Jump to content

Радиоэшиттириш

From Vikipediya
радиоэшиттириш минораси (Норвегия)

Радиоэшиттириш, радиоэшиттирув — оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос электрон техникага асосланган тури. Овозни махсус аппаратлар ёрдамида кўпайтиради ва кенг ҳудудларга, узоқ масофаларга етказиб беради. Р. матбуотнинг ўзига хос, оғзаки, эшитувчига йўналтирилган бир кўриниши сифатида матбуот қонуниятлари асосида фаолият курсатади, унинг функсияларини узига хос равишда адо этади. Р.нинг информацион (хабар, суҳбат, репортаж), таҳлилий (радио чиқиш, шарҳ, кузатув), бадиийпублицистик (лавҳа, очерк, фелетон, эссе) сингари асосий жанрлари мавжуд. Шунингдек, унда адабий ижодга (радиоҳикоя, радиопеса, радиоспектакл), мусиқа санъатига (радиоконсерт, радиокомпозиция) оид эшиттиришлар ҳам берилади. Р. оммавий ахборот воситаси сифатида оммага информация, турли маълумотлар етказиб бериш билан биргаликда мусиқа санъатини оммалаштиришда ҳам муҳим рол ўйнайди.

Радио дастлаб алоқа воситаси сифатида ишлатилган бўлса, кейинчалик ундан оммавий ахборот воситаси сифатида ҳам фойдаланилган. Биринчи Р.лар 1919-йилда Нижний Новгород радиолабораториясидан, 1920-йил Москва, Қозон ва бошқа шаҳарлардаги тажриба Р. стансияларидан олиб борилган. 1924-йил 23 ноябрдан эса мунтазам берила бошлаган.

Ўзбекистонда дастлабки тажрибавий Р.лар 1926-йил Тошкентда ўтказилган. 1927-йил 11 февралда қуввати 2 кВт бўлган оммавий радиостансия ишга туширилиб, мунтазам Р.лар бошланган. 1934-йилда Ўзбекистон радиолаштириш ва радиоэшиттириш давлат қўмитаси ташкил этилди, 1996-йил 7 майдан эса бу қўмита Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттириш давлат компаниясига айлантирилди.

Ҳозирги пайтга келиб радио мисли кўрилмаган даражада тараққий этди ва инсониятнинг маънавий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олди. Дунёдаги барча ривожланган мамлакатлар ўз Р.ларига эга. Жаҳонда АҚШга қарашли "Америка овози", "Озодлик", Англиянинг "БиБиСи", Германиянинг "Немис тўлқинлари" ва бошқа ўнлаб радиостансиялар ишлаб турибди. Ўзбекистонда 5 та радиостудия фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида Ўзбекистон телевидение ва радиокомпаниясига қарашли Тошкент радиоси етакчи ўринни эгаллайди.

Республика радиосининг эшиттиришлари 4 дастур бўйича олиб борилади. 1-дастурда асосан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий мавзулардаги эшиттиришлар ("Ўзбекистон"), 2-дастурда ёшлар учун эшиттиришлар ("Ёшлар"), 3-дастурда ахборот ва мусиқий эшиттиришлар ("Машъал"), 4-дастурда эса рус, қозоқ, уйғур, татар ва қрим-татар тилларида эшиттиришлар олиб борилади ("Дўстлик"). Юқоридагилар билан бир қаторда республикамизда бир қанча хусусий, нодавлат радиостансиялар ҳам фаолият кўрсатмоқда ("Водий садоси", "ОриятДоно", "О'збегим таронаси" ва бошқалар).

Ўзбекистон радиоси чет эллар учун ҳам мунтазам эшиттиришлар (инглиз, араб, форс, уйғур, ҳинди ва ўрду тилларида ҳамда чет эллардаги ватандошлар учун ўзбек тилида) бериб боради. Тошкент Р.нинг "Ахборот", "Ижтимоий-сиёсий", "Иктисодий эшиттиришлар", "Адабийбадиий эшиттиришлар", "Мусиқа эшиттиришлари", "Маҳаллий эшиттиришлар", "Болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар" каби бош муҳарририятлари мавжуд. Унда "Яхши кайфият", "Ватан", "Ҳамроҳ", "Дугоналар", "Гулшан", "Табассум", "Бугун радиотеатрда", "Мутолаа" ва бошқа доимий мавзу эшиттиришлари, радиожурналлар бериб борилади. Телевидение ва радиоэшиттириш давлат компанияси ҳузурида ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри, макрмчилар ансамбли, дуторчи қизлар ансамбли, эстрадасимфоник оркестри, хор жамоаси каби бадиий жамоалар ишлаб турибди.

Мухтор Худойқулов.[1]

Манбалар[edit | edit source]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил