Jump to content

Маданият

From Vikipediya

Ма'даният инсон фаолияти ва шу фаоллиятнинг аҳамиятини белгиловчи рамзий қурилмалар ва асарлар мажмуидир. Маданият мусиқа, адабиёт, бадиий тасвир, меъморчилик, театр, кинематография, турмуш тарзи каби фаолиятларда намоён бўлиши мумкин. Антропологияда „маданият“ атамаси остида маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқариш, эстетик маъно бериш ҳамда шу жараёнларга боғланган ижтимоий муносабатлар тушунилади. Бу маънода маданият ўз ичига санъат, фан ва маънавий тизимларни олади.

Маданият — жамият, инсон ижодий куч ва қобилиятлари тарихий тараққиётининг муайян даражаси. Кишилар ҳаёти ва фаолиятининг турли кўринишларида, шунингдек, улар яратадиган моддий ва маънавий бойликларда ифодаланади. „М.“ тушунчаси муайян тарихий давр (антик М.), конкрет жамият, элат ва миллат (ўзбек М.и), шунингдек, инсон фаолияти ёки турмушининг ўзига хос соҳалари (мас, меҳнат М.и, бадиий М., турмуш М.и)ни изохлаш учун қўлланилади. Тор маънода „М.“ атамаси кишиларнинг фақат маънавий ҳаёти соҳасига нисбатан ишлатилади.

„М.“ арабча мадина (шаҳар) сўзидан келиб чиққан. Араблар кишилар ҳаётини икки турга: бирини бадавий ёки саҳроий турмуш; иккинчисини маданий турмуш деб атаганлар. Бадавийлик — кўчманчи ҳолда дашту саҳроларда яшовчи халқларга, маданийлик — шаҳарда ўтроқ ҳолда яшаб, ўзига хос турмуш тарзига эга бўлган халқларга нисбатан ишлатилган.

Ўрта аср маданиятининг буюк намояндалари Абу Али ибн Сино, Беруний ва бошқа шаҳар турмуш тарзини жамоанинг етуклик шакли сифатида талқин қилганлар. Масалан, Форобий фикрича, ҳар бир инсон ўз табиатига кўра, „олий даражадаги етукликка эришиш учун интилади“, бундай етукликка фақат шаҳар жамоаси орқалигина эришилади. Унинг таъкидлашича, „маданий жамият ва маданий шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, бу мамлакатда ҳар бир одам касб-хунарда озод, ҳамма баббаравардир, кишилар ўртасида фарқ бўлмайди, ҳар ким ўзи истаган ёки танлаган касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод яшайдилар“. Алишер Навоий етук ахлоқ, маърифатли ва адолатли жамият, жамоа масаласини қайд этиш билан бирга, маънавий юксакликка эришишнинг асосий мезони деб инсонпарварлик ғояларига мувофиқликни тушунди.

19-асрнинг иккинчи ярмида майдонга келган демократикмаърифатпарварлик ҳаракатининг намояндалари Муқимий, Фурқат, Завқий, Аҳмад Дониш, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий ва бошқа халқни М.ли қилишнинг омили илммаърифатни эгаллашда деб билдилар. Улар ўрта аср жаҳолатига қарши халқ ўртасида илммаориф ва М.ни зўр эҳтирос билан тарғиб қилдилар. Мас, Фурқат фикрича, илмфан бир машъ-ал бўлиб, инсониятнинг бахт-саодат йўлини ёритиб туриши керак.

19-асрнинг охири ва 20-асрнинг бошида Туркистонда вужудга келган жадидчилик ҳаракати намояндалари, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний ва бошқа ўзларининг маърифатпарварлик ишлари билан М. ривожига муҳим ҳисса қўшдилар. Улар турли газ. ва жур.лар чиқардилар, нашриёт ва босмахоналар ташкил этдилар, кутубхоналар, театрлар, янгича мактаблар очдилар, ўтмиш маданиятимизни, тарихимизни тарғиб қилдилар, дунёвий билимларни чуқур эгаллашга даъват этдилар. Маърифатчиликнинг кенг қулоч ёйиши самараси ўлароқ, халқнинг умуммаданияти юксала борди.

Европада „М.“ дейилганда дастлаб инсоннинг табиатга кўрсатадиган мақсадга мувофиқ таъсири, шунингдек, инсонга таълимтарбия бериш тушунилган (лот. cултура — ерни ишлаш, парваришлаш; русчадаги „култура“ сўзи ҳам шундан олинган). М. фақат мавжуд норма ва урф-одатларга риоя қилиш қобилиятини ривожлантиришни эмас, балки уларга риоя қилиш истагини рағбатлантиришни ҳам ўз ичига олган. М.га бундай икки ёқлама ёндашув ҳар қандай жамиятга хос (мас, Қад. Хитойда жен, Ҳиндистонда дҳарма). Эллинлар „маданияциз“ варварлардан ўзларининг асосий фарқини „пайдей“, яъни „тарбияланганлик“да деб билганлар. Қад. Римнинг сўнгги даврларида „М.“ тушунчаси ижтимоий ҳаётнинг шаҳар турмуш тарзини ифодаловчи мазмунлар билан ҳам бойиган ва ўрта асрларга келиб кенг тарқалган. Бу тушунча кейинчалик келиб чиққан сивилизация тушунчасига яқин туради.

Европада Маърифатчилик даврида М. ва сивилизациянинг „танқиди“ вужудга келди (Ж.Ж.Руссо). Бунда „маданий“ миллатларнинг бузилганлиги ва ахлоқий тубанлашганлигига тараққиётнинг патриархал босқичида бўлган халқлар ахлоқининг соддалиги ва софлиги қарши қўйилди. Немис файласуфлари бу зиддиятли ҳолатдан чиқишнинг йўлини „руҳ“ доирасидан, ахлоқий (И. Кант), эстетик (Ф. Шиллер, романтиклар) ёки фалсафий (Г. Гегел) онг доирасидан қидирдилар. Улар бу онг соҳаларини ҳақиқий М. ва инсон тараққиётининг омиллари деб билдилар. 19-аср охиридан бошлаб „локал сивилизация“ (О. Шпенглер) деган қараш юзага келди. Бу ғоя сивилизацияни муайян жамият тараққиётининг сўнгги босқичи сифатида олиб қаради.

Фан-техника тараққий топган шаро-итда кўпгина социологлар ва маданияцҳунослар М.нинг ягона ғоясини изчил амалга ошириш мумкин эмас, деган қоидани илгари сурдилар. Бу полицентризм, Ғарб билан Шарқнинг азалдан қарама-қаршилиги ва ижтимоий тараққиётнинг бошқа умумий қонуниятларини инкор этувчи назарияларида ўз ифодасини топди.

М.нинг илмий, тарихий консепсияларига қарама-қарши ўлароқ, марксистик назария ижтимоий-иқтисодий формациялар ҳақидаги, ишлаб чиқарувчи кучлар билан ишлаб чиқариш муносабатларининг ўзаро муносабати ҳақидаги қоидалардан келиб чиқиб, антагонистик жамиятларда М.нинг синфий ҳарактери ҳақидаги қоидаларни илгари сурди. Антагонистик формацияларда ҳар бир миллий М.да икки М. борлиги ҳақидаги ленинча қараш „ҳукмрон эксплуататорлик“ М.ига „прогрессив демократик“ ва „социалистик“ М. элементларини қарама-қарши қўйди. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, мустабид совет тузуми даврида амалга оширилган „маданий инқилоб“ натижасида кўпгина халқлар М.ининг ажойиб дурдоналари йўқ қилиниб, маданий мероснинг миллий илдизлари барбод этилди.

М. — умуминсоний ҳодиса, фақат бир халққа тегишли, фақат бир халқнинг ўзигина яратган соф М. бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир миллий М.нинг асосий қисмини шу миллат ўзи яратган бўлсада, унда жа-ҳон халқлари яратган умуминсоний М.нинг улуши ва таъсири бўлади, албатта. М. ҳеч қачон синфий ҳодиса бўла олмайди. У барчага баравар хизмат қилади. Мас, санъат ва адабиёт дурдоналари, меъморлик обидалари, мақомлар, фан ютуқлари ва бошқа барчага тегишлидир.

М. кишилар фаолиятининг фақат моддий натижалари (машиналар, техник иншоотлар, санъат асарлари, ҳуқуқ, ахлоқ нормалари ва ҳ.к.)ни эмас, шу билан бирга, кишиларнинг меҳнат жараёнида воқе бўладиган субектив куч-қувватлари ва қобилиятлари (билим ва кўникмалари, ишлаб чиқариш ва профессионал малакалари, интеллектуал, эстетик ва ахлоқий камолоти, дунёқараши, уларнинг жамоа ва жамият доирасидаги ўзаро муомалалари)ни ҳам ўз ичига олади.

Маданиятнинг 2 асосий тури — моддий ва маънавий ишлаб чиқаришга қараб М.моддий ва маънавий М.га бўлинади. Моддий М. моддий фаолиятнинг барча соҳаларини ҳамда унинг натижалари (меҳнат қуроллари, турар жой, кундалик турмуш буюмлари, кийим-кечак, транспорт, алоқа воситалари ва бошқалар)ни ўз ичига олади. Маънавий маданиятга онг, маънавият соҳалари киради (билим, ахлоқ, таълимтарбия, ҳуқуқ, фалсафа, этика, эстетика, фан, санъат, адабиёт, мифология, дин ва бошқалар).

Ҳар бир жамият ўз М. типига эга. Жамиятларнинг алмашиниши билан М. типи ҳам ўзгаради, бироқ бу ҳол М. тараққиёти узилиб қолганини, эски М. йўқ бўлиб маданий мерос, ўтмиш қадриятлардан воз кечилганини англатмайди. Зотан, ҳар бир янги жамият ўзидан илгариги жамиятнинг маданий ютукларини зарурий равишда мерос қилиб олади ва уларни ижтимоий муносабатларнинг янги тизимига киритади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлганидек, М. соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Шаклан ҳам, мазмунан ҳам М.нинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Ўзбекистоннинг мустақил ривожланишга утиши миллий М.га синфий ёндашишдан, уни сунъий тарзда „ягона умуммаданият“га айланишдан сақлаб қолди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мустақилликкача бўлган сўнгги етмиш йил давомида М. ҳукмрон мафкура, мустабид тузум тазйиқида Ғарб М.ига тақлид руҳида ривожланди. Иккинчидан, миллий М.нинг бой ўтмиши бир ёклама ўрганилиб, унинг кўпгина бебаҳо дурдоналаридан халқимиз бебаҳра бўлиб келди. Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида жамиятни янгилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда М.ни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урфодатларимизни, тарихий, илмий, маданий меросимизни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. „Давлат тили тўғрисида“ги (1989-йил 21 окт.) қонун, „Кадрлар тайёрлаш миллий да-стури“ (1997-йил 29-август)нинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Бадиий Академияси (1997-йил), Ўзбекистон давлат кон-серваторияси (2002-йил), Ўзбек миллий академик драма театри (2002-йил), эстрада мусиқасини ривожлантириш тўғрисидаги ва бошқа бир қанча қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши, бир қанча мутафаккир ва алломаларимизнинг муқаддас номлари тикланиб, юбилейлари халқаро миқёсда кенг ни-шонланаётгани давлатимиз томонидан М.ни ривожлантиришга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

Адабиётлар[edit | edit source]

  • Каримов И. А., Ўзбекистон: миллий истиклол, иқтисод, сиёсат, мафкура, 1-ж., Т., 1996; Маънавий юксалиш йўлида, Т.,1998; Хайруллаев М. М., Шораҳмедов Д.А., Маданият ва мерос. Т., 1973.

Даврон Шораҳмедов.[1]

Ҳаволалар[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил