Jump to content

Греция

From Vikipediya
Греция Республикаси
Ελληνική Δημοκρατία
Эллиникí Дҳимократíа
ШиорΕλευθερία ή θάνατος (Элеутҳериа и тҳанатос)
(Юнонча Озодлик ё Ўлим)
Мадҳия: Ύμνος εις την Ελευθερίαν
(Ýмнос эис тин Элефтҳерíан, юнонча Озодликга мадҳияси)
Лоcатион оф Греция
Пойтахт Афина
Расмий тил(лар) Юнонча
Ҳукумат Парламентлик Республика
Катерина Сакелларопоулоу
Кйриакос Мицотакис
Мустақиллик (Оттомон Империядан)
• Сана
25-март 1821
Майдон
• Бутун
131,957 км2 (97-ўрин)
• Сув (%)
0,86
Аҳоли
• 2011-йилги рўйхат
10,432,481[1] (89-ўрин)
• Зичлик 79,1/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2021-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$182,830 мил. (52-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$18,584
Пул бирлиги Евро (ЭУР)
Вақт минтақаси УТC+2
• Ёз (ДСТ)
УТC+3
Қисқартма ГР
Телефон префикси 30
Интернет домени .гр

Греция ёки Греция Республикаси (грекча: Ελληνική Δημοκρατία, Ελλάδα) – Жануби-Шарқий Европада, Болқон ярим оролнинг жанубида ва унинг атрофидаги оролларда (йириклари – Крит, Эвбея, Родос, Лесбос) жойлашган давлат. Майдони 131,9 минг км2. Аҳолиси 11,28 миллион киши (2012). Пойтахти – Афина шаҳри ҳисобланади. Маъмурий жиҳатдан 52 ном (вилоят)га, номлар епархияларга бўлинади. 10 тарихий-географик вилоятга бўлиш ҳам мавжуд.

Давлат тузуми[edit | edit source]

Греция – парламентам республика. Давлат бошлиғи – президент. Амалдаги Конституция 1975-йилда қабул қилинган. Унга 1986-йил 7-мартда киритилган тузатишларга биноан президент парламентда очиқ овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. У яна бир марта шу лавозимга қайта сайланиши мумкин[2]. Президент 10 кундан ортиқ чет элда бўлганида, вафот этганида, истеъфога чиққанида ёки ишга лаёқациз бўлиб қолганида унинг вазифасини Депутатлар палатасининг раиси бажариб туради. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Депутатлар палатаси (бир палатали парламент) ва республика президенти амалга оширади. Парламент умумий тўғри ва яширин овоз бериш асосида 4 йил муддатга сайланади. Ижроия ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Президент бош вазирни ва унинг тавсиясига кўра ҳукуматнинг бошқа аъзоларини тайинлайди[3]. Бош вазир лавозимига парламентда кўпчилик ўринга эга бўлган партиянинг раҳбари тайинланади[4].

Табиати[edit | edit source]

Олимп тоғи.
Закинф ороли, Бухта Навагио

Греция қуруқ субтропик минтақада жойлашган. Мамлакат ҳудудининг 80 % тоғлик. Ўртача баландлиги 1000-1800 метрли тоғлар кўп, энг баланд чўққиси – Олимп тоғи (2911 метр). Тоғлар эрозия таъсирида парчаланиб кетган ва карст авж олган. Пелопоннес ярим оролнинг шарқида ва Киклада оролларида тез-тез зилзила бўлиб туради.

Қазилма бойликлар, асосан, Греция шарқидан топилган: темир, марганес, хром, никел, қўрғошин, рух, боксит, мармар, қум қайроқ, қўнғир кўмир ва бошқалар. Нефт ҳам қазиб олинади.

Иқлими Ўрта денгизга хос субтропик, қиши сернам ва юмшоқ; ёзи иссиқ ва қуруқ. Афинада январнинг ўртача ҳарорати 4— 12 °C, июлники 25—27 °C. Ёғин шимоли-ғарбдан жануби-шарққа камайиб боради. Ўртача йиллик ёғин тоғларда 1500 мм гача, текисликларда 400–700 мм (80 % и қишда ёғади). Мамлакат шимолда иқлим совуқ, қишда ҳарорат 0 °C дан паст бўлади.

Дарёлари – Вардар, Марица, Стримон, Нестос (Места) ва бошқалар. Тоғ дарёлари кўп, улар ёмғир ва қордан сув олади, езда суви камайиб қолади. Карст кўллари ва минерал булоқлар кўп. Кўллари – Преспа, Трихонис. Денгиз соҳилларидаги ва паст тоғлик жойлардаги бутазор ва қуруқ ўрмонлар тагида жигарранг ва қўнғиржигарранг тупроқлар; баландроқда қўнғир ўрмон-тоғ тупроқлари учрайди. Кўп жойларда тупроқ қатлами сув ва шамол эрозиясига учрайди. Грециянинг 44 % майдони ўрмон ва 28 % бутазорлар билан банд.

Дуб, қора қайин, каштан, шумтол, оқ қарағай, заранг, ёнғоқ ва б. ўсади. Тоғларда бўри, айиқ ва ёввойи ўрмон мушуги яшайди. Чиябўри, илон, калтакесак ва тошбақа кўп. Миллий боғлари – Викос-Аоос, Микра-Пресна, Эта ва бошқалар[5].

Аҳолиси[edit | edit source]

Греция аҳолиси

Аҳолисининг 95 % юнонлар. Мамлакатнинг марказий вилоятларида албанлар ва аромунлар, шарқида турклар яшайди. Яҳудий, лўли ва болгарлар Грециянинг ҳамма жойида бор. Расмий тил – юнон тили. Аҳолининг аксарияти православлар; 5 % бошқа динларда. Аҳолининг 59 % шаҳарларда, 11 % шаҳарчаларда[6], 30 % қишлоқ жойларда яшайди. Унинг ўртача зичлиги – 1 км2 га 75 киши тўғри келади. 5 млн.га яқин юнон мамлакат ташқарисида, асосан АҚШда (2 млн. киши), Канада, Австралия, Олмонияда истиқомат қилади. Йирик шаҳарлари – Афина, Салоники, Патри[7].

Тарихи[edit | edit source]

Калония даврида Греция ҳудуди Архаики.
Александр Македонский

Ҳозирги Греция ҳудудида қадим замонларда антик сивилизация мавжуд бўлган. Мил. 4-асрда Греция Византия таркибига кирган. 14—15-асрларда Усмонли турк империяси томонидан истило этилган. Юнон халқи хорижий босқинчиларга қарши бир неча бор қўзғолон кўтарди (1571, 1611-йилларда). Буюк франсуз инқилобидан таъсирланган инқилобчи-демократ Ригас Велестинлис Греция ва бошқа Болқон давлатлари учун конституция ёзди. 1814-йил Одесада „Филики Этерия“ („Ахил жамият“) номли махфий инқилобий ташкилот тузилди. Бу ташкилотга 1820-йилда рус армияси генерали, юнон аристократ оиласидан чиққан А. Ипсиланти раҳбар бўлди. „Филики Этерия“ озодлик ҳаракати байроғини кўтарди ва 1821-йил 25-мартда Греция мустақилликка эришди. 1822-йил январда Эпидварда чақирилган Миллий мажлис Грециянинг биринчи конституциясини қабул қилди ва Грецияни мустақил деб эълон қидди. 1827-йил апрелда юнон сиёсий арбоби И. Каподистрия президент қилиб сайланди. Россия-Туркия уруши (1828—1829) дан сўнг 3 давлат (Англия, Франса, Россия) Лондон конференсияси қарорларига мувофиқ, 1830-йилнинг 3-февралдан бошлаб Греция мустақиллиги тан олинди. 1910-йилда Крит о. Греция билан қайта қўшилди. 1910—1915-йиллар мобайнида Либераллар партияси ташкилотчиси Э. Венизелос Греция Бош вазири лавозимида ишлади. У бир қатор ислоҳотлар ўтказди. Греция 1912-йилги Болқон иттифоқини тузишда, Болқон урушлари (1912—1913)да қатнашди.

Греция биринчи жаҳон уруши даврида[edit | edit source]

Биринчи жаҳон урушининг дастлабки йилларида Греция бетарафлик сиёсатини тутди. 1915-йилнинг ноябр ойидан эътиборан иттифоқчи давлатлар Грецияи иқтисодий жиҳатдан яккалаб қўя бошладилар. Натижада у ҳам Антанта давлатлари томонида урушда қатнашди. Уруш Греция иқтисодиётига катта зарар етказди. Туркия билан Греция ўртасида тузилган Севр сулҳ шартномаси (1920)га мувофиқ, Измир, Шарқий Фракия ҳамда Имроз, Тенедос ва бошқа ороллар Грецияга берилиши керак эди. Пекин Туркияга қарши Англия ва Франсия томонидан уюштирилган ҳарбий фитна (1919—1922)да Грециянинг мағлубиятга учраши уни Шарқий Фракия, Измир ва бошқа ҳудудлардан маҳрум қилди. 1924-йил 25-мартда Греция республика деб эълон қилинди. 1929—1933-йиллардаги жаҳон иқтисодий инқирози даврида мамлакатда ишчилар ва деҳқонлар ҳаракати авж олди. Икки йирик – Либераллар (Англия тарафдорлари) билан Халқ партияси (Франсия тарафдорлари) ўртасида кураш кучайди. 1934-йил Греция Румуния, Туркия ва Югославия билан битим тузиб, Болкон Антантаси таркибига кирди. Шу тариқа Греция Франсия раҳбарлигидаги ҳарбий-сиёсий иттифоққа аъзо бўлди. 1935-йил сохта референдум асосида мамлакатда монархия тикланди. 1936-йил 4-августда генерал И. Метаксас ҳарбий ҳокимияти ўрнатилди.

Греция иккинчи жаҳон уруши даврида[edit | edit source]

Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки пайтида Греция бетарафлик йўлини тутмоқчи бўлди. Лекин 1940-йил 28-октабрда Италия қўшинлари Грецияга бостириб кириб, ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олди. Юнон халқи ноябр ойига келиб, душман аскарларини Грециядан ҳайдаб чиқарди. 1941-йил 6-апрелда олмон аскарлари Грецияга кирди ва 2-июнгача мамлакатни батамом эгаллаб олди. Ҳукмрон партия раҳбарлари душманга қарши курашиш ўрнига, муросасозликка ўтди. 1941-йил 27-сентябрда Миллий озодлик фронти ташкил қилиниб, Греция халқ, озодлик армияси (ЭЛАС) тузилди (1941-йил декабр). 1944-йил ёзда Греция ҳудудининг 2/3 қисми озод қилинди.

1944-йил май ойида хорижда „Миллий бирдамлик“ деб аталган ҳукумат тузилиб, у мамлакатдаги фашизмга қарши ҳаракатни бостириш мақсадида инглиз аскарларини тақлиф қилди. Ҳукумат 1944-йил 12-октабрда Афинага инглиз қўшинлари ҳамроҳлигида келиб, ЭЛАСни қуролсизлантиришга қаракат қилди. 5-декабрда инглиз аскарлари ЭЛАСга қарши ҳаракатгаўтди. 1945-йил 12-февралда да ҳукумат ва Миллий озодлик фронти Варкиз битимини имзолади. Битимга мувофиқ, ҳарбий ҳолатни бекор қилиб, афв умумий (амнистия) эълон этиш, барча қуролли отрядларни тарқатиш, давлат тузуми ҳақида плебиссит ўтказиш ва бошқа тадбирларни кўриш ваъда қилинган эди.

Греция урушдан кейинги йилларда[edit | edit source]

Миллий озодлик фронти ўз ваъдасида туриб, ЭЛАСни қуролсизлантирди. Бироқ ҳукумат мунофиқона йўл тутиб, террор муҳитида сохта сайлов (1946-йил март) ва плебиссит (1946-йил сентябр) ўтказди ҳамда мамлакатда монархия тузумини тиклади. Ҳукумат мамлакатдаги демократик кучларни йўқотиш мақсадида фуқаролар урушини бошлаб юборди. 1946-йил октабрда Греция демократик армияси тузилиб, бу армия миллий мустақиллик, демократия ва ижтимоий тараққиёт учун уч йил мобайнида кураш олиб борди. 1949-йил октабрда демократик армия қуролли қаршилик кўрсатишни тўхтатди (ушбу армия аскарларидан бир қисми Ўзбекистонда бошпана топди, шу ерда яшаб, тинч меҳнатда қатнашди. Ўз ватанида қулай сиёсий вазият вужудга келгач, кўчиб кетди). Тараққийпарвар арбоблар таъқибга учради. 1952-йил ноябрда маршал А. Папагос бошчилигидаги Юнон йиғини партияси ҳокимиятни қўлга олди. Шу партия, сўнгра 1956-йилда унинг асосида тузилган Миллий радикал иттифоқ (ЭРЕ) К. Караманлис бошчилигида мамлакатдаги демократик кучларни бостиришни давом эттирди. Бу эса халк, оммасининг норозилигини кучайтирди. 1963-йил 22-майда парламент сўл депутати Г. Ламбракис ўлдирилганидан кейин Миллий радикал иттифоқ (ЭРЕ) партияси ҳукумати истеъфо беришга мажбур бўлди.

1963-йил ноябр – 1964-йил феврал парламент сайловлари натижасида ҳокимият Марказ иттифоқи партиясига ўтди. Ҳукумат раҳбари Г. Папандреу давлат аппаратини қайта ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар белгилади, мактабларда бепул ўқитишни жорий қилди, деҳқонлар тўлайдиган солиқларни бирмунча енгиллаштирди, айрим тоифадаги хизматчилар маошини оширди, сиёсий маҳбусларни озод қилди ва 1965-йил 15-июлда қиролнинг сиқуви натижасида Папандреу ҳукумати истеъфо берди.

Марказ иттифоқи партиясидан ажраб чиққан ўта ўнг қанот раҳбари С. Стефанопулос 1965-йил 17-сентябрда янги ҳукумат тузишга муваффақ бўлди. У давлат аппарати, полиция ва армияда демократик руҳдаги кишиларни қирол ва олигархияга содиқ шахслар билан алмаштирди. 1967-йил апрелда ҳокимиятни П. Канеллопулос раҳбарлигидаги ЭРЕ партияси эгаллади. Ударҳол парламентни тарқатиб юборди ва 28-майда янги парламент сайлови ўтказмоқчи бўлди. Бироқ реаксион ҳарбий унсурлар 21-апрелдаёқ ҳарбий тўнтариш уюштирди ва мамлакатда ҳарбий диктатура тартибини ўрнатишга эришди. Конституция бекор қилиниб, демократик ташкилотлар тарқатиб юборилди, илғор кишилар эса қамоққа олинди. Ҳарбий ҳокимиятни К. Коллиас бошқарди. 1967-йил 13-декабрда Греция қироли Константин Ҳарбин ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин қирол мағлубиятга учраб, Римга қочди. Шу куни хунта раҳбари Г. Пападопулос бош вазир, генерал-лейтенант Г. Зоитакис эса регент қилиб тайинланди. 1974-йил июлида ҳарбий диктатуранинг ички ва ташқи сиёсати бутунлай барбод бўлганлиги натижасида бош вазир К. Караманлис бошчилигидаги фуқаро хукумати ҳокимият тепасига чиқди. Ўша йили ўтказилган референдум монархия тугатилганлигини тасдиқлади ва Грецияи республика деб эълон қилди. Греция президенти – Константинос Стефанопулос (1995-йил мартдан). Греция 1945-йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1992-йил 16-мартда ўрнатган. Миллий байрами – 25 март – Мустақиллик куни (1821).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари[edit | edit source]

Умумгресия социалистик ҳаракати (ПАСОК), 1974-йилда тузилган; Греция сўл партияси, 1987-йилда тузилган; Сўл ва тараққийпарвар кучлар уюшмаси, 1989-йилда тузилган; Греция коммунистик партияси, 1918-йилда асос солинган; Янги демократия партияси, 1974-йилда тузилган; „Сиёсий баҳор“ партияси, 1993-йилда ташкил этилган. Греция умуммеҳнат конфедерацияси, 1918-йилда асос солинган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради[8].

Хўжалиги[edit | edit source]

Греция – саноатлашган-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 18 %, қишлоқ хўжалигининг улуши 16 %.

Саноати[edit | edit source]

Йилига ўртача 30,5 млрд. кВцоат электр энергия ҳосил қилинади. Электр стансияларнинг кўпи ёқилғи билан ишлайди. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик, кимё, нефтни қайта ишлаш, ёғочсозлик, семент корхоналари бор. Енгил ва озиқ-овқат саноати тармоқлари айниқса ривожланган. Ип ва жун газлама, гилам тўқилади[9]. Ёғ (зайтун ёғи ишлан чиқариш бўйича дунёда 3-ўрин), ун-ёрма[10], мева консервалари, тамаки, виночилик корхоналари бор. Олтингугурт кислотаси, синтетик материаллар, азотли ва фосфорли ўғитлар, портловчи моддалар ишлаб чиқариш кимё саноатининг асосини ташкил этади. Асосан четдан келтирилган нефтни қайта ишлаб, турли маҳсулотлар тайёрланади. Қазиб олинган боксит, ферроникел ва ш.к.нинг анчагина қисми қайта ишланмаган ва консентрат ҳолида чет элларга чиқарилади. Алюминий, пўлат, чўян, баъзи турдаги рангли металлар эритиб қуйилади. Кемасозлик, автомобилсозлик, тракторсозлик, бинокорлик материаллари корхоналари мавжуд. Кичикроқ кўнчилик-поябзал ва ёғочсозлик фабрикалари бор. Асосий саноат марказлари: Афина, Салоники[11].

Қишлоқ хўжалиги[edit | edit source]

Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи – деҳқончилик бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қийматининг 75 % ни беради. Майда деҳқончилик хонадонлари ҳам, йирик хўжаликлар ҳам мавжуд[12]. Ерларни ижарага бериш кенг тарқалган. Мамлакат майдонининг 30 % га яқини – экинзор. Грецияда зайтун дарахтининг 31 тури усади. Улар йилига 2 марта гуллаб, ҳосил беради[13]. Аҳоли жон бошига 10 туп зайтун дарахти тўғри келади. Мамлакат экинзорларининг 1,9 % боғдорчилик хўжаликлари кўлида. 6 млн. туп олма, 5 млн. тупдан кўпроқ шафтоли, 19 млн. тупга яқин бошқа мевали дарахтлар бор. Салкам 20 млн. туп апелсин, лимон, мандарин, грейпфрут, бергамот ёзда ва кузда – 2 марта ҳосил беради. Буғдой етиштирилади[14]; қанд лавлаги, арпа, маккажўхори, сабзавот, шоли ва бошқалар ҳам экилади. Чорвачилик заиф. Қўй, эчки, қорамол, чўчқа боқилади. Денгиз соҳилларида балиқ овланади[15]. Чет эл сайёҳлиги анчагина даромад келтиради (1 йилда 10 млн.га яқин киши келиб кетади)[16].

Транспорти[edit | edit source]

Грецияда денгиз транспорти асосий ўринни олади. Савдо флотининг салмоги жиҳатидан дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Грециянинг 2579 кемасидан 1000 га яқини бошқа мамлакатлар байроғи билан сузади[17]. Асосий денгиз портлари: Пирей, Салоники, Элефсис. Темир йўлларнинг узунлиги – 2,6 минг[18], автомобил йўлларининг узунлиги – 130 минг км. Афина ва Салоникида халқаро аэропортлар бор[19].

Афина трамвайи

Экспорт ва импорт[edit | edit source]

Греция четга асосан зайтун ёғи ва меваси, узум, ситрус мевалар, тамаки ва маъдан хом ашёси чиқаради. Четдан машина, асбоб-ускуна, ёқилғи, металургия ва кимё саноати учун хом ашё харид қилади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Алмания, АҚШ, Италия, Франса, Буюк Британия ва бошқалар[20]. Пул бирлиги – драхма[21].

Ижтимоий соҳа[edit | edit source]

Тиббий хизмати[edit | edit source]

Грециядаги касалхоналарнинг аксарияти давлат қарамоғида. Хусусий врачлар ҳам тиббий хизмат кўрсатади. Врачларни Афина ва Салоникидаги университетларнинг тиббиёт факултетлари тайёрлайди. Машҳур курортлари Делфа, Салоники, Патри шаҳарлари ва Керкира оролида.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари[edit | edit source]

Афина университетининг тарихий корпуси

Маориф тизими 4 босқичга бўлинади: 6 йиллик умумий[22], 3 йиллик ўрта ва 3 йиллик ўрта махсус, шунингдек, олий таълим. Умумий ва ўрта таълим мажбурийдир. Грецияда 17 университет ва бир қанча техника институтлари бор. Йириклари: Афина, Салоники университетлари, Афина политехника институти. Илмий муассасалари[23]: Афина академияси (1926-йил ташкил этилган; унда бир қанча институтлари ва комитетлар мавжуд), 20 га яқин и.т[24]. институти ва бир қанча илмий жамиятлар, Афина шаҳридаги Миллий расадхона (1842-йил ташкил этилган) ва бошқалар. Грециядаги Миллий кутубхона (1828-йил ташкил этилган), Афина шаҳридаги Депутатлар палатаси кутубхонаси[25], университетлар кутубхоналари йирик кутубхоналардир[26].

Асосий музейлари: Миллий археология музейи (1874-йил ташкил этилган). Акропол (1878-йил очилган), Бизантия музейи (1914), Миллий тарих музейи (1882), Санъат асарлари миллий галереяси (1900) – ҳаммаси Афина шаҳрида жойлашган[27].

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви[edit | edit source]

Грецияда бир қанча газета ва журналлар нашр этилади. Йириклари: „Авги“ („Тонг“, кундалик газетаси, 1952-йилдан). „Акрополис“ („Акропол“, кундалик газетаси, 1881-йилдан), „Атенз нюс“ („Афина янгиликлари“, инглиз тилида чиқадиган кундалик газетаси, 1952-йилдан), „Катимерини“ („Кун янгиликлари“, кундалик газетаси, 1919-йилдан), „Ризоспастис“ („Қатъият“, кундалик газетаси, 1918-йилдан), „Апогевматини“ („Оқшом янгиликлари“, кундалик кечки газетаси, 1952-йилдан), „Вима“ („Минбар“, якшанбалиқ ҳафтанома, 1922-йилдан), „Икономикос тахидромос“ („Иқтисодий хабарчи“, ҳафталик журнали, 1926-йилдан). Афина ахборот агентлиги 1896-йилда ташкил этилган. Радиоэшиттиришлар 1938-йилдан, телекўрсатувлар 1966-йилдан олиб борилади.

Адабиёти[edit | edit source]

Платон академияси

Янги юнон адабиёти Византия емирилгандан кейин дастлабки асрларда антик ва Византия маданияти анъаналари, Уйғониш даври ғоялари, халқ оғзаки ижодиёти заминида юзага келган[28]. 15—17-асрлар адабиёти Кипр, Родос, Додеканес, Крит ва бошқа оролларда тараққий этди. Турли жанрларда бақувват асарлар („Қиз ва йигит лапари“, „Чўпон“, „Эрофили“, „Эротокритос“) яратилди. Буларда асосан ижтимоий тенгсизлик асослари фош этилди. 18—19-асрларда юнон тилида баён тусидаги адабиёт ривожланди: К. Дапонтес, М. Ибанну, И. Пандзелес ва Ригас Велестинлис шеърияти муҳим аҳамият касб этди. А. Калвос, А. Валаоритис каби адиблар халқнинг инқилобий жасоратини куйладилар. А. Матесис „Базилик“ драмаси билан миллий драматургияга асос солди. Юнон миллий озодлик қўзғолони (1821—1829)нинг йирик арбоблари Я. Макрияннис ва Ф. Колокотронис мемуар (ёднома) асарлар яратдилар. Д. Соломос, П. Суцос, А. Рангавис каби 1-Афина мактабининг вакиллари ижодида адабиёт анъаналари ўз ифодасини топди. 2-Афина мактабининг асосчиси К. Паламас асарлари („Қалбим нигоҳи“, 1892; „Лўлининг ўн икки қўшиғи“, 1907; „Ҳажвий этюдлар“, 1912)да миллий тил ва миллий мавзуга асос солинди. 20-аср бошларида ижод қила бошлаган Д. Вутирас, П. Пикрос, Ф. Корнарос каби адибларнинг асарларида оддий кишиларнинг аянчли ҳаёти тасвирланган. А. Сикеляноснинг „Лирик ҳаёт“ шеърлар тўплами, „Исо Римда“, „Дигениснинг ўлими“ драмалари адабиёт ривожида янги босқич бўлди. Қаршилик кўрсатиш даврида тараққийпарвар шоир ва адиблардан А. Сикелянос, Ф. Ангулес, Г. Кодзюлас ва б. ижодида антифашизм ғояси илгари сурилди. Урушдан кейинги йиллар юнон адабиёти ривожида Жаҳон Тинчлик Кенгаши адабий мукофотининг лауреати Н. Казандзакиснинг роли катта. У „Капитан Михалис. Озодлик ёки ўлим“ романи билан шуҳрат қозонди. 1967-йилги давлат тўнтаришидан сўнг адабиётда умидсизлик, тушкунлик кайфиятлари пайдо бўлди. А. Авгериснинг „Кесишган ва параллел йўллар“, П. Коровесиснинг „Синов“ шеърий тўпламларида эрк ва тинчлик ғоялари акс этди. Қадимги юнон драматурги Софоклнинг „Шоҳ Эдип“ асари Ўзбекистан Миллий академик драма театрида зўр муваффақият билан кўрсатилди. У телетасмага ёзиб олиниб зангори экранда ҳам бир неча марта намойиш этилди[29].

