Jump to content

Вегетатив нерв системаси

From Vikipediya
Вегетатив нерв системаси:Симпатик нерв системаси (қизил) ва Парасимпатик нерв системаси (ко'к)

Вегетатив нерв системаси (лотинча: вегетатио — ўсиш, ривожланиш, қўзғалиш) — одам ва умуртқали ҳайвонлар нерв системасининг бир қисми; В.н.с.нинг толалари барча ички аъзоларнинг силлиқ мускулларига тарқалиб, улар фаолиятини киши ихтиёрисиз (автоном ҳолда) бошқариб туради. Аммо В.н.с. анимал (скелет мускулларигача тарқалувчи) нервлар сингари бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи бошқарувида фаолият кўрсатади. Бу терминни фанга биринчи марта франсуз врачи М. Биша киритган (1801) ва унинг соматик нерв системаси фаолиятидан фарқини илмий жиҳатдан асослаб берган. Инглиз физиологи Ж. Ленгли (1903) В.н.с.ни "автоном нерв системаси" деб атади, чунки В.н.с.нинг фаолияти онг билан бошқарилмайди, шу сабабли "автоном" ёки ихтиёрсиз нерв системаси деб ҳам юритилади.

В.н.с. моддалар алмашинуви жараёнида қатнашадиган барча аъзоларнинг (юрак-қон томир, нафас, ҳазм қилиш, ажратиш, кўпайиш) тўқима ва мускуллар трофикасини (тропҳе — овқат) бевосита ёки гуморал (суюқлик муҳит воситасида) йўл билан идора этади. В.н.с. жойланиши ва фаолиятига кўра анимал нерв системасидан бирмунча фарқ қилади. Анимал нерв системаси фақат кўндаланг-тарғил (скелет) мускулларни идора қилса, В.н.с. ҳужайралар, тўқималар ва силлиқ мускулларни нерв билан таъминлайди. Анимал нервлар мия стволи (устуни) ва орқа миянинг барча сегментларидан бир текисда чиқади, вегетатив нервлар эса марказий нерв системасининг маълум қисмларидан (ўрта ва узунчоқ миядан, орқа миянинг барча кўкрак ва учта бел сегментларида ўзига тегишли умуртқалар оралиғидан, шунингдек думғаза соҳасидан, иккинчи — тўртинчи думғаза умуртқалари оралиғидан) тарқалади. Анимал нервлар орқа миядан чиқиб узилмасдан ишчи аъзоларга боради. Вегетатив нервлар мия соҳасидан чиққандан сўнг йўл-йўлакай вегетатив тугунларда тўхтаб, кейин ишчи аъзоларга тарқалади. Бундан ташқари, тугундан олдинги толаларнинг ҳар бири тугундан кейинги бир қанча толаларга ўз таъсирини ўтказади. Анимал нервлар миелин (ёғ) пардага ўралган ва йўғонроқ, вегетатив нервлар эса миелинсиз ва ингичка бўлади. Вегетатив нервлар асосан анимал нервлар таркибида, қон томирлар деворида чигаллар ҳосил қилиб тарқалади. Вегетатив нервларнинг ҳар бири ҳам сезувчи, ҳам ҳаракатланувчи толалар вазифасини бажаради. Уларда импулс (таъсир)лар секундига 10 м тезликка етади. Соматик нервлар таркибидаги толалар (сезувчи ва ҳаракатланувчи) эса алоҳида, миелин пардали бўлгани учун уларда импулс секундига 100 м тезликка етади.

В.н.с. фаолиятига кўра симпатик ва парасимпатик нерв системасига ажратилади. Симпатик нерв системаси адреналинга ўхшайдиган симпатии, парасимпатик нерв системаси эса ацетилхолин воситаси таъсирида қўзғалади. Бу моддалар қонга ва лимфа суюклигига шимилиб, улар оркали нервлар қўзғалади. Марказий нерв системаси ташқи ва ички муҳит таъсирларига В.н.с. орқали жавоб беради ва организмни доим ўзгариб турадиган муҳитга мослаштиради. Одатда симпатик нервлар функсияси жиҳатидан парасимпатик нервларга қарама-қарши таъсир кўрсатади. Симпатик нервлар кўз қорачиғини кенгайтиради, сўлак ва б. ажралишини камайтиради, юрак қисқаришини кучайтиради, меъда ва ичак ҳаракати (перисталтика)ни сусайтириб, уларнинг шира чиқариш фаолиятини пасайтиради, ўпка, бронхларни кенгайтиради. Парасимпатик нервлар эса аксинча кўз қорачиғини сиқиб торайтиради, сулак безлари ишини кучайтиради, юрак фаолиятини пасайтиради, ичак ҳаракатини тезлаштиради, ўпка, бронхларни торайтиради. В.н.с. соматик нерв системаси билан бир бутун ҳамжиҳат бўлиб ишлайди, уни марказий нерв системасининг олий бўлимлари, асосан бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи назорат қилиб туради. Мас., организмга совуқ таъсир қилганда симпатик нервлар қўзғалиб, қон томирлар тораяди. Гипофиз, буйрак усти бези, қалқонсимон без фаолияти кучаяди, натижада бир талай адреналин ажралиб, организмда иссиқлик сақланишини таъминлайди. Аксинча, организмда иссиқлик кўпайиши туфайли парасимпатик нервлар қўзғалади. В.н.с.нинг фаолияти турли касалликлар даврида, обҳавонинг ўзгариши, ташқи ва ички таъсирлар орқали ўзгаради

Адабиётлар[edit | edit source]

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил