Jump to content

Пари

From Vikipediya

Пари – Шарқ халқлари фолклорларида кенг тарқалган мифологик образ; маъшуқа тимсолининг идеаллашган шакли; гўзаллик рамзи. Дастлаб „Авесто“да пайрика шаклида учрайди. Ривоятларга кўра, парилар Кўҳи Қоф тоғи яқинидаги Эрам боғида яшаганлар, ўз шоҳи ва салтанатига эга бўлишган, уларни ғайритабиий кучлар – девлар қўриқлаган. Эртакларда парилар ниҳоятда гўзал, ақлли, донишманд, латофат ва назокат эгаси сифатида таърифланган. У сеҳрли хусусиятларга эга бўлиб, ўрни келганда турли қиёфага кира олади, ўзининг адолатли ҳаракати, тўғри ва аниқ маслаҳатлари билан қаҳрамон ғалабасига имкон яратади („Ойпари“, „Гулиқаҳқаҳпари“, „Хуршид билан Лайло“, „Одилбек билан Хуррам“ каби). „Гўрўғли“ туркуми достонларида парилар вафодор аёл, дўст, маслаҳатгўй, ақлу фаросатда, жасоратда ва обрўда кўпинча эркаклардан ҳам қолишмайдиган, улар билан бирга жангга кириб, қаҳрамонлик кўрсата оладиган образ сифатида тасвирланган. Фолклор асарларида парилар ҳаёти орқали инсон турмушининг идеал манзаралари акс этган. Парилар образи мумтоз адабиётда ҳам кўп учрайди (масалан, Алишер Навоий ғазалларида).

Адабиёт

[edit | edit source]
  • Афзалов М. И., Узбек халк, эртаклари ҳақида, Т., 1964; Раззоқов Ҳ. ва бошқа, Узбек халқ оғзаки поэтик ижоди. Т., 1980.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил