Jump to content

Муътазз

From Vikipediya
Муътазз
المعتز
Халифа
Мўминлар амири

Муътаззнинг олтин динори. Ҳижрий 253-йилда (867-йил) Самарқандда зарб этилган
Аббосийлар халифалигининг 13-халифаси
Салтанат 866-йил 25-январ — 869-йил 13-июл
Ўтмишдоши Мустаъин
Давомчиси Муҳтадий
Туғилиши тах. 847
Самарра, Аббосийлар халифалиги
Вафоти 869-йил июл/август (22 ёшда)
Самарра, Аббосийлар халифалиги
Дафн этилган жой
Турмуш ўртоғи Фатима Хотун бинти ал-Фатҳ ибн Хоқон
Фарзандлари Абдуллоҳ ибн ал-Муътазз
Тўлиқ номи
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Мутаваккил ал-Муътазз биллоҳ
Сулола Аббосийлар
Отаси Мутаваккил
Онаси Қабиҳа
Дини Суннийлик (Ислом)

Абу Абдуллоҳ Муḥаммад ибн Жаъфар (арабча: أبو عبد الله محمد بن جعفر); (847 —869-йил 16-июл), ҳукмдорлик номи ал-Муътазз биллоҳ (المعتز بالله, „Худо томонидан қувватланган киши“) сифатида машҳур, Аббосийлар халифалигида „Самаррадаги анархия“ деб номланган ички беқарорлик даврида 866-йилдан 869-йилгача аббосийлар халифаси бўлган.

Дастлаб отаси Мутаваккилнинг учта меросхўри орасида иккинчи бўлган Муътазз укаси Мунтасир тахтга ўтиргандан сўнг меросхўрлик ҳуқуқидан воз кечишга мажбур бўлган. Амакиваччаси Мустаъин халифалиги даврида хавфли рақиб сифатида кўрилиб, қамоққа ташланган. 866-йил январида Мустаин ва Самаррадаги турк ҳарбийлари ўртасида бўлиб ўтган фуқаролар уруши вақтида озод қилинган ва халифаликка эришган. Муътазз турк қўшини устидан халифа ҳокимиятини тиклашга қатъий қарор қилса-да, бу борада жуда кам муваффақиятга эришган. Вазир Аҳмад ибн Исроилнинг ёрдами билан туркларнинг етакчи саркардалари Восиф ат-Туркий ва Буға ас-Сағирни ҳокимиятдан четлатиб, ўлдиришга муваффақ бўлган. Бироқ, Бағдоддаги Тоҳирийларнинг таназзулга учраши халифани туркларга қарши курашувчи ролидан маҳрум қилган. Туркий қўмондон Солиҳ ибн Восиф билан юзма-юз бўлиб, ўз қўшинларининг талабларини қондириш даражасида пул топа олмай қолган халифа тахтдан ағдарилган ва ёмон муомала натижасида бир неча кундан сўнг, 869-йил 16-июлда вафот этган.

Ҳукмронлиги даврида Мисрда Тулунийлар ва Шарқда Саффорийлар мухтор сулолаларининг пайдо бўлиши, Ҳижоз ва Табаристондаги Алийлар қўзғолонлари, Қуйи Ироқдаги буюк Занж қўзғолонларининг дастлабки ҳаракатлари, шунингдек, халифаликнинг марказий ҳокимияти таназзулининг чўққиси ва марказдан айирмачилик тенденсияларининг авж нуқтаси кузатилган.

Ёшлик даври

[edit | edit source]
9-аср Аббосий халифаларнинг шажара дарахти

Бўлажак Муътазз халифа Мутаваккилнинг (ҳ. 847–861) севимли чўриси Қабиҳадан туғилган[1]. 849-йилда Мутаваккил уч ўғлини меросхўр этиб тайинлаб, уларни империя вилоятларини бошқариш ва даромадлари учун масъул этиб тайинлаган. Катта ўғли Мунтасир биринчи ворис бўлиб, Миср, Жазира ва пойтахт Самаррадан ижара ҳақи олган. Муътаззга Шарқдаги Тоҳирий ноибнинг мулкларини назорат қилиш вазифаси юкланган. Сурияга эса Муъайяд бошчилик қилган[2]. Бироқ, вақт ўтиши билан Мутаваккилнинг фикри Муътазз фойдасига ўзгарган. Халифа севимли маслаҳатчиси Фатҳ ибн Хоқон ва вазир Убайдуллоҳ ибн Яҳё ибн Хоқон маслаҳати билан Муътаззни биринчи ворис этиб тайинлаш ва Мунтасирни ворисликдан четлаштириш ҳақида ўйлай бошлаган. Икки шаҳзода ўртасидаги рақобат сиёсий соҳадаги кескинликда ҳам акс этган. Чунки Муътаззнинг ворислигини анъанавий Аббосий элиталари қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин. Мунтасирни эса турк ва Мағариба қўриқчи қўшинлари қўллаб-қувватлаган[3][4].

861-йил октабрда турк саркардалари халифага суиқасд уюштиришга киришган. Тез орада отаси билан муносабатлари ёмонлашган Мунтасир уларга қўшилган ёки ҳеч бўлмаганда сўзсиз қўллаб-қувватлаган. 5-декабр куни Рамазон ойи охиридаги жума намозига имомлик қилиш масаласида Мунтасир Муътазз фойдасига четлаб ўтилган. Намоз охирида отасининг маслаҳатчиси Фатҳ ва вазир Убайдуллоҳ Муътаззнинг қўл ва оёқларини ўпиб, саройга қайтишда унга ҳамроҳлик қилишган. 9-декабр куни Мутаваккил, Мунтасирга нисбатан қилинган бошқа хўрликлар қаторида, тўнғич ўғлига ўлдириш билан таҳдид қилган[5][6]. Натижада 10-декабрдан 11-декабрга ўтар кечаси турклар Мутаваккил ва Фатҳни ўлдиргандан сўнг, Мунтасир халифа бўлган[7][8]. Мунтасир деярли дарҳол укалари ўзига байъат қилишлари учун одам юборган[9]. Шундай қилиб, вазир Убайдуллоҳ Мутаваккилнинг вафотидан хабар топгач, Муътаззнинг уйига борган, бироқ шаҳзодани уйидан топа олмаган. Муътаззнинг тарафдорлари, жумладан, абна ад-давла ва бошқа бир неча минг киши эрталаб тўпланиб, вазирни саройга бостириб киришга ундаганларида, Убайдуллоҳ „бизнинг одамимиз уларнинг қўлида“ деб рад жавобини берган[10]. Мутаваккилнинг ўлдирилиши 870-йилгача давом этиб, „Самаррадаги анархия“ деб аталган ва Аббосийлар халифалигини ҳалокат ёқасига олиб келган нотинч даврни бошлаб берган[11].

Турк қўмондонлари Восиф ат-Туркий ва Буға ас-Сағирнинг босими остида Муътазз ва Муъайяд 862-йил 27-апрелда ворисликларидан воз кечган[12]. Бироқ, Мунтасир 862-йил июн ойида ўз ўрнига ворис тайинлашга улгурмасдан вафот этган[13]. Шундан сўнг турклар ҳукумат устидан назоратни кучайтириб, янги халифаликка Мунтасирнинг амакиси Мустаъинни (ҳ. 862—866– ) танлашган[13]. Янги халифа дарҳол Самаррада Муътаззни қўллаб-қувватлаган йирик ғалаёнга дуч келган. Қўзғолончилар орасида „бозор тўполончилари“ билан бир қаторда шокирийлар қўшинларининг ёлланма аскарлари ҳам бор эди. Қўзғолонни Мағариба ва Ушрусанийя кучлари бостирган бўлса-да, ҳар икки томондан талофатлар кўп эди[14]. Мустаъин Муътазз ёки Муъайяд халифаликка даъво қилишлари мумкинлигидан хавотирланиб, биринчи навбатда уларга йиллик 80 000 олтин динор миқдорида субсидия таклиф қилиб, сотиб олишга ҳаракат қилган. Бироқ, орадан кўп ўтмай, уларнинг мол-мулки мусодара қилинган. Табарийнинг сўзларига кўра, Муътаззнинг мулки ўн миллион дирҳамга баҳоланган. Ўзлари эса Буға ас-Сағир назорати остида Жавсақ саройининг хоналаридан бирига қамоққа ташланган[15].

Халифалиги

[edit | edit source]
Муътазз Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳга совғалар жўнатмоқда. Тарихи Алфи қўлёзмасидан. тах. 1592–1594-йиллар

Туркий раҳбарлар ўртасидаги рақобат 865-йилда бўлинишни юзага келтирган. Мустаин, Восиф ва Буға Самаррадан Бағдодга кетиб, 865-йил 5/6-февралда шаҳарга етиб келишган. Шаҳарда уларга кўплаб тарафдорлар қўшилиб, шаҳарнинг Тоҳирий ҳокими Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Тоҳир билан иттифоқ тузиб, шаҳарни мустаҳкамлашни бошлашган. Туркларнинг асосий қисми эса Самаррада қолган. Самаррадагиларнинг мавқеига ушбу коалиция таҳдид солгани сабабли Муътаззни озод қилиб, халифа деб эълон қилдилар. 24-февралда Муътазз укаси Абу Аҳмадни (бўлажак Муваффақ) қўшин бошлиғи этиб тайинлаб, Бағдодни қамал қилиш учун юборган[16][17][18]. Абу Аҳмад қамалда етакчи рол ўйнаган. Натижада турк ҳарбийлари билан яқин ва доимий алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлган. Бу эса кейинчалик укаси Муътамид (ҳ. 870–892) билан бирга халифаликнинг виртуал регентига айланишига имкон берган[19].

Қамал 865-йил декабригача давом этди. Бунда ҳокимиятдан маҳрумлик, ўз тарафдорларига тўлаш учун пул ё'қлиги ва қамал натижасида юзага келган нархларнинг ошиши Мустаъин режимини қўлловдан маҳрум қилди. Натижада Муҳаммад ибн Тоҳир қамалчилар билан музокаралар бошлаб юбориб, келишувга эришган. Мазкур келишув бўйича империя даромадларини бўлишиш масаласида ўзаро муросага эришилган. Жумладан, турклар ва Самарранинг бошқа қўшинлари йиллик давлат даромадининг учдан икки қисмини оладиган, қолган қисми эса Ибн Тоҳир ва унинг Бағдоддаги қўшинларига бериладиган бўлган. Келишувнинг бир қисми сифатида Мустаин йиллик 30 000 динор нафақа эвазига тахтдан воз кечиши керак эди[20]. Шундай қилиб, 866-йил 25-январда Бағдод таслим бўлганидан кейин Муътазз расман ягона, қонуний халифа бўлган[1].

Гарчи турклар томонидан тахтга чиқарилган бўлса-да, Муътазз қобилиятли ҳукмдор эканлигини исботлаган. Ўз ҳокимияти ва мустақиллигини тиклашга бел боғлаган[21]. Мутаваккил даврида ўз котиби бўлган Аҳмад ибн Исроилни вазир этиб тайинлаган[1][22]. Муътазз тезда ҳар қандай рақибини четлаштирган. Шундай қилиб, Мустаъинга берилган хавфсизлик ваъдасига қарамай, 866-йил октябр/ноябр ойларида Муътазз уни Самаррадаги Катулда ўлдирган[1]. Худди шу тарзда укаси Муайядни ҳам ўлимга ҳукм қилган. Ҳатто уни ворислик ҳуқуқидан яна воз кечишга мажбур қилган[1]. Ниҳоят, Абу Аҳмад дастлаб фуқаролар урушида ғалаба қозонишдаги роли учун халифа томонидан катта ҳурмат билан кутиб олинган бўлса-да, Муайяд билан бирга қамоққа ташланган. Бироқ, ҳарбийларнинг ёрдами унинг ҳаётини сақлаб қолган. Охир-оқибат уни озод қилиб, Бағдодга қайтишга рухсат берилишига қадар Басрага жўнатишди[23]. Кейин халифа кучли турк қўмондонлари Восиф ат-Туркий ва Буға ас-Сағирни нишонга олган. 866-йил охирида уларга қарши дастлабки ҳаракат армия қаршиликлари туфайли муваффақияцизликка учраб, ҳар иккиси ўз лавозимларига тикланган[24]. Кейинги йили Восиф қарзларини тўлашни талаб қилиб қўзғолон кўтарган турк қўшинлари томонидан ўлдирилган. Буға эса 868-йилда халифанинг буйруғига биноан қамоққа олиниб, қатл этилган. Яна бир қудратли турк қўмондони Мусо ибн Буға ал-Кабир айни вақтда Ҳамадонга сургун қилинган[21][25].

Ушбу муваффақиятларга қарамай, халифа даврнинг асосий муаммоси, яъни қўшинларга тўлаш учун даромад танқислигини бартараф эта олмаган. Халифаликнинг молиявий қийинчиликлари Муътаззнинг тахтга чиқиши билан ҳам аён бўлган эди. Тахтга ўтириш маросими харажатлари қўшинлар учун ўн ойлик тўлов маблағлари етишмаслиги сабабли икки баробар камайтирилиши керак бўлган. Айни шу сабаб Бағдоддаги Мустаъин режимини ағдаришга ҳам ёрдам берган[20]. Фуқаролар уруши ва ундан кейинги умумий анархия вазиятни янада оғирлаштирган. Чунки чеккароқ вилоятлар у ёқда турсин, ҳатто Бағдод атрофидан келадиган даромадлар ҳам тўхтаб қолган[26]. Натижада, Муътазз Бағдодда Ибн Тоҳир билан қилган келишувини бажаришдан бош тортиб, уни ўз тарафдорларини таъминлашга ундаган. Бу шаҳарда тартибсизликлар келтириб чиқариб, Тоҳирийлар ҳокимияти мавқеининг тезда пасайишига олиб келган[27]. Бағдоддаги ғалаён Муътазз томонидан янада кучайтирилган. Халифа 869-йилда Ибн Тоҳирнинг укаси ва вориси Убайдуллоҳни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига анча қобилиятли укаси Сулаймонни тайинлаган[28]. Бундай ҳолда, бу сиёсат фақат халифани Самарра аскарларига нисбатан фойдали қарши позициядан маҳрум қилишга хизмат қилиб, туркларга аввалги кучларини қайта тиклашга имкон берган[21].

Натижада, 869-йилга келиб турк бошлиқлари Солиҳ ибн Восиф (Восиф ат-Туркийнинг ўғли) ва Байкбак яна ўз ўрнига қайтиб, Аҳмад ибн Исроилнинг четлатилишини таъминлашган[28]. Ниҳоят, турк қўшинларининг молиявий талабларини қондира олмаган Муътазз июл ойи ўрталарида сарой тўнтариши натижасида тахтдан ағдарилган. У қамоққа олиниб, ўта ёмон муносабат натижасида уч кундан кейин, 869-йил 16-июлда вафот этган[28]. Муътазздан кейин тахтга Муҳтадий чиққан[28].