Меъморлиги[edit | edit source]

Афина академиясининг биноси
Неос Космос
Парфенон

Усмонли турклар ҳукмронлиги даври (15-аср охири – 19-аср бошлари)да халқ меъморлиги асосий ўринни эгаллади. Ҳар бир водий ва оролда уйлар оддий материаллардан ўзига хос услубда барпо этилди. Шимолда кўпроқ ёғочдан, оролларда тошдан фойдаланилди. Тир оролидаги равоқли ва гумбазли, Андрос, Миконос ва бошқа ороллардаги ясси томли уйлар ҳозиргача сақланган. Йирик шаҳарларда барпо этилган турк маҳаллалари эгри-бугри тор кўчалардаги икки қаватли уйлардан иборат эди. Ибодатхоналар хочсимон-гумбазли тузилишда бўлган (Афон ва Метлор монастирлари). Мамлакат озодликка эришгач, 1830-йилда ҳаробага айлана-ёзган Афина пойтахт сифатида қайта тикланди. Афина шаҳрининг бош қурилиш лойиҳаси яратилгач (1830), Греция меъморлигида янги давр бошланди. Юнон меъморлари С. Клеантис ва Л. Кавтадзоглу классик услубга асосланган янги хил турар жой биноларини яратишди. Жамоат бинолари классицизм анъаналари асосида, ибодатхоналар Византия меъморлиги руҳида барпо этилди[30]. Серҳашам жамоат биноларини кўпгина хорижий меъморлар (Афинадаги Миллий кутубхона, 1832; университет биноси, 1837; даниялик меъмор Х. К. Хансен) қурган. 20-аср бошларида маҳаллий иқлим шароитига мослашган олд томони болхонали ва лоджияли кўп хонали турар жойлар (меъмор К. Кицикис), шаҳар ташқарисида виллалар (меъмор Д. Пикионис, Д. Триподакис) қурилди. 50— 60-йилларда темир-бетон ва ойнадан ҳамда маҳаллий материаллардан фойдаланиб, халқ меъморлиги асосида турли бино ва меҳмонхоналар (меъморлар П. Василиадис, П. Милонас ва бошқалар) солинди. Маъмурий бинолар кўпроқ халқаро меъморлик андазалари асосида (меъмор К. Доксиадис), турар жойлар (кўп квартирали арзон уйлар, меъмор А. Константинидис ва бошқа), саноат бинолари (Афинадаги „Фикс“ фабрикаси, меъмор Т. Зенетос) қад кўтарди, музей ва қадимги ёдгорликлар таъмирланди[31].

Тасвирий санъати[edit | edit source]

15-аср охири ва 19-аср бошларида Грецияда монастирлик (ибодатхоналарга линий мавзудаги расмлар ишлаш) санъати ҳукмронлик қилган. Сўнгги Византия анъаналари сақланган, халқ ижодиёти ривожланган (бўртма тасвир, каштачилик ва бошқалар). 19-асрда содда ва аниқ портретлар Н. Кандунас, Н. Кунелакис асарларида намоён бўлган. 19-аср 2-ярмида рассомлар Мюнхен академизми усулини қўллаб, халқ миллий мавзуига мурожаат қилишган (Н. Литрас, Н. Гизис). Я. Алтамурас манзараларида романтизм акс этган. 1920-йилдан рассомлар Европа санъатининг янги оқими таъсири сингдирилган миллий қиёфани яратишга интилдилар (рассом К. Партенис, ҳайкалтарош Я. Халепас). 20-аср ўрталарида 19 ва 20-асрлар реалистик санъат анъаналари қаторида (рассомлар А. Георгиадис, Я. Моралис, Я. Саруҳис) миллий ўрта аср ва халқ санъати шаклларидан фойдаланилган (деворий рассомлик Ф. Кондоглу, графика С. Василиу). Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқ озодлик кураши демократик реалистик санъатнинг пайдо бўлишига таъсир этди (В. Семерсидис, Д. Кацикоянис, Х. Капралос, В. Катраки ва бошқалар). 20-аср ўрталарида таркиб топган модерн оқимлари (Н. Хажикириакос-Гикас, А. Кондопулос ва бошқалар) кейинги йилларда кенг тарқалди.

Мусиқаси[edit | edit source]

Греция мусиқаси – дунёдаги энг азалий мусиқий маданиятлардан бири. Ўрта аср Греция профессионал мусиқаси Византия мусиқа маданиятининг тараққиёт йўлидан борди. 15-аср Туркия истилоси давридан бошлаб Греция мусиқасининг ривожи тўхтаб қолди. Миллий мусиқа анъаналари фақат халқ ижоди ҳамда черков мусиқасида сақланиб қолган. Халқ мусиқаси турли шакл ва жанрларга эга. Маросим, тарихий, маиший, лирик қўшиқлар мавжуд. Айниқса, 17—18-асрларда эзувчиларга қарши курашган киши (клефт)лар ҳақидаги қўшиқлар машхур бўлди. Қўшиқлар жўрлигида кўпроқ давра ўйинлар (сиртос, сиртаки ва бошқалар) ҳам ижро этилади. Созлар орасида лютня, лира, свирел (чўпон най), волинка ва бошқалар учрайди. Бузуки, мандолина, скрипка, 1830-йиллардан бошлаб кларнет, гитаралар машҳур. Керкира Филармония жамиятининг (1840) асосчиси Н. Мандзарос юнон миллий мадҳиясини яратган. Композитор С. Самараснинг Олимпия ўйинлари мадҳияси дастлаб Афинада ижро этилган (1896). Греция миллий мусика мактаби асосчиларидан бири М. Каломирис Афинада Греция миллий консерваториясини ташкил этди; миллий опера ва симфоник асарлари машҳур. 1940—1950-йилларда М. Хадзидакис ва М. Теодоракис каби кўпгина қўшиқчи-композиторлар шуҳрат қозонди. Грецияда миллий опера театри (1919, Афина), 5 симфоник оркестр бор. Ягона давлат консерваторияси Салоникида (1914-йил ташкил этилган); хусусий жамиятлар қарамоғидаги Афина (1871), Пирей (1904), юнон (1919) ва Миллий консерваториялар (Афина, 1926) ҳам мавжуд. Йил сайин оммавий қўшиқлар фестивали ўтказилади[32].

Театри[edit | edit source]

Византия империяси даврида антик театр санъати анъанаси тўхтаб қолди. Замонавий театр санъатининг ташкил топиши юнон халқининг миллий озодлик ҳаракати, жумладан, яширин ватанпарвар жамият „Филики Этерия“ фаолияти таъсирида Одеса (1817) ва Буҳарест (1821)да дастлабки ҳаваскор театр труппалари тузилди. Давлат мустақиллиги эълон қилингач, миллий театр шакллана бошлади. Г. Мандзуранис ва Г. Калогномос бошчилигида Сирое оролида театр ташкил қилинди. Ж. Б. Молер, К. Голдони, И. Шиллер, В. Гюго, В. Шекспирларнинг асарлари театр репертуарини бойитди. Афинада биринчи спектакл 1836-йил кўрсатилди, лекин профессионал труппалар 60-йиллардан пайдо бўлди. 1901-йили Афинада Давлат „Қирол театри“ ташкил қилинди. Бу ерда ишлаган режиссор Т. Иконому актерлик санъати ривожига катта ҳисса қўшди. 1910—20 йилларда Греция театр санъати сезиларли даражада инқирозга юз тутди. Режиссор Ф. Политис театрнинг инқироз ҳолатини енгиб ўтишга интилди ва 1925-йил Софоклнинг „Шоҳ Эдип“, Н. В. Гоголнинг „Ревизор“, Ф. М. Достоевскийнинг „Акаука Карамазовлар“ини саҳналаштирди. Драматург ва театр арбоби В. Ротас 1930-йилда „Халқ театри“ни ташкил қилди (у 1934-йилга кадар фаолият кўрсатди). 1945-йил „Бирлашган артистлар“ театри ташкил қилиниб, бунда кўпроқ юнон драматургларининг песалари қўйилди. 1955-йил „Юнон халқ театри“ юзага келди (раҳбари М. Катракис). 1957-йил режиссор Д. Рондирис ва актриса А. Папатанасиу асос солган Пирей театрининг саҳна асарлари Греция театрида катта бурилиш ясади. 80-йилларга келиб, Греция театрлари репертуари бирмунча кенгайди. Молер, И. С. Тургенев, А. П. Чехов, Г. Ибсен, Ф. М. Достоевски асарлари Греция театри саҳнасидан кенг ўрин олди. Кейинги йилларда қўйилаётган спектаклларда кўпроқ маиший ва ижтимоий мавзулар ўз аксини топди, мусиқали комедиялар ҳам саҳналаштирилди, энг актуал сиёсий воқеалар ёритилди.

Киноси[edit | edit source]

Грецияда 1906-йил биринчи ҳужжатли филм суратга олинди. 1911 – 1912-йилларда бир неча кинокомедиялар яратилди. 1914-йил асос солинган „Афина-филм“ фирмаси тўла метражли кинофилмлар мунтазам ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 1914—1918-йилларда кўпроқ ҳарбий кинохроникалар ишланди. 1927—1931-йилларда тарихий ва замонавий бадиий асарларни экранлаштирувчи йирик кинофирма – „Дагфилм“ фаолият кўрсатди. „Севги ва тўлқинлар“ (1927, режиссор Д. Газиадис), „Дафнис ва Хлоя“ (1931, режиссор О. Ласкос) ва бошқалар шу фирма маҳсулотидир. 1932-йил биринчи овозли филм экранлаштирилди („Нотўғри йўл“, режиссор Д. Газиадис). Метаксас диктатураси ва фашистлар босиб олган даврда „Қалб садоси“ (1943, режиссор Л. Иоанопулос), „Қарсақлар“ (1944, режиссор Г. Дзавелас) каби миллий филмлар намойиш қилинди. Греция озодликка эришгандан сўнг, дастлабки пайтларда йилига 8—10 филм яратилган бўлса, 50—60-йилларга келиб 46 тага етди. „Қонли Рождество“ (режиссор Г. Зервос), „Сеҳрли шаҳар“ (режиссор Н. Кундурос), „Электра“ (режиссор М. Какоянис), „Пароходга“ (режиссор Д. Дамианос) каби филмлар ўзининг мазмундорлиги ва оммавийлиги билан ажралиб туради. А. Ставрос, Д. Констандис, И. Димопулос, И. Папас, П. Зервос, Г. Калогератос, Г. Арвинитис, А. Фонсу, О. Карлатос, Т. Венгос, И. Линику, Н. Куркулос, М. Меркури, А. Вуюклаки, Д. Папамихаил ва бошқа Грецияинг йирик кинематографчиларидир. Н. Кундурос ва Т. Канеллопулослар эса ҳужжатли ва илмий-оммабоп филмлар ишлаб чиқаришда шуҳрат қозондилар. Грецияда йилига 100—120 филм экранлаштирилади.

Ўзбекистон – Греция муносабатлари[edit | edit source]

2022-йилнинг 16-март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Греция Республикаси Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро табрик алмашдилар.

Абдулазиз Камилов мактубида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, маданият, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш учун етарли салоҳиятга эга экани қайд этилган.

Ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Греция шериклиги икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида барча соҳаларда янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

Ўз навбатида Никос Дендиас сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Греция Ўзбекистон билан халқаро тузилмалар доирасида, шунингдек, Европа Иттифоқи йўналишида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлифи маълум қилинди.

Машхур грекликлар[edit | edit source]

  • Домна Висвизи - Греция мустақиллик уруши иштирокчиси, кема қўмондонинг турмуш ўртоғи ва ундан кейинги кема раҳбари.
  • Марика Ниноу - арман-юнон ребетико қўшиқчиси.

Адабиётлар[edit | edit source]

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар[edit | edit source]

  1. http://www.tovima.gr/files/1/2011/07/22/apografh22.pdf
  2. Анcиэнт Греэк Тҳеатер Дисcоверед – Дисcоверй Чаннел
  3. Реале Дж., Антисери Д. Западная философия от истоков до наших дней.
  4. Лейст О. История политических и правових учений. Гл. 13.
  5. Международноэ консалтинговоэ агенцтво, 2012-12-28да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-14
  6. „Демографический кризис в Греции и других странах ЕС :: Греция от греэк.ру“. 2013-йил 18-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 14-апрел.
  7. „Тотал популатион“. Эуростат (2010-йил 1-январ). 2011-йил 21-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2010-йил 8-январ.
  8. Пресс Фреэдом Индех 2009, 2009-10-22да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2009-10-22
  9. Οι Ελληνες 2οι πιο σκληρά εργαζόμενοι στον κόσμο! — Греки — 2-е лучшие в мире работники!, 2010-11-29да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-14 {{cитатион}}: но-бреак спаcе чараcтер ин |титле= ат поситион 50 (ёрдам)
  10. [1]
  11. [2]
  12. Греция: дефолт неминуэм
  13. В Гресии объявили налоговую амнистию[сайт ишламайди]
  14. АТҲЕНС НЕWС АГЕНCЙ, 2012-03-05да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-14
  15. В Гресии будут жит бедно, но в долг | Деловой портал БФМ.ру
  16. Ҳуман Девелопмент Репорт 2009 (данниэ на 2007 год включително)
  17. Аттики Одос С. А. – Респонсибилитй тоwардс тҳе энвиронмент, тҳе соcиэтй анд тҳе ҳуман беинг[сайт ишламайди]
  18. Аттики Одос Моторwай, Греэcе
  19. Рио-Антиррио бридге//Cонcепт & Cонструcтион – Официалная страница
  20. Оι αργίες των Эλλήνων – Юнонлар байрами
  21. CИА Фаcт Боок. Греэcе овервиэw, 2016-08-25да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-14
  22. Ο ιστότοπος του Εθνικού Κέντρου Έρευνας Φυσικών Επιστημών „Δημόκριτος“
  23. Эурйбасе — Десcриптионс оф Натионал Эдуcатион Сйстемс анд Полиcиэс (ПДФ), 2010-05-25да асл нусхадан (ПДФ) архивланди, қаралди: 2013-04-14 {{cитатион}}: но-бреак спаcе чараcтер ин |титле= ат поситион 9 (ёрдам)
  24. „Δημήτριος Καραμπερόπουλος. Εγκυκλοπαίδεια Νεοελληνικού Διαφωτισμού, υπό έκδοση από το Κέντρο Νεοελληνικών Ερευνών, Εθνικού Ιδρύματος Ερευνών“. 2012-йил 27-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 14-апрел.
  25. архив нусхаси, 2011-06-23да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-04-14
  26. „Δημήτριος Καραμπερόπουλος. Ελληνική Παιδιατρική. Διαχρονική προσέγγιση, 15 Νοεμβρίου 2008“. 2012-йил 11-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 14-апрел.
  27. „Δημήτριος Καραμπερόπουλος. Η πρώτη Ιστορία της Ιατρικής στην Ελληνική Γλώσσα, 11 Ιουλίου 2008“. 2012-йил 11-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 14-апрел.
  28. Греческая литература // „Литературная энсиклопедия“ (М., 1929—1939. Т. 1—11)
  29. Византийская литература // „Литературная энсиклопедия“ (М., 1929—1939. Т. 1—11)
  30. Полевой В. М. Гресия (Королевство Гресия). Архитектура и изобразителноэ искусство.//Общэственниэ науки. Болшая Совецкая Энсиклопедия. Гл. ред. А. М. Прохоров, 3-э изд. Т. 30. Экслибрис – 1978. 632 стр.
  31. Андоза:Из
  32. Фор Греэcеъс Эcономй, Геограпҳй Wас Дестинй(ингл.)