Jump to content

Дақиқий

From Vikipediya

Дақиқий (асл исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад) (956, Балх — 980, Бухоро) — Сомонийлар даврининг энг кўзга кўринган форс шоирларидан бири эди. У биринчи бўлиб Эрон миллий достони “Шоҳнома”ни яратишга киришган, бироқ 977-йилда атиги 1000 мисрани тамомлагандан сўнг ўлдирилган. Унинг ижодини замондоши Фирдавсий давом эттирди.

Исми

[edit | edit source]

Дақиқийнинг исми Муҳаммад ибн Аҳмад, отасининг исми Абу Мансур бо'либ, то'лиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад Дақий эди. У манбаларда одатда Дақиқий (араб ва форс тилларида “аниқ” деган маънони англатади) тахаллуси билан машҳур. Дақиқий ёшлигида ўқиш учун Бухорога келган ва умрининг охиригача шу ерда яшаб қолган. У сомоний амирларидан Мансур ибн Нуҳ (961—76 йиллар ҳукмронлик қилган) ҳамда Абулқосим Нуҳ ибн Мансур (976—997 йиллар ҳукмронлик қилган) саройида хизмат қилган. Дақиқий шарқ адабиётида мавжуд лириканинг барча жанрларида шеърлар ёзган. Эски манбаларда унинг қасида, ғазал, рубоий, қитъа, баҳориёт, чистон сингари жанрлардаги асарлардан таркиб топган девони борлиги таъкидланган. Лекин ҳанузгача шоирнинг қўлёзмаси топилмаган. Шоир меросидан айрим намуналар тазкира ва луғатлардагина сақланиб қолган. Д. қасидагўйлик ва ғазалнависликда устод санъаткор даражасига кўтарилган. У ўз шеърларида дўстликни, муҳаббатни, маърифатни куйлаган; қасидаларида донишманд, одил подшо бошчилигидаги марказлашган давлат учун кураш ғоясини ифодалаган. Бундан ташқари Дақиқий Абулқосим Нуҳ ибн Мансур Сомоний топшириғи билан қадимги аждодлар тарихи ҳақида "Шоҳнома" ёзишга киришади. Аммо 1000 байтдан иборат "Аржасп ва Гуштасп" достонини ёзиб тугатган пайтида ўз ғуломи томонидан ўлдирилади. Кейинчалик Фирдавсий бу достонни ўз "Шоҳнома"сига киритган. Асарда Зардуштнинг пайдо бўлиши, Гуштасп ва бошқа аёнлар унинг динини қабул қилишлари, Турон подшоҳи Аржаспнинг бу воқеадан норозилиги ҳамда Гуштасп билан Аржасп ўртасидаги уруш ҳикоя қилинган. Мазкур жангнома Эрон ва Турон халқлари тарихини, жумладан, зардуштийлик динининг пайдо бўлишини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Бертелс Е. Д., История персидско-таджикской литератури, М., 1960.

Ҳамиджон Ҳомидий.