Jump to content

Колумбия

From Vikipediya
Колумбия Республикаси
Репúблиcа де Cоломбиа
ШиорЛибертад й орден
(Испанча: Озодлик ва Интизом)
Мадҳия: ¡Оҳ, Глориа Инмарcесибле!
Лоcатион оф Колумбия
Пойтахт Богота
Расмий тил(лар) Испанча
Ҳукумат Президентлик Республика
Жуан Мануэл Сантос
Мустақиллик (Испаниядан)
• Сана
20-июл 1810
Майдон
• Бутун
1,138,910 км2 (26-ўрин)
• Сув (%)
8.8
Аҳоли
• 2002-йилги рўйхат
42,954,279 (28-ўрин)
• Зичлик 37/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2005-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$303,700 мил. (31-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$7,070
Пул бирлиги Унидад де Валор Реал (CОУ)
Вақт минтақаси УТC−5
• Ёз (ДСТ)
УТC−5
Қисқартма
Телефон префикси 57
Интернет домени .cо

Колумбия (Cоломбиа), Колумбия Республикаси (Репúблиcа де Cоломбиа) – Жанубий Американинг шимоли-ғарбида жойлашган давлат. Майдони 1138,9 минг км². Аҳолиси 46,370 млн. киши (2012). Пойтахти – Богота (Санта-Фе-де-Богота) шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 32 департамент ва пойтахт округига бўлинади.

Давлат тузуми

[edit | edit source]

Колумбия – унитар республика. Амалдаги Сиёсий конституцияси 1991-йил 4-июлда қабул қилинган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи – президент. У умумий тўғри овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланади. Иккинчи муддатга сайланиши мумкин эмас. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни конгресс амалга оширади. Конгресс икки палата: сенат ва вакиллар палатасидан иборат. Ижрочи ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати

[edit | edit source]

Колумбиянинг шарқий ва шимолий қисми пасттекислик, ғарбида ва тоғ тизмалари бор. Ва тоғларининг Колумбиядаги қисми 3 асосий тизма (Ғарбий, Марказий ва Шарқий Кордилера) дан иборат. Уларни Магдалена дарёси (Каука ва Патия ирмоқлари билан) бир-биридан ажратиб туради. Колумбиянинг энг баланд жойи – Кристобал-Колон тоғи (5800 м). Анд тоғларининг ғарб ва шимолий да Тинч океан ва Кариб бўйи ботқоқлашган пасттекисликлари бор. Шарқий қисмидаги пастроқ платолар Амазонка пасттекислигига туташиб кетади. Бир неча сунган ва сўнмаган вулканлар (Уила 5750 м, Руис 5400 м, Толима 5215 м ва бошқалар) бор. Колумбияда нефт, табиий газ, тошкўмир, мис ва темир рудалар, рангли ва асил металлар, уран, зумрад конлари кўп.

Колумбия экваториал иқлим минтақасида жойлашган. Пасттекисликларда ўртача ойлик температура 29°, 1000–2000 м баландликдаги тоғларда 17—22°, 4000 м дан баландда 7° дан ошмайди. Йиллик ёғин 1000–4000 мм. Шимоли-шарқида 200 мм гача, Тинч океан пасттекислигида ва унга туташ тоғ этакларида 10000 мм гача. Дарё кўп, йириклари: Магдалена, Какета, Путумаё, Гуавяре, Мета ва бошқа Юкларнинг 95% Магдалена дарёсида ташилади. Пасттекислик ва тоғ этакларидаги қизилсариқ латерит тупроқли ерларда нам тропик ўрмонлар бор, қизил тупроқли ерлар саванна (лянос) билан қопланган. Шимоли-шарқда бута ва кактуслар ўсади. Тоғ тепаларида ўтлоқлар (парамос), чўққиларида доимий қорлар бор. Ўрмонларда маймун, ягуар, чумолихўр, тапир, ялқов, калтакесак; қушлардан тунан, колибри ва тўтилар, дарёларда тимсоҳ учрайди. Миллий боғлари: Чирибикете, Парамило, Серра-Невада-де-Санта-Марта.

Аҳолисининг аксари колумбийлар. Улар индейс, испан, негрларнинг қўшилишидан ҳосил бўлган. Кейинроқ Италия, Германия ва Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатларидан келган муҳожирлар қўшилган. 700 мингга яқин индейс бор. Расмий тили – испан тили. Христианликнинг католик мазҳабига эътиқод қилади. Аҳолининг 67% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Богота, Меделин, Кали, Картахена.

Тарихи

[edit | edit source]

Ҳозирги Колумбия ҳудудида қадимдан индейс қабилалари яшаб келган. Колумбия ҳудудига 1499-йилда испанлар келган. 1530-йилларда улар Колумбияни босиб олиб, мустамлака тартибини ўрнатдилар ва мамлакатни Янги Гранада деб атадилар. 1718-йилдан Янги Гранада вице-қироллигига айлантирилди. 1739-йил Янги Гранада вице-қироллиги Колумбиядан ташқари ҳозирги Эквадор, Панама ва Венесуэла ҳудудларини қўшиб олди. Маҳаллий аҳоли испан босқинчиларига қарши бир неча бор қўзғолон кўтарди. Шулардан энг йириги 1781-йилги қўзғолон бўлди. Мустақиллик учун кураш 1810-йилдан янада кучайди. 1816-йил май ойида испан армияси қўзғолонни шафқациз бостирди. Бироқ, қўзғолончилар 1819-йил февралда мустақилликка эришган Венесуэла ватанпарварлари ердамида испан қўшинларини тор-мор этдилар. 1819-йил декабрда Янги Гранада, Венесуэла ва Эквадор бирлашиб, Буюк Колумбия федератив республикаси тузилганлиги С. Боливар президент) эълон қилинди. 1830-йил Буюк Колумбия федератив республикаси парчаланди, Венесуэла, Эквадор ва Янги Гранада (Панама билан бирга) мустақил давлатлари ташкил топди. 40-йилларда мамлакатда Консерватив (йирик заминдорлар) ва Либерал (буржуа) сиёсий партиялар вужудга келди.

1851-йил Янги Гранадада қулчилик бекор қилинди. 1863-йилдан мамлакат Колумбия Қўшма Штатлари, 1886-йилдан Колумбия Республикаси деб аталди. Партиялар ўртасидаги рақобат мамлакатда фуқаролар урушига („Минг кунлик уруш“, 1899— 1902) сабаб бўлди. 1903-йил Панама Колумбиядан ажралиб, мустақил давлатга айланди. 1929—33 йилги жаҳон иқтисодий турғунлиги Колумбия иктисодиётига анча путур ет-казди. 1934-йил Колумбияда баъзи илғор ислоҳотлар (бепул таълим ва бошқалар) ўтказилди. 1946-йилдан Колумбияда террорчи диктатура ўрнатилди. Барча демократик кучлар қаттиқ таъқиб қилинди. Халқнинг демократик ғалабаларини тугатиш сиёсати ўтказила бошлади. 1948-йилда халқ қўзғолон кўтарди. Қўзғолон бостирилгач, консерваторлар ҳукумати либералларга қарши фуқаролик уруши бошлади, натижада 200 минг киши нобуд бўлди. Маъмурлар террорига қарши партизанлик ҳаракати кучайди. Консерваторлар ҳокимиятни сақлаб қолишга интилиб, 1953-йил давлат тўнтариши уюштирди ва ҳарбий диктатура ўрнатди. 1957-йилда умумхалқ кураши натижасида диктатура барҳам топди.

Консерваторлар билан либераллар „шерикчилик“ асосида „Миллий жабҳа“ блокини туздилар (1957—74). Аммо ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал бўлмай қолаверди. Либераллар ҳукумати 1974—78 йилларда бир қатор илғор ислоҳотлар ўтказди. 1978-йил сайловда либераллар раҳбари Х. С. Турбай Айяла ғалаба қозониб, президент лавозимини эгаллади. 1998-йил президент сайловида консерваторлар вакили А. П. Аранго президент, либераллар вакили Г. Б. Лесмус эса вице-президент этиб сайланди. Колумбия – 1945-йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 20-июл – Мустақиллик куни (1810).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

[edit | edit source]

Либерал партия, 1815-йилда асос солинган; Социал-консерватив партия, 1848-йилда тузилган; Колумбия коммунистик партияси, 1930-йилда асос солинган; Миллий нажот ҳаракати партияси, 1990-йилда Социал-консерватив партиядан чиққан сиёсий арбоблар томонидан тузилган; Миллий халқ иттифоқи, 1964-йилда асос солинган; Демократик алянс партияси, 1990-йилда тузилган. Касаба уюшма бирлашмалари: Демократ меҳнаткашлар умумий конфедерацияси, 1971-йилда тузилган; Колумбия демократ меҳнаткашлар конфедерацияси, 1988-йилда тузилган; Колумбия меҳнаткашлар конфедерацияси, 1934-йилда тузилган; Меҳнаткашлар унитар касаба уюшма маркази, 1986-йилда тузилган.

Хўжалиги

[edit | edit source]

Колумбия – аграр-индустриал мамлакат. Жанубий Америкадаги иқтисодий барқарор, узлуксиз ривожланаётган мамлакатлардан бири. Ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурида импортга эрк бериш, самарасиз давлат корхоналарини хусусийлаштириш, хорижий сармояни жалб этиш кўзда тутилган. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 33% қишлоқ хўжалигида, 23% саноатда, 20% хизмат соҳасида машғул. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 27%, қишлоқ хўжалигининг улуши 22%.

Саноати

[edit | edit source]

Колумбиянинг бой табиий ресурслари асосида кончилик саноати ривожланган. Нефт ва темир рудаси қазиб олиш етакчи саноат тармоқларидир. Табиий газ, тошкўмир, олтингугурт, никел, олтин, платина, кумуш, зумрад ҳам қазиб олинади (жаҳондаги зумраднинг 90%). Озиқ-овқат саноати, асосан, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш, поябзал, ичимлик ишлаб чиқариш соҳалари, тикувчилик, тўқимачилик, металлни қайта ишлаш алоҳида ўрин олади. Металлургия, нефтни қайта ишлаш, кимё ва нефт кимёси саноати ривожланган. Автомобил, телевизор ва радиоприёмниклар йиғадиган, станок, семент, қоғоз ишлаб чиқарадиган заводлар бор. Ҳунармандчиликнинг ҳам салмоғи катта. Ўрмонларда қимматбаҳо нав ёғоч тайёрланади. Йилига 25,6 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Ҳосил қилинадиган электр энергиянинг 75% гидроэлектр стансияларига, 25% кўмир билан ишловчи электр стансияларига тўғри келади.

Қишлоқ хўжалиги

[edit | edit source]

Деҳқончилик – қишлоқ хўжалигининг асоси. Кофе – мамлакат қишлоқ хўжалигининг муҳим маҳсулоти. Кофе экспорт қилиш соҳасида дунёда Бразилиядан кейин 2-ўринда туради. Мамлакат меҳнатга лаёқатли аҳолисининг салкам 40% кофе етиштириш билан бевосита ёки бавосита боғлиқ тармоқларда банд. Экспорт учун какао дони, пахта, банан, тамаки, маҳаллий эҳтиёж учун маккажўхори, картошка, шоли, буғдой, арпа, маниок, соя, нўхот, шакарқамиш етиштирилади. Чорвачилигида қорамол, қўй, чўчқа боқилади. Балиқ овланади. Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондирмайди.

Колумбияда асосий транспорт тури – автомобил. Транспорт йўли узунлиги – 3,4 минг км, автомобил йўли ўз. – 129 минг км. Асосий денгиз портлари: Барранкиля Буэнавентура, Тумако, Картахена, Санта-Марта. Боготада Элдорадо халқаро аэропорти бор.

Колумбия четга кофедан ташқари нефт ва нефт маҳсулотлари, кимёвий моллар, қора металлургия маҳсулотлари, зумрад чиқаради. Четдан саноат асбоб-ускуналари, транспорт воситалари, хомашё, истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари келтиради. Савдо-сотикдаги асосий мижозлари: АҚСҲ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Лотин Америкаси мамлакатлари. Пул бирлиги —Колумбия песоси.

Тиббий хизмати

[edit | edit source]

Беморларга, асосан, хусусий тарзда хизмат кўрсатилади. Врачлар 9 та олий ўқув юртининг тиббиёт факултетида тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

[edit | edit source]

7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг ўқиши бепул ва мажбурий. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 5 йил, ўрта мактабда 6 йил Давлат мактаблари билан бир қаторда хусусий мактаблар ҳам мавжуд. Мутахассислар ҳунар-техника билим юртлари ва педагогика Ўқув юртларида, олий ўқув юртларида тайёрланади. Мамлакатда 200 дан кўпроқ олий ўқув юрти, шу жумладан, 25 давлат ва 35 хусусий университет бор. Энг йирик олий ўқув юртлари: Боготада Колумбия Миллий университети (1867-йилда асос солинган), Вале университети (1945), Хавериан хусусий католик университети ва бошқа Илмий муассасалари: Колумбия тарих академияси(1902), Колумбия юридик фанлар академияси (1894), Тиббиёт фанлари академияси (1890) – ҳаммаси Боготада; Картахена, Меделин, Тунха ва бошқа шаҳарларда тарих академиялари, бир қанча илмий жамиятлар ишлайди. Боготада Миллий кутубхона, Меделинда университет кутубхонаси, Боготада Миллий университет кутубхонаси ва бошқа бор. Музейлари: Миллий, Мустамлака даври санъати, Миллий антропология, Миллий археология музейлари, Олтин буюмлар музейи, С. Боливар музейи – (ҳаммаси Боготада), Меделиндаги табиий фанлар музейи ва университет музейи.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Колумбияда 30 га яқин кундалик газ. нашр этилади. Энг йириклари: „Экспектадор“ („Кузатувчи“, 1887-йилдан), „Темпо“ („Вақт“, 1911-йилдан), „Пайс“ („Мамлакат“, 1950-йилдан), „Нуэво сигло“ („Янги аср“, 1932-йилдан), „Коломбиано“ („Колумбиялик“, 1912-йилдан). Анкол ҳукумат ахборот агентлиги ишлайди. Колпренса миллий ахборот агентлигига 1980-йилда асос со-линган. Радиоэшиттириш 1929-йил дан, телекурсатув (тўла давлат тасарруфида) 1954-йилдан ишлайди. Мамлакатда ҳаммаси бўлиб 200 га яқин радиостансия, 50 телестудия бор.

Адабиёти испан тилида. Дастлабки йилнома ва ҳикоялар 1519-йилда пайдо бўлган. Адабиёт, айниқса, 19-аср бошларида гуркираб ривожланди. Миллий озодлик ва мустақиллик учун кураш йиллари (1810—26)да ватанпарварлик руҳидаги классицизм адабиёти равнақ топди (Колумбия Торрес, Л. Варгас Техад, Х. М. Саласар ва бошқа ижоди). Х. Х. Ортие, Х. Э. Каро, Х.Арболед, Р.Помбо, Ф.Перес, Х. М. Сампер ва бошқа ёзувчилар индейс қабилаларининг ўтмиш ҳаётини мадҳ этувчи асарлар ёздилар. 19-аср охири ва 20-аср бошларида „Елкан рамзи“, „Арболедлар жамияти“ ва бошқа тўгарақларда уюшган Х. А. Силва, М. А. Осодио ва бошқа шоирлар ижодида модернистик майллар қарор топди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Колумбия адабиётида „авангардизм“ пайдо бўлди. „Конрод эпопеяси“ достонининг муаллифи – А. М. Мутис, Л. К. Лопес ва бошқа ижтимоий шеърият анъаналарини ривожлантирдилар. Насрда ижтимоий танқидчилик кучайди. А.Лопес де Меса, Х.Рестрепо Карамило, Д. Аранго Вемс ва бошқа ижодида кишиларнинг табиат билан тўқнашувини тасвирлаш асосий мавзу бўлди. Х. А. Осорио Лисарасонинг шахтёрлар ҳаёти ҳамда меҳнатини тасвирловчи „Ер остидаги одам“ ва тараққийпарвар арбоб Гайтан ўлими тўғрисидаги „Нафрат куни“ романлари Колумбия насрининг ютуғиҳисобланади. 50-йилларда кўпроқ партизанлар қаракатига бағишланган асарлар туркуми („зўравонлик ҳақида романлар“) пайдо бўлди. Г. Г. Маркеснинг „Ёлғизликнинг юз йили“ романи Колумбия насри ривожида муқим рол ўйнайди. Х.Пардо Герсиа, Колумбия Кастро Сааведра ва бошқа ўз асарлари билан Колумбия шеъриятига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Меъморлиги

[edit | edit source]

Ҳозирги Колумбия ҳудудида тошдан қурилган ибодатхона ва истеҳкомларнинг вайроналари топилган. Колумбия испанлар томонидан босиб олингач, 15-аср охири ва 16-асрда индейс манзилгоҳлари ўрнида Картахена, Богота, Тунха каби шаҳарлар барпо этилди, уларнинг марказида тўғри бурчақли куча ва майдонлар қурилди, шақлан кўримли ва сипо бинолар тикланди. 16-аср ўртасидан 17-аср ўрталаригача италян уйғониш даври меъморлиги „мудеҳар“ услуби унсурлари билан бирга қўшилди. 16—18-асрларда ғиштин уйли, тўғри кўчали шаҳарлар, монастир черковлари барокко ва янги мудеҳар услубида қурилди. 20-аср бошларида саноат ривожи натижасида шаҳарлар кўпайди. 1930-йиллардан АҚСҲ ва Бразилия меъморлик мактаблари таъсирида замонавий бинолар кўплаб қурила бошлади. 1940— 70 йилларда янги кварталлар, саноат мажмуалари, банк, фирма бинолари, стадион, бозорлар кўпгина шаҳарларнинг кўркига кўрк қўшди (Картахенадаги стадион, Боготадаги Модерно гимназиясининг капелласи ва бошқалар). Пекин мамлакатдаги турар жойларнинг кўпчилигини лой ва қамишдан ишланган кулбалар ташкил этади. Замонавий иншоотлар орасида Боготадаги „Текендама“ меҳмонхонаси, „Филипс Колобиана“ фирмасининг биноси ажралиб туради.

Тасвирий санъати

[edit | edit source]

Колумбия ҳудудида қадимдан индейслар маданияти (кулоллик буюмлари, олтин, кумуш ҳайкаллар, тилла тақинчоқлар тайёрлаш) ривожланган. Милоддан аввалги 1-минг йиллик ва милодий 1-минг йиллик бошларида Сан-Агустин маданияти (Жанубий Колумбия ўрмонларидаги тош қайкалчалар, бўртма тасвирлар), бу маданиятга яқин Террадентро, Нарино, Калима маданиятлари ҳам мавжуд бўлган. 16-асргача марказий ва шимолий вилоятларда чибча индейслари маданияти равнақ топган (олтин, мис, кумуш зеб-зийнат буюмлари, ҳайкалчалар, идишлар, тўқимачилик, ўймакорлик намуналари). 16—17-асрларда маҳаллий рассомлик мактаби вужудга келди, диний ва ҳаётий мавзуларда асарлар яратилди (портретлар, деворий расмлар). 19—20-аср бошларида П. Х. Фигероа, Х. М. Эспиноса каби рассомлар халқнинг мустақиллик учун кураши мавзуларида асарлар яратдилар. Кейинги йилларда ижтимоий муаммоларга қизиқиш кучайди. П. Н. Гомес Агудело, И.Гомес Ҳарамило, М.Диас-Варгас, Э.Мартинес, Х.Родригес Асеведо, Л. А. Акуня каби рассомлар, Х. О. Бетанкур, Р.Росо ва бошқа ҳайкалтарошлар машҳур. 1930-йилда асос солинган Колумбия Бадиий академияси кейинчалик Богота нафис санъат мактабига айлантирилди.

Мусиқаси

[edit | edit source]

Испан истилочиларининг хотираларидан маълум бўлишича, ҳозирги Колумбия ҳудудида яшаган индейсларда ҳарбий мусиқа яхши ривожланган, улар ғалабани мусиқа ва қўшиқлар билан нишонлаган. Мотам маросимларида марҳумнинг ботирлигини таърифловчи қўшиқлар айтилган. Ҳосил йиғими, қабила бошлиғи учун сарой қурилиши оммавий рақс ва қўшиқ билан якунланган. Босқинчилар келгач, индейс мусиқасига европача унсурлар таъсир эта бошлади.

