Калтакесаклар
Калтакесаклар, судралиб юрувчилар синфининг кенжа туркуми. 2000 тача тури бор. Гекконсимонлар, тангача оёқлилар, агамалар, игуаналар, урчуқсимонлар, заҳартишлилар, эчкемарсимонлар, амфисбеналар, асл калтакесаклар, ссинксимонлар каби оилаларга бўлинади. К.нинг тана шакли турли-туман. Беш бармоқли оёқлилари ҳам, оёқсизлари ҳам учрайди. Оёқсиз К.да тўш суяги ва оёк камари сақланган. К. кенг тарқалган. Ўзбекистонда уларнинг 38 тури, мас, фотманчиқ, эчкемар, тошкалтакесак, кункарғар, сариқ илон, бот-бот, қизилқулоқ ва ҳоказо бор. Асл калтакесаклар оиласи мазкур туркум учун типик вакилдир. Бу оиланинг 156 тача тури бор. Улар 21 та уруққа киради. Гавдаси силиндр шаклида; бўйни яққол ажралиб туради; думи узун ва узилувчи; оёқлари яхши ривожланган; боши ва қорни қалқонлар, гавдаси тангачалар билан қопланган. Думидаги тангачалар ҳалқа шаклида. Қулоқ тешиги бор. Африка, Осиё ва Европанинг серқуёш, иссиқ минтақаларида яшайди. Ўзбекистонда ёзда кун қизиганда уяларига (салқин жойларда) кириб олади. Қишда (ноябрдан мартгача) карахт бўлади. Тухум қўяди; тухумдан тирик туғувчи турлари ҳам бор. Ҳашарот ва б. жониворлар билан озиқланиб, кўп фойда етказади. Югурдак калтакесак, тирик туғар калтакесак, Ўзбекистонда кенг тарқалган илдам калтакесакча ва ҳоказолар шу оилага киради.[1]
Адабиётлар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |