқин“ каби тарихий асарларда, Увайсийнинг „Воқеоти Муҳаммадалихон“, Нодир-Узлатнинг „Ҳафт гулшан“ номли достонларида Нодиранинг иқтидори, фаолияти борасида қимматли маълумотлар баён этилган.

Давлатни идора қилиши

[edit | edit source]

1822-йилда Умархон вафот этиб, унинг ўғли, 14 ёшли Муҳаммад Алихон (Маъдалихон) тахтга кўтарилди. Лекин давлатни, асосан, Нодиранинг ўзи идора қилди. У маданият ва санъатни ривожлантиришга интилди. Нодиранинг замондоши қози Абдунаби Хотифнинг тамомланмай қолган воқеабанд достонида Нодиранинг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ишонарли далиллар билан кўрсатиб берилган: "Асар ёзишдан мақсадим Нодиранинг оқила, фаҳмли, илм ва сўзнинг қадрига етадиган донишманд аёл экан-лигини кўрсатишдир... Умархон вафотидан сўнг бу иффат садафининг ин-жуси кунларни хасрату фироқ билан шу тариқа ўтишини ношукурлик деб билди. У гулистондек Чаҳорчаман боғига бориб, Фарғона, Тошкент, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳарлардан фозиллар, олимлар, ҳаттотлар, наққошларни ўз хизматига чақиртириб келди". Нодира бир неча китобларни кўчиртирди ва шоирларни янги-янги асарлар ёзишга ташвиқ қилди. Шоира девонларнинг чиройли ёзилиши, муқовасининг безатилишини ўзи шахсан кўздан кечириб турган. У яхши ишлаган котибларга тилла қалам, кумуш қаламдон бериб, уларни "Заррин қалам"лик мансабига кўтарган.

Нодира бозор ва расталар, масжид ва мадрасалар, карвонсаройлар қурилишига эътибор берган. Гўристони калондаги Мадрасаи Чалпак, Тақагарлик растасидаги Мохларойим мадрасасини бино эттирган. Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Насруллоҳ 1842-йилда Қўқонни эгаллаб, Маъдалихонни, укаси Султон Маҳмудхонни, 14 яшар ўғли Муҳаммад Аминхонни ва Нодирани ўлимга ҳукм этади.

Адабий мероси

[edit | edit source]

Нодиранинг адабий мероси ўз ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан мумтоз шеъриятнинг гўзал намуналаридандир. Унинг тўла бўлмаган ўзбекча девони Ўзбекистон фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланади. Девонга Нодиранинг 109 (ёки 1704 мисра) ғазали киритилган. Нодиранинг узи ёзган дебочада таржимаи ҳолига оид баъзи муҳим маълумотлар берилган. 19-асрда кўчирилган, ҳозирги Ўзбекистон фанлар академияси Тарих музейи архивида сақланаётган девонда Нодиранинг "Комила" тахаллуси билан ёзган 19 (328 мисра) ғазали борлиги аниқланган. 1962-йилда Наманганда шоиранинг мукаммал девони топилди. Ўзбекистон фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида сақланаётган бу девон шоиранинг меросини тўлиқ қамраб олган, дейиш мумкин. Бунда шоира ёзган дебоча мукаммал берилган. Девонда шоиранинг "Нодира" тахаллуси билан ёзган 180 шеъри жамланган (шулардан 136 таси ўзбек тилида, 44 таси тожик тилида). Жумладан, 11 муҳаммас, 2 мусаддас, 1 мусамман, 1 таржиъбанд, 1 таркиббанд ва 1 фироқнома ҳам бор. Ўзбекистон фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида Нодиранинг "Макнуна" тахаллуси билан ёзилган, 333 ғазалдан иборат бир девони мавжуд. Бугунги кунда биз Нодиранинг ўзбек ва форс-тожик тилларида яратган 10 минг мисрага яқин лирик меросига эгамиз.

Шеърияти

[edit | edit source]

Нодира шеъриятининг асосини лирика ташкил этади. Нодира муҳаббат, садоқат ва вафо куйчисидир. У гўзаллик ва садоқатни, Шарқ хотин-қизларининг дард-аламлари, оҳу фиғонларини куйлади. Шоира ўзини ишқ ойнаси деб атар экан, бу ойнада инсоннинг ҳаётга умид билан қараши, эзгу истаклари ва орзуси акс этган. У муҳаббат Аллоҳ томонидан инсонлар қалбига солинган мангу ёғду эканлигини куйлади: Муҳаббациз киши одам эмасдур, Гар одамсан, муҳаббат ихтиёр эт! Нодиранинг муҳаббат тушунчаси чуқур ижтимоий мазмун касб этади. Муҳаббат шахсий туйғулар доирасидан юқори кўтарилиб, одамийликни чуқур идрок қилиш воситасига айлантирилади. Нодира инсоннинг энг юксак фазилати вафодорликда деб билади. Шоиранинг форс-тожик тилидаги „Мебош“ радифли ғазалида вафо мавзуи кенг доирада қаламга олинади.

Шоира ҳиммат, сабр, қаноат, номус, ҳаё каби ҳислатларни маърифат, яъни Худо васлига эришишни яқинлаштирувчи манзиллар сифатида қайд этади, одам ана шу шарафли ҳислатларни ўз руҳига мукаммал сингдириб олиши ва уни собитқадамлик билан кўнгил ганжинасида асрамоғини образли қилиб тасвирлайди. Одамзод шу сифатлардан махрум бўлар экан, у риё йўлига кириб кетади.

Нодира ўз ижодида дунёвийлик билан бир қаторда тасаввуфнинг нақшбандия йўналишига асосланган бир бутунлик орқали инсоннинг жамият ва табиатга муносабатини ҳам, илоҳий муҳаббат йўлидаги руҳий дунёсини ҳам жуда гўзал ва жонли мисраларда ифодалаб беради. Нодира шеърларида ислом руҳи, тасаввуф таълими ва ҳаёт фалсафасини чуқур идрок этган ҳолда ҳаётга ҳамма вақт умидбахш нигоҳ билан қарайди ва ундан яхшилик уруғини қидиради. Нодира саройда яшаса ҳам, ўзини маънавий жиҳатдан бахтиёр ҳисоблай олмас эди.

Шунинг учун ҳам у ғазалларидан бирида: "Мени салтанат маснадида кўриб, гумон этманг айшу фарогат билан", дейди.

Нодира олимлар, шоирлар, айниқса, шоираларни ўз ҳимоясига олган. Шоира ўз девонларининг "ҳамнишин олима афифалар, фозила ҳамсуҳбат шарифаларнинг маслаҳатлари ва ташаббусларига кўра жамлангани"ни ўзбекча девонига ёзган сўзбошисида қайд этиб ўтади.

Нодира мумтоз шеъриятнинг мавжуд ҳамма жанрларида қалам тебратди. Унинг ўзбекча, форсийча ва тожикча газаллари арузнинг турли вазнларида 5, 7, 9, 13, ҳатто 18 байтли ҳажмда яратилган. Шоира ғазалларининг асосий қисми 7—9 байтлидир. Нодира мумтоз адабиёт анъаналарини қунт ва ихлос билан давом эттирган. Навоий, Фузулий, Бедил ғазалларига муҳаммаслар боғлаган. Нодира ўз ғазалларида кўпроқ "мукар-рар" (сўзнинг такрорланиб келиши) ва "қўш мукаррар" усулларидан фойдаланган. Асарларида талмеҳ, мажоз, таш-беҳ, истиора, тазод, тадриж, ташҳис, интоқ каби бадиий воситалар маҳорат билан қўлланган.

Нодира форс-тожик тилида ҳам гўзал, таъсирчан шеърлар ёзган. Улар ҳам мазмун ва бадиий маҳорат жиҳатдан ўзбек тилидаги ғазалларидек юксак даражада ёзилган бўлиб, шоира ижодини яна ҳам кенг ва тўлароқ ўрганишда муҳим рол ўйнайди.

Шоира ижодига назар

[edit | edit source]

Нодира ижодига бўлган қизиқиш шоира хаётлик давридаёқ бошланган. Машҳур шоира Дилшод (1800–1905) Нодирага махсус ғазаллар бағишлаб, уни „илм-адаби ва назм осмонининг юлдузи, ушшоқлари ғазалхони, шакар сочувчи булбул“ деб таърифлайди. Нодира ғазалларига жуда ʻ кўп шоирлар назиралар ёзганлар, муҳаммас боғлаганлар. Ўзбек адабиётида ва саҳнада Нодиранинг бадиий образи яратилди. Ҳ. Раззоқовнинг „Нодира“, Туроб Тўланинг „Нодирабегим“ мусиқали драмалари саҳналаштирилди. Комил Ёрматов ва М. Мелкумовларнинг ссенарийси асосида „Нодирабегим“ филми яратилди. Шоира асарлари рус ва бошқа чет тилларга таржима қилинган. Ғазаллари ўзбек мақомлари ва халқ куйларига солинган. Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида кўплаб кўчалар, кинотеатр, мактаб ва кутубхоналар Нодира номи билан юритилади.

Ижоди А.Қаюмов, Т.Жалолов, Х.Раззоқов, М.Қодирова каби олимлар томонидан ўрганилган.

Андижонда шоира номига шаҳар марказидаги шоҳкўчалардан бири, кинотеатр ва бошқа маданий муассасалар қўйилган.

Адабиёт

[edit | edit source]
  • Жалолов Т., Ўзбек шоиралари, 1-китоб, 2нашр, Т., 1970; Абдуллаев В., Ўзбек адабиёти тарихи, 2-китоб, 1967; Қа-юмов А., Қўқон адабий муҳити, Т., 1961; Қодирова М., Давр Нодираси (Нодиранинг ҳаёт ва ижод йўли), Т., 1991; Маъна-вият юлдузлари, Т., 2001.
  • А.Қаюмов. Қўқон адабий муҳити. -Т.: 1961;
  • М.Қодирова. Нодира. -Т.: 1965.

Нашр қилинган асарлари

[edit | edit source]
  • Нодира. Девон. -Т.: 1963;
  • Нодира. Эй, сарви равон. -Т.: 1992;
  • Комила -Нодира. -Т.: 2002.

Манбалар

[edit | edit source]
  • http://kitobam.com/cr/nodira-mohlaroyim/
  • Шеърлар, Т., 1958; Девон, Т., 1963; Асарлар (2 ж.ли), 1-ж., Т., 1968; 2-ж., 1-2-китоб, Т., 1971; Девон (форстожик тилидаги ғазаллар), Душанба, 1967; Увайсий ва Нодира, Т., 1994.