Колумбия мусиқасида креол, индейс, негр оҳанглари қоришиб кетган. 17-аср бошларида профессионал мусиқа вужудга келди ва 18-аср охиридан дунёвий мусиқа ривожлана бошлади. 1784-йил Боготада биринчи пуфлама созлар оркестри тузилди. 19-асрнинг 40-йилларида Колумбия мусиқа санъатининг ривожланишида Италия опера труппалари ва Колумбияда яшовчи Европа композиторларининг роли катта бўлди. 19-аср бошларида Колумбияда яшаган инглиз Э. Прайс Колумбия Филармоник консерт жамиятини, унинг ўғли Ж.Прайс Миллий мусиқа академиясини ташкил этди (1882; 1910-йилдан Миллий консерватория). А.Веласко, Э.Салас, О.Синдичи (миллий мадҳия муаллифи), „Эстер“ ва „Флоринда“ операларининг муаллифи Х. М. Понсе де Леон 19-асрнинг машҳур композиторлари ҳисобланади. Миллий симфоник оркестрнинг асосчиси – дирижёр Г. Эспиноса, композиторлар Г. Урибе Олгин, А. Мария Валенсия, қўшиқчи Л. Масиа, мусиқашунос Х. И. Пендромо Эскобар, Х. Б. Силва ва бошқа 20-асрда Колумбия мусиқа маданиятини ривожлантирган ижодкорлардир. Боготада опера театри, миллий консерватория, фолклорни ўрганувчи илмий тадқиқот маркази, „Фолклор балети“ бор. Колумбия миллий радиоси мумтоз ва миллий мусиқани тарғиб қилиш соҳасида катта иш олиб бораётир.

Театри

[edit | edit source]

18-аср охирларида Боготада илк бор театр томошалари кўрсатилган. Х. М. Саласар, Л.Варгастехада, С.Перес, А. Л. Гомес, А.Алварес Лерас, Л. Э. Осорно ва бошқа 19-асрда ҳамда 20-аср 1-ярмида кўзга кўринган Колумбия драматурглари ҳисобланади. 50-йиллар ўрталарида Колумбия театрининг фаолияти яхшиланди, труппалар пайдо бўлди, фестиваллар ўтказилди. Миллий драма санъати мактаблари ташкил қилинди. Замонавий театр маданиятининг ривожланишида Калидаги Тажриба театри, маданият уйи ва „Ла мама“ труппалари, шунингдек, Боготадаги Халқ театри муҳим рол ўйнайди. Университет театрлари ҳам кенг йўлга қўйилган (улар 1966-йилдан фестивал ўтказиб туради). Замонавий машҳур драматурглардан О.Диас, Х.Саламеа, К. Х. Реес ва театр арбобларидан Э. Буэнавентур, С. Гарсиа ҳозирги Колумбия театри санъатини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган.

Киноси

[edit | edit source]

Колумбияда дастлабки ҳужжатли филмлар („Сан-Кристобал манзараси“, „Боготада ҳарбий парад“) 1907-йилда суратга олинди. 1910-йилларда воқеий филмлар яратишга киришилди. 1914-йилда режиссёр Ф.Марконинг „Ишонч тантанаси“ тўла метражли ярим ҳужжатли филми чиқарилди. „Аура ёки гунафшалар“ (1923), „Антёкия осмони остида“ (1924), „Кондорлар уяси“ (1925) кўнгилочар ва хажвий киноленталари билан бадиий филмлар яратишга асос солинди. 1937-йилда ака-ука Асевеолар биринчи овозли ҳужжатди филмни яратдилар. 1939-йилдаги „Водий гуллари“ филми дастлабки овозли бадиий филм бўлди. 50-йиллар охири ва 60-йилларда миллий кино санъати юксала бошлади. Илгор ижтимоий йўналишдаги филмлар („Тош илдизлар“, „Колумбиянинг уч тарихи“, „Аччиқ ер“, „Донасо“ ва бошқалар) яратилди. Ҳужжатли кино режиссёрларидан КолумбияАлварес, Х.Алварес, М.Бергас, Г.Сампер, Х.Моранте фаолияти миллий кинонинг шаклланиб, камол топишига катта таъсир ўтказди („Кунлардан бир кун“, „Демократия нима“ ва бошқа филмлар). Кейинги йилларда „Қачонгача“ (режиссёр Б.Вентура), „Фирибгарлик“ (режиссёр Л.Санчес), „Тоза қон“ (режиссёр Л.Оспина), „Диёримиз ово-зи: ўтмиш ва келажак“ (режиссёр М. Родригес, Х.Силва) ва бошқа филмлар муваффақият қозонди. 1960-йилдан Картахенада Халқаро кинофестиваллар ўтказиб турилади. 1971-йил Боготада кинематография институти ташкил қилинган. Унда режиссёрлар, ссенарийчилар, операторлар тайёрланади. Колумбияда 650 кинотеатр бор.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил