Jump to content

Криосфера

From Vikipediya

Криосфера (юнонча крёс — совуқ, муз ва сфера — кура) — Ер юзасининг атмосфера, гидросфера ва литосфера ўзаро туташиб турган ҳамда музлар бўлган ва муз ҳосил бўладиган совуқ қобиғи.

Криосфера (крио... ва юн. спҳариа — шар) — Ер атмосфера, гидросфера ва литосферанинг иссиқлик таъсири зонасидаги узуқ-узуқ ва конфигурацияси бўйича ўзгарувчан қобиғи. К. термини ва унинг тавсифи 1923-йилда поляк олими А. Б. Доброволский томонидан тақлиф қилинган. Бу таълимотни В. И. Вервадский, П. И. Колосков, М. И. Сумгин, Н. И. Толстихинлар ривожлантирган. Кўрсатилган ҳар бир сферанинг чегарасида вақти бўйича К.нинг қисқа муддатли, мавсумий ва кўп йиллик (муттасил) қисмлари ажратилади. К.нинг юқори чегараси Ер атмосферасининг устки чегарасига мос келади ва атмосферада бир неча км баландликда жойлашади, қутбларга яқинлашган сари пастга тушиб литосфера ва гидросферага ўтади. Унинг таркибига, атмосферадан ташқари, криолитозова, музликлар, қутб ҳавзаларининг криогалин сувлари киради. Муттасил К.нинг қуйи чегарасига атмосфера ва ер юзасига яқин қатламларда у билан мавсумий ва мавжуд бўлган қисқа муддатли К.нинг қатламлари туташади. Вақтнинг геологик аспектида К. ўз ҳолатини ҳар доим ўзгартириб туради. Ер тарихининг совуқ босқичларида унинг қуйи чегараси пасайиб экватор томон силжийди, гидросфера ва литосферанинг ичига кириб чуқурлашади. Бу эса криолитозонанинг қувватини ва у эгаллаган майдонни кўпайтиради. Дунё бўйича совиб кетиш жараёни натижасида материклар ва денгизларнинг музлаши (денгиз ва мавсумий муз қопламлари эгаллаган майдонларнинг кенгайиши) ривожланади. Иссиқ даврда криолитозона, материк музликлари жойлашган майдонлар камаяди, денгизларнинг музлаши қисқаради. Совиш ва исиб кетиш атмосфера сиркулясиясидаги бутун сайёравий ўзгаришларга олиб келади.

Совиш жараёнида гидросферадаги эркин сувнинг катта миқдори денгизлар регрессияси ва шелфлар ялангочланишини содир қилиб музли қопламалар жамланади. Иқлимнинг исиб кетиши денгиз трансгрессияси билан бирга материклар музлашининг деградациясига олиб келади.

К.нинг ўсимликлар, ҳайвонлар ва инсоннинг айрим хўжалик турлари фаолиятига муайян таъсири бор.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил