Jump to content

Нидерландия

From Vikipediya
Нидерландлар Қироллиги
Конинкрижк дер Недерланден
ШиорЖе маинтиэндраи, Ик зал ҳандҳавен
Мадҳия: Wилҳелмус ван Нассоуwе
Лоcатион оф Нидерландия
Пойтахт Амстердам
Расмий тил(лар) Нидерландча
Ҳукумат Конституцион Роҳиблик
Қиролича Беатрикс
Марк Рутте
Мустақиллик (Испаниядан)
Майдон
• Бутун
41,526 км2 (135-ўрин)
• Сув (%)
18,41
Аҳоли
• 2012-йилги рўйхат
16 743 507[1] (63-ўрин)
• Зичлик 394/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2008-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$862,9 млрд[2] (15-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$51 657
Пул бирлиги Евро (ЭУР)
Вақт минтақаси УТC+1
• Ёз (ДСТ)
УТC+2
Қисқартма НЛ
Телефон префикси 31
Интернет домени .нл

Нидерландлар (нидерландча: Недерланд), Нидерландлар Қироллиги (Конинкрижк дер Недерланден) (норасмий номи — Голландия) — Ғарбий Европада, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган давлат. Майдони 41,5 минг км2. Аҳолиси 18854788 киши (2023). Пойтахти — Амстердам шаҳри. Ҳукумат қароргоҳи Гаага шаҳрида. Маъмурий жиҳатдан 12 провинсия (провинcиэ)ра бўлинади. Нидерландия Антил ороллари, Аруба ороли Нидерландия мулки ҳисобланади.Нидерландия ривожланган давлат ҳисобланади.Унинг умумий ер майдони 960000 гектарга тенг.

Давлат тузуми[edit | edit source]

Қиролича Беатрикс расмий турда давлат бошлиғи ҳисобланади

Нидерландия — конституциявий монархия. Амалдаги конституцияси 1983-йилда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — қирол (қиролича) (1980-йилдан В.А.Беатрикс хоним). Унинг ҳузуридаги Давлат кенгаши аъзолари қирол томонидан тайинланади[3]. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни қирол ва икки палатали Бош штатлар (парламент), ижроия ҳокимиятни қирол билан ҳукумат амалга оширади[4].

Табиати[edit | edit source]

Нидерландия Ўрта Европа текислигининг ғарбий қисмида жойлашган. Шимолдан саёз қўлтиқ ва бухталар ўраб туради. Соҳили 56 м гача баландликдаги дўнгликлардан иборат, тошқиндан сақланиш учун тўғон ва дамбалар қурилган. Ер юзаси, асосан, паеттекислик. Нидерландия ҳудудининг 40 % денгиз сатҳидан пастда, фақат 2 % 50 м дан юқори. Энг баланд жойи 321 м. Нидерландиянинг паеттекислик қисмлари доим денгиз суви босиш хавфи остида. 1282-йилги кучли сув тошқини натижасида Зейдер-Зе қўлтиғи ҳосил бўлган. 33 км ли дамба қурилгач, Зейдер-Зенинг жанубий қисми чучук сувли берк кўлга айланган. Нидерландиянинг шарқи моренали тепалик; шимолий қум ва гилли денгиз ва дарё ётқизиқларидан, шарқи музлик ётқизиқларидан, дарё делталари эса аллювиал ётқизиқлардан тузилган. Кўмир, нефт ва газ, торф, ош тузи, каолин конлари бор.

Иқлим — денгиз иқлими, қиши юмшоқ, ёзи илиқ. Атлантика океанидан йил бўйи шамол эсади. Январнинг ўртача ҳарорати 1—3 °C, июлники 16—17 °C. Йиллик ёғин 650-750 мм. Тез-тез туман тушади. Қаттиқ совуқлар аҳён-аҳёнда бўлади. Қор кам, ёмғир кўпроқ ёғади. Дарёлар йил бўйи серсув; йириклари: Рейн, Маас, Шелда. Соҳил тупроғи унумдор, дарё водийлариники аллю-виал-ўтлоқи тупроқ. Нидерландиянинг шимол ва шарқида, асосан, чимли подзол, айрим жойларида ботқоқланган тупроқ. Нидерландия ҳудудининг 70 % маданий ландшафт, 8 % ўрмон. Қумли жойлари бутали вереекзор (арчагул), дарёлар соҳили толзор. Ҳайвонот дунёси жуда камбағал. Ёввойи қуён, тийин, сувсар, сассиқ-кўзан, елик яшайди. Нидерландияда қушларнинг 180 тури бор. Дарё делталаридаги сузувчи қушлар қишлайдиган жойлар қўриқланади. Велюзом, Кеннемер дўнгликлари, Хоге-Велюве миллий боғлари ва 8 та қўриқхонаси бор.

Аҳолиси[edit | edit source]

Нидерландия аҳолиси (минг киши) 1961—2003

Аҳолисининг аксарияти голландлар[5]. Йирик этник гуруҳлардан фламандлар[6], фризлар бор[7]. Олмонлар, яҳудийлар[8], индонезлар ва бошқалар ҳам яшайди[9]. Диндор аҳолининг 50 % га яқини католик, 37 % протестант. Расмий тил — нидерланд (голланд) тили. Нидерландия дунёда аҳолиси энг зич жойлашган мамлакатлардан. Аҳолисининг 89 % шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Амстердам, Роттердам, Гаага, Утрехт[10].

Тарихи[edit | edit source]

Нидерландия ҳудудида одамлар неолит давридан яшайди; милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 2-ярмида бу ерда келт қабилалари яшаган. 1-аср бошида бу қабилаларни олмонлар сиқиб чиқарган. Милоддан аввалги 1-асрда Нидерландия ҳудудининг бир қисмини римликлар босиб олган. Милодий 3—4-асрларда Нидерландия ҳудудига франклар ва сакслар ҳамда фризлар келиб ўрнашдилар. Франклар давлати тузилгач (5-аср), Нидерландия ҳудуди унинг таркибига, 843-йилги Верден шартномасига биноан, „Мукаддас Рим империяси“ таркибига кирди. 10 — 11-асрларда Нидерландия ҳудудида бир неча мустақил ер-мулклар (Фландрия, Голландия, Геддерн, Зеландия, Утрехт графликлари ва ҳоказо) ташкил топди. 12-асрдан шаҳар ривожлана бошлади. 15-асрнинг 2-чорагигача Нидерландияда феодал тарқоқлик ҳукм сурди. 1433-йилда Голландияни, сўнгра Нидерландиянинг бошқа князликларини Бургундия герсоглари босиб олдилар. Карл В империяси парчалангач, Нидерландия (1556-йилдан кейин) Испанияга қарам бўлиб қолди. 16-аср Нидерландия инқилоби натижасида мамлакат испанлар зулмидан озод бўлди ва Бирлашган вилоятлар республикаси тузилди. 17-асрда савдо ва денгизчилик ривожланиши натижасида Нидерландия Европанинг ривожланган давлатларидан бирига айланиб, Осиё, Америка, Африкада янги ер-мулкларни қўлга киритди, Индонезия, Гвиана, Кичик Антил оролларини ва Кап вилоятини ўзига қарам қилиб олди. 1795—1813-йилларда Голландия қироллиги Франсия таркибига кирди. 1815-йилда Белгия билан бирлашиб, Нидерландия қироллиги ташкил этилди. 1830-йил инқилоб натижасида Белгия Нидерландиядан ажралиб чиқди.

Вилгелм И Оранский Нидерландия мустақиллигининг асосчиси ҳисобланади

1848-йилда Нидерландия конституцияси қабул қилинди. 1840—70 йилларда саноат тез ўсди. 1860-йилдан давлат темир йўл қуришни ўз қўлига олди. 1876-йилда Амстердам — Шимолий денгиз, 1882-йилда Роттердам — Шимолий денгиз каналлари қурилди. Роттердам Олмония учун транзит портга айланди. 1861-йилда биринчи касаба уюшмаси ташкил топди. Нидерландияда 19-асрнинг сўнгги чорагида саноатлашув жараёни, асосан, ниҳоясига етди. Саноатнинг етакчи тармоқлари (кемасозлик, тўқи-мачилик ва озиқ-овқат саноати) модернизация қилинди. Нефт монополиялари тузилди. Қишлоқ хўжалигида экстенсив деҳқончилик ва чорвачиликдан замонавий ишлаб чиқаришга ўтилди. Янги темир йўллар қурилди.

Нидерландия биринчи жаҳон уруши даврида[edit | edit source]

Биринчи жаҳон уруши (1914—18)да Нидерландия ўзининг бетарафлигини маълум қилди. 1917-йил иқтисодий қамал натижасида Нидерландияда ишлаб чиқариш ва савдо сусайиб кетди. 1918-йил баҳордан денгизда кема қатнови ҳам тўхтади. 1925—29 йилларда Нидерландияда саноатнинг янги тармоқлари (радиоаппаратлар ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш) вужудга келди. Жаҳон иқтисодий бўҳрони даври (1929—33)да Нидерландияда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт 2 баравар камайди.

Нидерландия иккинчи жаҳон уруши даврида[edit | edit source]

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Нидерландия бетарафлик эълон қилди. 1940-йил 10-майда фашистлар Олмонияси тўсатдан бостириб кирди ва 14-майда Нидерландия таслим бўлди. Қиролича Вилгелмина ва ҳукумат Буюк Британияга кўчиб кетди. Нидерландияни нацистлар идора қила бошлади. 1944-йил сентабр — 1945-йил мартда Иттифоқчи давлатлар қўшинлари Нидерландиянинг жанубини, 1945-йил апрелда шарқини озод қилдилар. 1945-йил май ойи бошларида Олмония қуролли кучларининг Нидерландиядаги қисмлари таслим бўлди.

Урушдан кейинги йилларда[edit | edit source]

1948-йилга келиб, Нидерландияда ишлаб чиқариш урушдан аввалги даражага етди. Четга сармоя чиқариш кескин кўпайди. Ишлаб чиқаришнинг консентрациялашуви тезлашди. 1950-йилларда миллий озодлик ҳаракати кучайиши натижасида Нидерландия мустамлакаларидан маҳрум бўлди. Нидерландия — 1945-йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 30-апрел (Қиролича куни). Нидерландия 1991-йил 31-декабрда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди ва 1992-йил 10-июлда дипломатия муносабатлари ўрнатди.

Асосий сиёсий партиялари, касаба уюшмалари[edit | edit source]

Давлат ислоҳот партияси, 1918-йилда тузилган; Марказ демократлари, 1993-йилда ташкил этилган; Демократлар-66, 1966-йилда асос солинган; „Сўл кўкатпарварлар“, 1991-йилда тузилган; Озодлик ва демократия учун халқ партияси, 1948-йилда ташкил этилган; Меҳнат партияси, 1946-йилда тузилган; Ислоҳотчи сиёсий федерация, 1975-йилда асос солинган; Ислоҳот сиёсий иттифоқи, 1948-йилда тузилган; Социалистик партия, 1972-йилда ташкил этилган; Иттифоқ 55+, 1994-йилда ташкил этилган; Христиан-демократик даъват, 1976-йилда асос солинган; Кексалар умумий уюшмаси, 1994-йилда тузилган. Нидерландия касаба уюшмалари федерасияси, 1976-йилда ташкил этилган; Касаба уюшмалари христиан миллий уюшмаси, 1909-йилда тузилган.¿

Хўжалиги[edit | edit source]

Нидерландия — юқори даражада ривожланган индустриал аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноат улуши 24,4 %, қишлоқ хўжалиги улуши 4,3 %. Нидерландия муҳим денгиз ва қуруқликдаги транспорт йўллари кесишган ерда жойлашган.

Саноати[edit | edit source]

Саноатининг техника даражаси юқори, малакали ишчи кучи билан таъминланган. Табиий газ Нидерландиянинг асосий кон бойлигидир. Нефт, тошкўмир ҳам қазиб чиқарилади. Ишлаб чиқариш саноатининг етакчи тармоқлари — кемасозлик, қора ва рангли металлургия, металлсозлик ва машинасозлик, кимё, нефтни қай-та ишлаш ва нефт кимёси, электротехника, радиоэлектроника, озиқ-ов-қат, тўқимачилик. Авиасозик ва автомобилсозлик ҳам ривожланган. Рангли металлургия саноатида алюминий, рух ва қалай эритилади. Амстердам, Роттердам, Утрехт, Ҳарлем ва бошқа шаҳарларда умумий машинасозлик, Роттердам, Схидам, Дордрехт, Амстердамда йирик кемасозлик, Борн ва Эйндховенда автомобилсозлик, Роттердам, Амстердам ва Флиссинген атрофларида нефтни қайта ишлаш корхоналари бор. Пластмасса, ўғит ҳамда синтетик тола учун хом ашё ишлаб чикарилади. Газ ва ош тузи хом ашё базасида кимё саноати ривожланган. Фармацевтика саноати, лок, бўёқ ва бўёвчи моддалар ишлаб чиқариш жуда тараққий қилган. Хенгело шаҳрида катта туз заводи бор. Нидерландиянинг қадимги саноати — олмосга сайқал бериш, асосан, Амстердам шаҳрида жойлашган. Озиқ-овқат саноати маҳсулотининг 1/3 қисмини гўшт-сут корхоналари беради. Мева-сабзавот консервалари, пиво, какао, шоколад ишлаб чиқариш ривожланган. Тўқимачилик саноатида, асосан, ип газлама ва сунъий ипакдан шойи ишлаб чиқарилади. Йилига ўртача 74 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалиги[edit | edit source]

Қишлоқ хўжалиги кўп миқдорда товар маҳсулот ишлаб чиқариб, мамлакат экспорт қийматининг 1/4 қисмига тенг. Қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқли ерлар (2,2 млн. га)нинг 60 % ўтлоқ, 35 % ҳайдалади, 3 % боғ, полиз ва гулчилик хўжаликлари. Нидерландия — четга энг кўп сут маҳсулотлари, тухум, парранда гўшти, гўшт консервалари, чўчқа гўшти чиқарувчи мамлакатлардан. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қийматининг 2/3 қисмига яқинини чорвачилик ва паррандачилик беради. Боғдорчилик, сабзавотчилик ва гулчилик деҳқончиликдан олинадиган маҳсулот қийматининг 60 % ни беради. Нидерландия — иссиқхоналарда етиштирилган сабзавот, мева ва узумни экспорт қилишда дунёда 1-ўринда. Нидерландия кўп миқдорда картошка экспорт қилади. Бундан ташқари, қанд лавлаги, донли экинлардан буғдой, арпа, сули экилади. Йилига 2 млрд. донадан кўпроқ лола пиёзи етиштирилади. Балиқ овланади[11].

Транспорти[edit | edit source]

Савдо флотининг тоннажи жиҳатидан Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида 3-ўринда туради. Юк айланмаси бўйича дунёда энг катта портлардан бири — Роттердам порти йилиги 280 млн. тонна юк ўтказади. Мамлакат ичкарисида ташиладиган юкларнинг 80 % автомобил транспортига, 17,1 % сув транспортига, 2,9 % темир йўл транспортига тўғри келади. Темир йўл узунлиги — 2850 км, автомобил йўллари узунлиги — 118,2 минг км. КЛМ авиакомпанияси йўловчилар ташиш бўйича дунёда 7-ўринни эгаллайди. Амстердамда халқаро аэропорт бор.

Экспорт ва импорт[edit | edit source]

Нидерландия четдан пўлат, транспорт воситалари, кимёвий маҳсулотлар, минерал ёқилғи сотиб олади. Четга тайёр буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор боп электр асбоб-ускуна ва ашёлар чиқаради. Нидерландия, асосан, Европа мамлакатлари билан савдо-сотиқ қилади. Чет эл сайёхлиги ривожланган (йилига 3 млн. сайёҳ келиб кетади). Асосий мижози бўлган ГФР га импортнинг салкам 33 % ва экспортнинг 22 % тўғри келади. Пул бирлиги — евро.

Ижтимоий соҳа[edit | edit source]

Аҳолига юқори даражали тиббий хизмат кўрсатилади. Давлат касалхоналари билан бир қаторда хусусий шифохоналар ҳам мавжуд. Врачлар университетлар ҳузуридаги 8 та тиббиёт факултетида тайёрланади.

1950-йилдан мамлакатда 8 йиллик бепул мажбурий таълим тўғрисидаги қрнун кучга кирган. 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар 6 йиллик мактабга қатнайдилар. Ўрта мактаблар икки турда: университетга кириш ҳуқуқини берадиган 6 йиллик гимназия, атениум (реал ўрта мактаб) ва лицейлардир. Умумий ўрта таълим мактаблари таркибига кичик, оралиқ ва юқори ўрта мактаблар киради. Нидерландиядаги бошланғич ва ўрта мактабларнинг фақат 30 % давлат қарамоғида. Бошланғич мактаб негизида ҳунар ва ўрта махсус таълим тизими ташкил этилган. Уларда ўқиш муддати бир неча ойдан 5-йилгача.

Нидерландияда тўлиқ олий маълумот берадиган 9 та университет, 3 та техника университети, университет даражасидаги 4 та коллеж, шу жумладан, Вагенингендаги олий қишлоқ хўжалиги мактаби бор. Давлат университетлари: Лейден (1575-йилда асос солинган), Утрехт (1636), Гронинген (1614), Амстердам (1877), Роттердам университетлари ва бошқа Давлатга қарашли ва хусусий илмий муассасалар мавжуд. университетлар ҳузуридаги институтлар, Амалий тадкикрт марказий ташкилотининг институтлари, Нидерландия қироллик фанлар академияси ва вазирликларнинг, Нидерландия фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш ташкилотининг институтлари, Ядро энергияси марказий кенгаши, Халқаро муносабатлар институти ва бошқа мавжуд.

Йирик кутубхоналари: Амстердам, Лейден университетларининг кутубхоналари, Гаагадаги Қироллик кутубхонаси ва бошқа Амстердамда Давлат музейи (1808-йилда асос солинган), Ван Гог миллий музейи (1972), Рембрандт уй-музейи (1907), Қироллик тропик институтининг музейи, Гаагада муниципал музей, Қироллик рассомчилик маскани (1820), Почта музейи (1929), Лейденда Миллий этнография музейи (1837), Миллий геология ва минералогия музейи бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатув[edit | edit source]

Энг йирик газета ва журналлари: „Алхемейн дахблад“ („Кундалик умумий газета“, 1946-йилдан), „Бин-ненхоф“ („Ички ҳовли“, оқшом газетаси, 1945-йилдан), „Гаагсе курант“ („Гаага газетаси“, 1883-йилдан), „Телеграф“ (кундалик газетаси, 1893-йилдан), „Трау“ („Садоқат“, кундалик газетаси, 1943-йилдан), „Фолкскрант“ („Халқ газетаси“, кундалик газетаси, 1920-йилдан), „Фрай Недерланд“ („Эркин Нидерландия“, ҳафталик газетаси, 1940-йилдан), „Фрае фолк“ („Озод халқ“, кундалик газетаси, 1900-йилдан), „Фрайхейд эн демократи“ („Озодлик ва демократия“, хафталик газетаси, 1949-йилдан), „Хруне амстердаммер“ („Кўкатпарвар амстердамлик“, ҳафталик газетаси, 1877-йилдан), „Демократ“ (ойлик журнали), „Политик эн кюл-тюр“ („Сиёсат ва маданият“, ойлик журнали, 1940-йилдан). Алхемейн Недерландс Персбюро — АНП, Нидерландия ахборот агентлиги, 1943-йилда тузилган. Голландия газеталари ноширларининг кооператив уюшмаси. Нидерландия радиоэшиттириш корпорацияси радиоэшиттириш ва телекўрсатув ташкилоти бўлиб, ҳукумат назоратида ишлайди, 1969-йилда ташкил этилган.