Мероси

[edit | edit source]

Муътазз ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва ҳарбийлар устидан назоратни тиклашга ҳаракат қилганига қарамай, ҳукмронлик даври беқарорлик ва ишончсизлик билан ажралиб турган ва ҳарбийларни ўзига бўйсундира олмаган. Марказдаги бу заифлик халифалик вилоятларида аллақачон намоён бўлган марказдан қочиш тенденсияларини янада ривожлантирган[28]. Иқтидорли туркий саркарда Аҳмад ибн Тулун 868-йилда Миср ноиби этиб тайинлангач, автоном Тулунийлар сулоласини барпо этишга киришган. 905-йилда Аббосийлар қўлига ўтган бўлса-да, Тулунийлар режими фиръавнлар давридан кейин биринчи марта Мисрни алоҳида сиёсий бирлик сифатида ташкил қилган эди. Қайта тикланган Аббосийлар ҳукмронлиги беқарор бўлган. 935-йилда бошқа маҳаллий сулола — ихшидийлар ҳокимиятни қўлга олган. 969-йилда Аббосийларнинг рақиблари бўлган Фотимийлар халифалиги мамлакатни босиб олган[29]. Шарқда Алийлар қўзғолонлари Тоҳирийлар ҳукмронлигини заифлаштириб, Табаристонда Ҳасан ибн Зайд бошчилигида Зайдийлар давлатининг барпо этилишига олиб келди. Шу билан бирга, Яъқуб ибн Лайс ас-Саффор заифлашиб бораётган Тоҳирийларга қарши ҳужум бошлади. Бу эса уни халифаликнинг шарқий вилоятлари устидан назорат ўрнатишига олиб келиб, ҳатто 876-йилда халифалик тахтини эгаллаш учун муваффақияциз уриниш ҳам бўлган[28][30]. Пойтахтга яқин ҳудуддаги Хорижийлар қўзғолонлари шимолда Жазирани ларзага келтирган. Жанубда эса Басра атрофида буюк Занж қўзғолонининг илк ҳаракатлари бошланган[28].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Босwортҳ 1993, с. 793.
  2. Кеннедй 2004, с. 167.
  3. Гордон 2001, с. 82.
  4. Кеннедй 2004, с. 169.
  5. Краэмер 1989, сс. 171–173, 176.
  6. Кеннедй 2004, сс. 168–169.
  7. Краэмер 1989, сс. 171–182, 184, 195.
  8. Кеннедй 2006, сс. 264–267.
  9. Краэмер 1989, сс. 197–199.
  10. Краэмер 1989, сс. 182–183.
  11. Кеннедй 2004, сс. 169–173.
  12. Краэмер 1989, сс. 210–213.
  13. 13,0 13,1 Кеннедй 2004, с. 171.
  14. Салиба 1985, сс. 3–5.
  15. Салиба 1985, сс. 6–7.
  16. Салиба 1985, сс. 28–44.
  17. Кеннедй 2001, с. 135.
  18. Кеннедй 2004, сс. 171–172.
  19. Кеннедй 2001, сс. 149фф..
  20. 20,0 20,1 Кеннедй 2001, сс. 138–139.
  21. 21,0 21,1 21,2 Кеннедй 2004, с. 172.
  22. Краэмер 1989, с. 164.
  23. Кеннедй 2001, с. 149.
  24. Салиба 1985, сс. 122–124.
  25. Босwортҳ 1993, сс. 793–794.
  26. Кеннедй 2001, с. 138.
  27. Кеннедй 2001, с. 139.
  28. 28,0 28,1 28,2 28,3 28,4 28,5 28,6 Босwортҳ 1993, с. 794.
  29. Бианқуис 1998, сс. 86–119.
  30. Босwортҳ 1975, сс. 102–103, 108фф..

Адабиётлар

[edit | edit source]
Муътазз
Таваллуди: 847 Вафоти: 869
Суннийлик унвонлари
Олдингиси Аббосийлар халифалиги халифаси
866 — 869
Кейингиси