Ҳожиакбар Шайхов
Ҳожиакбар Шайхов | |
---|---|
Таваллуди | 25-март 1945-йил |
Вафоти | 2002 |
Ижод қилган тиллари | Ўзбек тили |
Фуқаролиги | СССР ва Ўзбекистон |
Ҳожиакбар Шайхов (1945-йил 25-март, Чугучак, Шинжон, Хитой – 2002-йилда 27-майда Тошкент) – фантастик ва публицистик жанрлар ёзувчиси. Ўзбек илмий бадиий фантастикасининг асосчиларидан бири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1997-йил).
Таржимайи ҳоли
[edit | edit source]Ҳожиакбар Шайхов 1945-йил 25-мартда Хитойнинг Шинжон вилояти, Чугучак шаҳрида таваллуд топган[1]. Ёзувчининг ота-боболари асли тошкентлик бўлиб, Шайхов Тиллашайх ҳамда Саидазимбой Муҳамадбой ўғлининг авлодидан бўлган. 1928-йилда Шарқий Туркистонга кўчиб кетишган ва 1955-йилда Ўзбекистонга қайтиб келишган.
1963-йилда Тошкентдаги ўрта мактабни битирган. 1971-йилда Тошкент политехника институтининг энергетика факултетини энергетик ихтисослиги бўйича тугатган. 1978—1981-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Электроника институтида етакчи муҳандис, 1981—1984-йиллари „Ёш гвардия“ нашриётида бўлим мудири, 1984—1989-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича ўринбосари, 1999—2000-йилларда ўзи асос солган „Сирли олам“ журнали ва унинг иловаси „Қалб кўзи“ газетасида бош муҳаррир[2], 1996—2000-йиллари „Ёзувчи“ нашриётининг директори, 2001—2002-йилларда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритган. 2002-йил 27-майда Тошкентда вафот этган[1].
Оиласи
[edit | edit source]Буваси (она томонидан) Ғулом қори Тиллашайх ўғли, отаси Исломшайх Бахромшайх ўғли, онаси Муяссархон Ғулом қори қизи. Ёзувчи оиласидаги 9 фарзанд бири бўлган. Опаси Маъсудахон шифокор, опаси Назира (1943-йил 10-август) тиббиёт фанлари номзоди, укалари Анвар шифокор, Шуҳрат тиббиёт фанлари номзоди, Шавкат иқтисод фанлари номзоди, Санъат техника бўйича мутахассис, Асад техника фанлари номзоди, синглиси Гули тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Ижодий фаолияти
[edit | edit source]Ҳожиакбар Шайхов 10 дан зиёд илмий-фантастик ҳикоялар, қиссалар ва романлар муаллифи. „Рене жумбоғи“ (1977), „Залворли одимлар“ (1977), „Еттинчи операция“ (1979), „Ғаройиб кўланка“ (1980), „Олмос жилоси“ (1983), „Сўнгги аждарнинг ҳалокати“ (1985), „Ҳаётбахш хаёллар“ (1985), „Аждодлар хотираси“ (1986), „Ёнар даре“ (1986), „Мактаб саҳнаси“ (1988), „Сеҳрли қиз“ (1989), „Телба дунё“ (1990), „Туташ оламлар“ (1996), „Жодугарнинг эри“ (1999), „Икки жаҳон овораси“ (2001) ва бошқа фантастик қисса ҳамда романлари, „Фан фидойиси“ (1987), „Замин шайдоси“ (1990) публицистик асарлари бор. Асарларида эзгулик ва ёвузлик, тўғрилик ва эгрилик, бағрикенглик ва худбинлик ўртасидаги кураш илмий-фантастик шаклларда ўзига хос йўсинда акс эттирилган. Воқеалар силсиласи қанчалик гайритабиий, қаҳрамонлар эса қанчалик ғаройиб бўлмасин, воқеалар ердагина эмас, бутун коинотда, қўшни сайёраларда рўй бермасин, улар охир-оқибат қай бир томонлари билан одамларнинг бугунги ҳаёти ва ташвишларига боғланиб кетган. АҚШда чоп этилган жаҳоннинг энг етук фантаст ёзувчилар ҳақидаги энсиклопедиясига ўзбек адабиёт вакили сифатида киритилган[3].
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Манбалар
[edit | edit source]- ↑ 1,0 1,1 „Ҳожиакбар Шайхов (1945-2002)“. зиёуз.cом. 2024-йил 18-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 19-ноябр.
- ↑ „Таъзиянома: Ҳожиакбар Шайхов“. Халқ сўзи газетаси, №112 (2940) 2-бет (2002-йил 28-май). 2024-йил 19-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 19-ноябр.
- ↑ „Таъзиянома: Ҳожиакбар Шайхов“. Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси, №23-24 (3658) 3-бет (2002-йил 7-июн). 2024-йил 19-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2024-йил 19-ноябр.