Адабиёти[edit | edit source]

Голланд тилидаги энг қад. адабий ёдгорлик 9-асрда дунёга келган. Нидерланд ва олмон адабиётида Г. ван Фелдекс (1140—1200) сарой эпосини яратиб шуҳрат қозонди. „Рейнард ҳақида қўшиқ“ деб аталган халқ достони халқчил шеърият ва драматургиянинг ривожланишига зўр таъсир ўтказди. 13-асрда диний адабиёт ривожланди. Нидерландия адабиетининг йирик намояндаси Эразм Роттердамскийнинг „Бемаънилик мадхи“ ҳажвий асари (1509) Уйғониш даври руҳида ёзилган. 17-аср Нидерландия маданиятида „олтин аср“ бўлди. Бу даврда турли оқимларга мансуб адиблар ижтимоий ва ахлоқ-одоб масалаларига оид асарлар яратдилар, гуманистик, демократик ғоялар ривожланди. Шоир ва драматург йил ван ден Вондел (1587— 1679)нинг „Мария Стюарт“, „Люсифер“ трагедиялари жаҳон адабиетининг нодир асарларидан бўлиб қолди. 18-аср адабиётида миллий-демократик анъаналар сусайди. 19-асрда яшаб, ижод қилган адиблар — А. Старинг, Э.Й.Потгитер, НидерландияБец ва бошқа голланд мустамлакачилигини танқид қилдилар ва умуман, ўткир ижтимоий муаммоларни кўтариб чикдилар. 19-аср 2-ярми ва 20-аср бошларида адабиётда социалистик гоялар хукмронлик қилди. 30-йилларда „Форум“ журнали атрофида уюшган адиблар фашизмга қарши курашдилар. 50-йилларда Л. Фроман, П.Роденко, Люсеберт, Р.Камперт, ХЛампо Европа адабиёти оқимида борди. 80—90-йилларда В.Рюислинк, Х. Хересм, Ж. Гамелинк, Я. Кремер ва бошқа реалистик тамойилларни кучайтирди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати[edit | edit source]

Рембрандт ван Рейн — жаҳондаги машҳур рассомлардан бири

Қадимги Нидерландия ҳудудида неолит даврининг сопол идишлари, тошдан қурилган мегалитик иншоотлари, милоддан аввалги 1-минг йилликка мансуб келт манзилгохлари, милодий 1—3-асрлар қад. Рим биноларининг қолдиқлари, олмонларнинг металл, заргарлик буюмлари сақланган. Ўрта аср меъморлиги намуналари Амстердам, Гаага ва бошқа шаҳарларда мавжуд (шаҳар деворлари, сарой, қалъа, уйлар). Мамлакатда тупроқнинг ботқоклиги, тош танқислиги биноларнинг ғишт ва ёғочдан қурилишига сабаб бўлган.

16—17-асрлар тасвирий санъатида турмуш манзаралари, натюрморт, портрет жанри ривожланди (яна қаранг Нидерланд санъати). 17-аср ўрталарида классицизмнинг голланд бадиий мактаби ривож топди (биноларнинг содда ва қулай бўлишига кўпроқ эътибор берилди). 17-аср 2-ярмида франсуз классицизмининг бой сарой ва парк меъморлиги таъсири кучайди. Жамоат, савдо ва ишлаб чиқариш бинолари (ратуша, биржа, савдо расталари ва бошқа) қурилди (меъморлар Я. ван Кампен, П. Пост, ака-ука Ф. ва Ю.Вингбонс ва бошқа). 17-асрда ҳайкалтарошлик унчалик ривожланмади (бинолар ҳайкал билан камданкам безатилди, портрет ҳайкаллар жуда кам ишланди). Рассомлик ва графика эса кенг ривож топди. Реалистик рассомлик юксалиб, бутун Европа тасвирий санъатига самарали таъсир ўтказди. Голланд рассомлари, одатда, бирор жанрга ихтисослашган. Портрет (Ф. Халс), деҳқонлар ҳаёти (А. ван Остаде) ва шаҳар ҳаёти (Я. Стен, Г. Терборх ва бошқа), ифодали маиший жанр, манзара (Я. Порселлис, Я. ван Рёйсдал) ва бошқа жанрларда қим-матли асарлар яратилди. Рембрандт, Ф. Хале, К. Фабрициус каби буюк рассомларнинг ижодида демократик кайфиятлар моҳирона ифодаланди.

19-асрда шаҳарларда аҳоли тиғизлашди, ихчам, тежамкор меъморлик шаклларига эътибор кучайди. Тасвирий санъатда оддий меҳнаткаш кишилар ҳаётига аҳамият берилди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Амстердам, Гаага, Роттердам ва бошқа шаҳарларда биноларнинг оқилона жойлашишига эришилди, миллий романтик тамойиллар билан суғорилган функсионализм етакчи оқим бўлиб қолди. 19-аср 2-ярмида Гаага ранг тасвир мактаби, 20-асрда голланд ҳайкалтарошлик мактаби шаклланди. Ҳозирги замон Нидерландия тасвирий санъатида турли модернистик окимлар ёйилган, аммо демократик тамойиллар ҳам (Чарли Тороп, Х. Шабо, П. Алма ижодида) сезилиб туради[12].

Мусиқаси[edit | edit source]

Нидерландиянинг мусиқа маданиятига дойр дастлабки маълумотлар илк ўрта асрларга мансуб. 12-асрдан рицарлик лирикаси ривож топди. 14-асрда менестреллар деб аталган саёқ созанда ва хонандалар халқ қўшиқчилигини профессионал санъат даражасига кўтардилар. Байрам, ярмарка, турли мусобақаларда мусиқа асбоблари жўрлигида ашула ва рақслар ижро этиш одат тусига кирди. 15—16-асрларда мусиқа санъати, айниқса, юксалди. Хусусан, Уйғониш даврида вужудга келган Нидерланд мактаби Европанинг композиторлик ижодиётига таъсир ўтказа бошлади. 17-асрда мусиқа асбобларини ишлаб чиқариш ҳам ривожланди. 17-аср охирларидан Нидерландияда инглиз, франсуз, италян мусиқалари таъсири ошди, комик опералар саҳнага қўйидди. К. Ҳақуартнинг „Ишқ тантанаси“ (1678) классицизм услубидаги биринчи голланд операсидир. Шу йилларда мусиқа жамиятлари ташкил этилди. 19-асрнинг 1-ярмидан миллий-демократик мусиқа маданияти ривож топа бошлади. Амстердам консерваторияси (1884), Нидерландия мусиқачилари қироллик жамияти (1875), Миллий опера (1916—23), Нидерландия композиторлари жамияти (1911) ва бошқа ташкилотлар мамлакатда мусиқа маданияти ривожида муҳим аҳамиятга эга бўдди. Амстердамда 1948-йилдан ёзги мусиқа фестиваллари ўтказиб турилади. Мамлакатда бир неча опера ва балет театрлари, 12 симфоник оркестр, 7 консерватория (баъзиларида Шарқ мусиқаси ўрганилади), 3 мусиқа лицейи, Амстердам, Лейден ва Утрехт университетларида мусиқа тарихи ва назарияси факултетлари бор. Композиторлардан Г.Ландре, С.Бессем, К. ван Барен, дирижёрлардан П. Хюпперц, Б.Хайтинк, мусиқа ижрочиларидан К.де Грот, Л.Понсе, Г.Леонҳардт, Т.Олоф, Т.Байле ва бошқа машҳур.

Балети ўрта асрлардан вужудга кела бошлаган, байрам ва карнавалларда рақслар кўп ижро этилган. 1959-йилда Амстердам балет труппаси тузилган. Унинг С.Гаскелл труппаси (1954) билан қўшилиши (1961) туфайли Нидерландия миллий балети ташкил топган. Гаагада 1961-йилдан Нидерландия раке театри ишлайди. 1945-йилдан болаларучун спектакллар қўядиган „Скапино“ труппаси ишлаб турибди. О.де Хае, Я.Флиер, И.Сандерс Нидерландия операсини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Театри[edit | edit source]

12-аср охиридан бошлаб драматик асарлар саҳналаштирила бошлади. 14-асрда адабиёт ва театр шинавандалари жамияти тузилди. 1638-йилда Амстердам шаҳри театрига асос солинди. Кўплаб сайёр труппалар мамлакат бўйлаб томошалар кўрсатарди. 1870-йилда тузилган „Нидерланд театр уюшмаси“ миллий театр санъати ривожига катта ҳисса қўшди. Нидерландияда ҳаваскорлик театрлари кенг тарқалган. Театрларда У. Шекспир, Ф. Шиллер, Ф. Достоевский, Нидерландия Гогол, А. Чехов, М.Горкий асарлари кўрсатилган. Кейинги йилларда маҳаллий муаллифлардан Я. Стал, С. Нотебом, Я. ван дер Мерве ва бошқаларнинг асарлари кўплаб саҳналаштирилди. Арнем, Роттердам шаҳарларида театрлар мавжуд. Замонавий саҳна усталари орасида А. ван Далсюм, К. ван Дейк, Э. ван Линген, В. Фос машхур. Амстердамда Театр музейи бор.

Киноси[edit | edit source]

1898-йилдан ҳужжатли, 1910-йилдан бадиий филмлар ишлаб чиқарилган. 1927-йил Амстердамда кино санъатини тарғиб қилувчи „Филмлига“ кино клуби ташкил қилинди. Унинг таркибига кирган кино ходимлари „Улик сув“ (режессор Г.Рюттен) ва бошқа филмларни яратдилар. Фашистлар оккупа-сияси йилларида экранларда, асосан, олмон филмлари намойиш қилинди. Мамлакат фашистлардан озод қилингандан кейин Қаршилик ҳаракати тўғрисида кўплаб ҳужжатли филмлар суратга олинди (режессор Р.Хорнекер, Ж.Ферну, О. ван Неенхоф ва бошқа), бадиий филмлар яратиш кенг йўлга қўйилди. Кейинги йилларда „Амстердам, сув шаҳри“ (режессор М.Хас) илмий-оммабоп филми, „Сув овози“ (режиссор Б.Ханстра), „Касбдошлар, шовқин қилманг“ (режиссор Ф.Радемакерс), „Турк меваси“ (режиссор П.Ферхувен) каби бадиий филмлар чиқарилди. Кинематография кадрлари Амстердам кино институти ва кино академиясида тайёрланади.

Ўзбекистон — Нидерландия муносабатлари[edit | edit source]

Ҳаволалар[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]

  1. CБС СтатЛине — Популатион анд популатион дйнамиcс; монтҳ, қуартер анд еар
  2. Международный валютный фонд (апрель 2008)
  3. Воргезогене Неуwаҳл ин ден Ниэдерланден(олм.)
  4. Региэрунг зербричт ан Афгҳанистан-Стреит(олм.)
  5. CБС СтатЛине — Популатион анд популатион дйнамиcс; монтҳ, қуартер анд еар (ингл.)
  6. Протестантисм бй cоунтрй статистиcс — cоунтриэс cомпаред — НатионМастер
  7. CИА — Тҳе Wорлд Фаcтбоок (Wайбаcк Мачине сайтида 2011-08-16 санасида архивланган) (ингл.)
  8. 5, 2012-01-11да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-26
  9. 4, 2020-05-21да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-26
  10. %29-л&ЛА=ЭН&ВW=Т 3
  11. 1, 2020-05-21да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-26
  12. 1, 2016-03-30да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-26