Мавритания
Мавритания Республикаси الجمهورية الإسلامية الموريتانية Ал-Ǧумҳūрийяҳ ал-Ислāмийяҳ ал-Мūрīтāнийяҳ Рéпублиқуэ Исламиқуэ де Мауританиэ | |
---|---|
Шиор: شرف إخاء عدل Арабча: Фахр, Қариндошлик, Адолат | |
Мадҳия: نشيد وطني موريتاني Арабча: Мавритания Давлат Мадҳияси | |
Пойтахт | Нуакшот |
Расмий тил(лар) | Араб тили |
Ҳукумат | Ҳарбий То`нтариш |
Полковник Эли Улд Моҳамед Валл | |
Сиди Моҳамед Оулд Боубаcар | |
Мустақиллик (Франсиядан) | |
• Сана |
28-ноябр 1960 |
Майдон | |
• Бутун |
1,030,700 км2 (29-ўрин) |
• Сув (%) |
0.03 |
Аҳоли | |
• 2002-йилги рўйхат |
3,086,859 (131-ўрин) |
• Зичлик | 2/км2 |
ЙИМ (ХҚТ) | 2005-йил рўйхати |
• Бутун |
АҚШ$6,198 мил. (150-ўрин) |
• Жон бошига |
АҚШ$2,008 |
Пул бирлиги | Оугуия (МРО) |
Вақт минтақаси | УТC+0 |
• Ёз (ДСТ) |
УТC+0 |
Қисқартма | МР |
Телефон префикси | 222 |
Интернет домени | .мр |
|
Мавритания (Мауританис), Мавритания Ислом Республикаси (Ал-Жумҳурия ал-Исломия ал-Мавритания, Рéпублиқуэ Исламиқуэ Мауританиэ) — Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Майдони 1031 минг км². Аҳолиси 4,3 млн. киши (2022). Пойтахти — Нуакшот шаҳри Маъмурий жиҳатдан 12 вилоят (регион) га бўлинади, пойтахти — Нуакшот шаҳри мухтор округ (дистриcт) сифатида ажратилган.
Давлат тузуми
[edit | edit source]Мавритания — республика. Амалдаги конституцияси 1991-йилда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (1992-йилдан полковник Маауйя улд Сиди Аҳмад Тайя). У умумий тўғри овоз бериш йўли билан 6 йил муддатга сайланади ва бир неча марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият — 2 палатали парламент (Миллий ассамблея ва Сенат). Ижроия ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади, бош вазирни президент тайинлайди.
Табиати
[edit | edit source]Мавританиянинг кўп қисми Ғарбий Саҳрои Кабирнинг қумли ва тошлоқ чўллари, Атлантика океанига туташ соҳили пасттекислик. Ер юзасида пасттекисликлар ва унча баланд бўлмаган платолар кўп. Мамлакат ҳудуди токембрий жинсларидан таркиб топган қад. АфрикаАрабистон платформасига мансуб. Мис, темир рудалари, шунингдек, тоштуз, гипс, фосфорит конлари бор. Иқлими тропик чўл иқлими. Январнинг ўртача температураси 16—20°, июлники 30—32°. Энг юқори температура 40—45°. Шарқдан тез-тез иссиқ шамол эсиб туради. Йиллик ёғин 50–100 мм. Мавританияда Сенегалдан бошқа оқар дарёлари йўқ. Экинларни суғоришда дарё, ер ости ва булоқ сувларидан фойдаланилади. Чўлларда буталар, акация ва бошқа ўсади. Мавританияда судралиб юрувчилар, кемирувчилар кўп; чиябўри, фенек тулкиси, ғизол, кийик ва бошқа бор. Қирғоқ сувлари овланадиган баликларга бой. Бандаргон миллий боғи мавжуд.
Аҳолиси
[edit | edit source]Мавритания туб аҳолисининг 80% дан кўпроғини маврлар ташкил этади. Улар араб тилининг ҳасанийя шевасида сўзлашади, шунингдек, барбарзенагалар, фулбе, волоф, тукулер, сонинке ва бошқа халқлар яшайди. Расмий тил — араб тили. Расмий дин — ислом. Аҳолининг 39% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари — Нуакшот, Нуадибу, Зуэрат, Каэди.
Тарихи
[edit | edit source]Мавританиянинг қад. ва ўрта асрлар тарихи кам ўрганилган. 4—11-асрларда Мавританиянинг жанубий қисми Ғарбий Африка (Гана ва бошқалар) давлатлари таркибида бўлган. 13—14-асрларда Мавританиянинг жанубий қисми Мали давлатига қўшилгандан кейин араблар ҳукмронлиги кучайди.
15-асрдан Мавританияга португаллар, испанлар, голландлар, инглизлар, франсузлар келиб, қул, олтин, сирач олиб кета бошлади. 1783-йилги Версал сулҳига кўра, Мавритания соҳиллари тамоман Франсияга тобе бўлиб қолди. 1903-йилда Франсия Мавританияни ўз протекторатига айлантирди. 1920-йил мамлакат расмий равишда Франсия мустамлакаси деб эълон кдлинди. Мавритания халқи мустамлакачиларга карши мунтазам курашиб келди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Мавританияда озодлик ҳаракати кучайди. 1946-йилдан Мавритания Франсиянинг "денгиз ортидаги ҳудуди". 1958-йилдан Франсия ҳамжамияти таркибида ўзини ўзи бошқарувчи республика. 1960-йил 28-ноябр да Нуакшотда мустақил Мавритания Ислом Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. 1961-йил майда Мавритания конституцияси қабул қилинди. 1991-йилдан мамлакатда кўп партияли тизимга ўтидди. Мавритания ташқи сиёсатда блокларга қўшилмаслик, барча мамлакатлар билан ҳамкорлик тамойилига содиқ. Мавритания 1961-йил ноябрдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 28-ноябр — Мустақиллик куни (1960).
Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари
[edit | edit source]Республикачилар социалдемократик партияси, 1991-йилда тузилган; Демократия ва бирлик йўлидаги бирлашма, 1991-йилда ташкил топган; Мавритания уйғониш партияси, 1991-йилда асос солинган. Мавритания меҳнаткашлари иттифоқи — бирлашган умуммиллий касаба маркази, 1961-йилда тузилган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.
Иқтисодиёти
[edit | edit source]Мавритания — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги (балиқчилик билан бирга) улуши 30%, саноат улуши 19,2%. Ишлаб чиқарувчи кучлар заиф ривожланган. Мустақилликка эришилгач, ҳукумат қишлоқ хўжалиги ва балиқчиликни жадал ривожлантириш, хорижий сармоя қўйишни рағбатлантириш тадбирларини кўрди. Кончилик саноати ривож топган. Қайта ишлаш саноати озиқ-овқат (балиқ ва гўштни қайта ишлаш, қандшакар ва консерва ишлаб чиқариш), кимё, нефт маҳсулотлари, кўнчилик, тикувчилик, гиламдўзлик тармоқларидан иборат. Денгиз сувини чучуклаштириш курилмаси ўрнатилган. Йилига 140 млн. кВт/соат электр энергия қосил қилинади. Анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш рағбатлантирилади. Саноат корхоналарининг аксарияти Нуакшот шаҳрида жойлашган. Кўпчилик аҳоли банд бўлган қишлоқ хўжалиги заиф. Унинг асосий тармоғи — кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик. Қорамол, туя, қўй, эчки, эшак, от боқилади. Балиқ ва денгиз жониворлари овланади. Сенегал дарёси бўйида ва воҳалардагина деҳқончилик қилинади. Ҳудудининг 2/5 қисми яйлов. Асосий озиқ-овқат экинлари: тариқ, оқ жўхори, маккажўхори, батат, дуккаклилар, шоли, ер ёнғоқ, хурмо ва бошқа Акация дарахтининг муайян турларидан ажралиб чиқадиган ёпишқоқ модда — гуммиарабик (араб елими) экспорт аҳамиятига эга. Тез-тез бўлиб турадиган қурғ-оқчилик қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади. Темир йўллари узунлиги —0,7 минг, автомобил йўллари узунлиги —8 минг км дан ортиқ. Асосий денгиз портлари ва халқаро аэропортлари — Нуакшот ва Нуадибу. Сенегал дарёсининг қуйи оқимида кема қатнайди. Мавританиядан четга темир рудаси, олтин, гипс, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, чорва, тери ва бошқа чиқарилади. Мавританияга четдан саноат моллари, нефт маҳсулотлари, машина ва ускуналар, озиқ-овқат келтирилади. Ташқи савдода Франсия, Италия, Буюк Британия, Япония, Германия, АҚСҲ, ХХР билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — угия.
Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари
[edit | edit source]Бошлангич таълим мажбурий ҳисобланади, бироқ болаларнинг оз қисми мактабга қатнайди. Мавританияда 1214 бошланғич ва 51 ўрта мактаб бор. Ўқиш муддати: бошланғич мактабда 6 йил, ўрта мактабда ҳам 6 йил Бошланғич мактабларда дарc араб тилида, ўрта ва олий мактабларда франсуз тилида олиб борилади; бошланғич мактабларда франсуз тили ҳам ўргатилади. Олий ўқув юртлари: Нуакшотда университет (1983), Педагогика институти (1971), Олий маъмурий мактаб. Бутилимит шаҳрида Олий ислом тадқиқот институти (1961) бор. Ёшларнинг аксарияти Франсия, Сенегал ва бошқа мамлакатларнинг унтларига бориб ўқийди. Мавританияда кончилик саноати илмий тадқиқот маркази, сабзавотчилик илмий тадқиқот институти, бир неча қишлоқ хўжалиги тажриба стансияси, Педагогика ҳужжатлаштириш маркази (1962) бор. Нуакшотда Миллий кутубхона (1961), Миллий архив (кутубхонаси билан, 1955) ва Марказий оммавий кутубхона мавжуд.
Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви
[edit | edit source]Мавритания да чиқадиган асосий нашрлар: "Аш-шааб" ("Халқ", 1975-йилдан, араб ва франсуз тилларида чиқадиган кундалик ҳукумат газ.), "Пёпл" ("Халқ", франсуз ва араб тилларида йилига 6-марта чиқадиган газ.), "Журнал офисел" ("Расмий газ.", франсуз тилида ҳафтасига 2-марта чиқадиган ҳукумат хабарномаси). Мавритания радиоэшиттириш ва телекўрсатув хизматига 1958-йилда асос солинган; араб, франсуз ва маҳаллий тилларда эшиттириш ва кўрсатувлар олиб боради. Мавритания ахборот агентлиги 1975-йилда тузилган бўлиб, 1990-йилгача Мавритания матбуот агентлиги деб аталган; у ҳукумат назоратида.
Адабиёти мумтоз араб тилида, араб тилининг ҳасанийя шевасида ва барбар тилида. Араблар келишидан аввал барбар қабилаларининг халқ оғзаки ижодиёти мавжуд бўлган ва у ривожланиб келаётир. Мумтоз араб тилида дастлабки диний ва тарихий мазмундаги асарлар 11-асрдан маълум. Ҳасанийя шевасида қахрамонлик достонлари ва мусиқий шеърлар яратилган. 16-асрда мумтоз араб тилида дунёвий шеърият вужудга келди. 17— 18-асрларда У.Разга, Бу Фумуайн, Мавритания ал-Ядали, 19-асрда У ат-Телба, У. Муҳамди, У. аш-шайх Сидия каби атоқли шоирлар ижод қилди. Замонавий шоирлар орасида Ал-Мухтор ал-ҳамид, Хатри ибн-Хатри, Уалла Абнилар бор. Баккен шеърлари маҳаллий шевада ва мумтоз шаклда ёзилган.
Меъморлиги, тасвирий ва амалий санъати
[edit | edit source]Мамлакат жанубида неолит даврига мансуб ўнлаб истеҳкомли манзилгоҳлар (тепаликларда тош девор билан ўралган тош уйлар) топилган. Барбарларнинг эни 15 м гача, баландлиги 2 м ли "шуша" деб аталган доирасимон кабристонлари милоддан аввалги 1минг йилликка оид деб ҳисобланади. Милодий 7—11-асрларда савдо йўлларида, қудуқлар атрофида боғлар, тош уйлар ва маежидлар пайдо бўлиб, барбар манзилгоҳлари ҳосил бўлган ва улар аста-секин шаҳарларга айланиб борган. 11 —12-асрлардан Мавритания ҳудудида тўғри бурчакли, ясси томли, ички ҳовлили уйлар, чорси минорали масжидлар қурилган. Ғарбда иморатлар ғиштдан гул солиб қурилса, шарқда бинолар сирти сувалади, киравериши қизил-оқ рангда нақшланади. 20-асрда Нуакшот, Нуадибу шаҳарларида европача иморатлар барпо этилди, айрим шаҳарлар ўрта аср қиёфасида қолган. Неолит даврига оид санъат асарлари (қоя тошларга ўйиб чизилган расмлар, "шуша"лар) сақланган. Ўрта асрларда Мавритания ҳудудида араб барбарларнинг маданияти ривож топган. Амалий безак санъатининг ҳар хил турлари (металл, сопол, чарм, ёғоч ва бошқалардан буюмлар ясаш) мавритан санъатининг ўзига хос услубида ривожланган. Заргарлик ва кулолчилик равнақ топган.
Мусиқаси
[edit | edit source]Мавритания мусиқа маданияти маврлар, барбарзенагалар ва негроид халқларининг турли анъаналарини ўз ичига олади. Гриотлар санъати анъанавий мавритан мусиқасининг энг ёрқин ва ривожланган қатламидир. Уларнинг чолғу асбоблари орасида 4 торли удни эслатувчи тидинит, 12—14 торли арфага ўхшаш қовоқ пўстлоғидан ясалган ардин ажралиб туради. Байрам ва диний маросимларда замзайя (сурнай) ва неффар (най) жўрлигида кўпчилик бўлиб айтиладиган қўшиқлар янграйди. Бундан ташқари, 1 торли уд ва рубобда куйлар ижро этилади. Кейинги йилларда европача замонавий куйлар, айниқса, эстрада санъати урф бўлди.
Киноси
[edit | edit source]Мустақилликка эришилгунга қадар Мавританиянинг ўз кино санъати йўқ эди. 1967—68 йилларда маҳаллий режиссёр Мед Хондо дастлабки қисқа метражли филмларини суратга олди. 1971 ва 1974-йилда унинг "О қуёши" ҳамда "Қўшнингиз, негритослар" филмлари ва 1980-йилда "Вест-Индия" филми экранга чиқди. Хондо ижоди бошқа мавритан режиссёрлари ва актёрлари тақдирига катта таъсир ўтказди. Жумладан, кинореж. ва актёр Сидней Сокхонанинг "Аллоҳ етимлари", "Миллати — муҳожир", "Сафрана ёки Гапириш ҳуқуқи" филмлари муҳожирлик муаммосига бағишланган. Мавритания табиати, анъаналари ва мусиқий маданиятига бағишланган рангли ҳужжатли филмлар ҳам суратга олинган.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |