Jump to content

Меъморлик

From Vikipediya
Қадимги Юнонистон

Меъморлик (Архитектура) — фойдаланишдаги мақсад ва вазифалар, замонавий техник имкониятлар ва жамиятнинг эстетик қарашларидан келиб чиқиб бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш санъати. Меъмор инсон ҳаёти ва фаолияти учун зарур фазовий муҳитни тафаккур кучи билан аввал ижодий лойиҳада режалаб, уни амалда юксак дид ва маҳорат билан бунёд этади. Меъморлик асарлари қаторига турли-туман бинолар, уй-жойлар, меъморий мажмуалар, майдонлар, шаҳарлар, улардаги монументлар, усти очиқ ва ёпиқ иншоотлар киради. Аҳоли яшайдиган манзиллар — қишлоқ, шаҳар ва шаҳарчаларни режалаб ташкил этиш билан меъморликнинг жамловчи, энг мураккаб соҳаси — шаҳарсозлик шуғулланади. Табиат манзаралари билан боғлиқ муҳитни бунёд этиш, боғлар яратиш соҳаси боғсозлик (боғ-парк) санъатидир.

Япония

Меъморлик асари амалий хизмати, вазифасидан ташқари маълум ғоявий-бадиий мазмунни, ўз даврини ифодаловчи меъморий қиёфа — образни мужассам этади, моддий маданиятнинг энг маҳобатли ва энг кўп ҳаражатли, таркибий қисмини ташкил қилади; айни вақтда маҳобатли санъат сифатида намоён бўлади. Меъморлик бошқа турли хил санъат намуналарини (ҳайкалтарошлик, ўймакорлик, ганчкорлик каби) ўзида мужассам этиши билан санъатлар онасига, фазовий шакллар ўзаро мутаносиб, ҳамоҳанг бўлишини назарда тутиб меъморий қадимият ёдгорликлари тошда қотиб қолган мусиқага ўхшатилади. Бинонинг мустаҳкам, инсон учун керак ва гўзал бўлиши меъморликнинг илк тараққиёти давридан ҳозиргача асосий омили ҳисобланади. Қадимги дунё тарихида машҳур бўлган етти мўъжизанинг ҳаммаси инсон даҳоси билан яратилган меъморий санъат асарлари бўлгани бежиз эмас.

Исфаҳан (Эран)

Ўтмиш давру-давронлар тўфонида жуда кўп маҳобатли бинолар ном-нишонсиз тўзиб кетган. Лекин асрлар оша етиб келган буюк меъморий мерос ёдгорликлари замирида меъморликнинг юксалиш самара ва марраларини кузатиш мумкин. Айниқса, моддий-техника имкониятлари кенгайиши, бадиий тарихий тажриба ортиши натижасида меъморликнинг услубий ўзгаришлари пайдо бўлди. Қадимги Шарқ ва Мисрда меъморликнинг ҳали тарих билмаган, одамларни ҳайратда қолдирадиган маҳобатли эҳром (пирамида), зиккурат каби илоҳий мафкура билан боғлиқ улкан иншоотлари қадимдан бўларди. Ҳозир ҳам Миср эҳромларини ҳайрат билан зиёрат этадилар. Юнонистонда бунёд этилган антик, классик даврлар услубида (милоддан аввалги ВИИ аср), ўрта асрлар Европа меъморлигидаги роман (Х—ХИИ асрлар), готика (ХИИ—ХВ асрлар) услубларида улкан бинолар, хусусан, ибодатхоналар бунёд этилди. Афина Акрополи тепасидаги маҳобатли Парфенон, дорий колонналари қатори, ажойиб релефли ҳайкаллари билан ҳозиргача классик меъморликнинг машҳур рамзига айланган мактаб, театр, стадион, ибодатхона каби янги тақлиддаги бинолар қурилди. Готика услубига хос чўзиқ равоқлар, найзасимон шакллардаги безаклар Ғарбий Европа шаҳарларининг муқаддас зиёратгоҳларига айланган. Реймсдаги Нотр-Дам собори (Франсия, ХИИИ—ХИВ асрлар) Уйғониш даври — Ренессанс (ХВ аср охири — ХВИ аср бошлари) услуби асосини қадимги давр классик меъморлиги шаклу-шамойилини янги давр талаб ва имкониятлари замини билан боғлаб қайта тиклаш ва ривожлантириш маҳсулидир.

Классик ордерлар — устунлар тизими асосида кенг кўламда мураккаб меъморий ансамбллар, мажмуалар, катта шаҳарлар бунёд этилди. Классик меъморлик қонун-қоидалари янги замон шароитида ноёб ва нафис композициялар яратиш имкониятига кенг йўл очиб берди.

Ўрта асрлар меъморлигида ХВИ аср ўрталаридан бошлаб, барокко услуби кенг тарқалди. Бинолар ҳар жиҳатдан безакдор бўлишига алоҳида эътибор берилди. Кейинроқ (ХВИИ—ХИХ асрлар) ҳашаматли безаклардан қайтиб, янги давр услубини топиш изланишлари яхши натижа берди. Классик ва Ренессанс меъморлиги тамойиллари эришган ютуқларидан ижодий фойдаланиш натижасида классицизм услуби пайдо бўлди. Айниқса, Ғарбий Европа шаҳарларида классицизм руҳидаги ажойиб меъморий ансамбллар яратилди. ХИХ асрнинг 1-ярми ва ХХ асрнинг бошларида саноатнинг ривожланиши янги типдаги меъморий иншоотлар қурилишига олиб келди. Фабрика, завод, электростансия, вокзал, элеватор каби саноат бинолари пайдо бўлди. Айниқса, металл, темир-бетон конструксиялари ва бошқа янги қурилиш материаллари (махсус ойна, пластмасса ва бошқалар) меъморлик имконияти уфқларини баланд кўтарди, услубий изланишлар ажойиб натижалар берди. Қурилиш майдонига ниҳоятда қудратли техника ва индустрия кириб келди. Бу эса осмонўпар баланд, кўп қаватли бинолар тиклаш имконини яратди. Бинолар стандарт ва такрорланувчи (типовой) қисмлар асосида йиғилиб, ниҳоятда тез фурсатда қурила бошлади. Янги материал, техника, янги талаб ва имкониятлар меъморликда янги оқимларни тез юзага чиқарди. Функсионистлар (АҚШ да Ф. Райт ва бошқалар) бинонинг гўзаллиги, унинг шакли ва функсиясининг узвийлиги, конструксиянинг нафис, материалларини табиий бўлишига боғлиқ деб таъкидласалар, бошқа бир гуруҳ меъморлар (Германияда В. Гропиус ва бошқа, "Баухауз" ижодий маркази) умуман янги замон меъморлигида безакдорликка ўрин йўқ, деб эълон қилишди. Қурилиш техникаси ютуқ ва имкониятларига кўпроқ эътибор бериб, меъморликнинг ғоявий-бадиий, ҳатто гўзаллик сифатларини инкор этиш ҳолатлари натижасида конструктивизм оқими пайдо бўлди. Ижодий оқимнинг кўплиги меъморлик объектлари кўринишида ўз ифодасини топди. Кейинги ярим аср давомида дунёнинг ҳар томонида ҳам шаҳарсозлик санъати мисли кўрилмаган миқёсда ўсиб кетди, ажойиб, гўзал, замонавий шаҳарлар тарихан қисқа муддатда бунёд топмоқда. Ҳозирги замон меъморликгида илгари тарих билмаган бадиий хусусиятлар сезилмоқда, яъни меъморий санъатда чегара билмас байналмилал руҳ ва шаклу-шамойил аниқ сезилиб қолди. Шунинг учун ҳам меъморликда миллийлик муаммоси яна диққат эътиборни тортмоқда. Бинобарин меъморлик, шаҳарсозлик, боғсозлик санъатлари соҳасида илмий тадқиқот ишлари ҳам бутун дунё меъморий меросини ўрганишга қаратилган, илғор меъморлик тажрибалар ижодкор меъмор, рассом, талабалар савиясини ошириш учун хизмат қилмоқда. Меъморлик оламидаги одатга кўра, тарихий китоблар, асосан, қадимги дунё — Миср, Юнонистон, Рим ва ўрта асрлардаги Европа давлатлари меъморлигини кенгроқ тахлил этади. Осиё давлатлари, Хитой, Ҳиндистон, Арабистон каби қадимги маданият марказлари меъморлиги нисбатан кам ўрганилгани учун, уларнинг халқаро таъсири бир оз чеклангандай кўринади. Жумладан, Марказий Осиё меъморлиги, хусусан, Ўзбекистон меъморлиги ҳам мутахассислар тадқиқотида эндигина юз очмоқда.

Ўзбекистон меъморлиги

[edit | edit source]

Ўзбекистон меъморлиги жуда қадимийлиги, турли-туман меъморий ёдгорликлари, юксак нафосат мужассами бўлган маҳобатли осори-атиқалари билан диққат-эътиборни тортади. Амударё ва Сирдарё оралиғидаги энг қадимги маданият марказлари ҳозиргача археологик ёдгорликлар қаъридан ажойиб меъморий хазинани намойиш этмоқда (Сополлитепа, Қўйқирилган қалъа, Тупроққалъа, Афросиёб, Варахша, Пойкенд, Қанқа каби). Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон каби кўҳна шаҳарлар ўзининг ноёб меъморий обидалари (Сомонийлар мақбараси, Мағоки Аттори, Чашмаи Айюб, Пойи Калон мажмуи, Лаби ҳовуз мажмуи, Самарқанд Регистони, ундаги Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси, Тиллакори масжид-мадраса ва бошқалар) билан дунёга танилган. Ўзбекистон меъморлиги тараққиёти даврлари ичида тарихан энг ажойиби Амир Темур ва Темурийлар даври билан узвий боғлиқ бўлиб, уни Уйғониш — Шарқ Ренессанси сифатида таърифлаш одат бўлиб қолган, "ер юзининг сайқали" Самарқанд, "билим ва одоб гумбази" Кеш — Шаҳрисабз шаҳарлари, айниқса Амир Темур саъй-эҳтимоли, меъморий ваю-яти (валийликнинг кўплиги) ва каромати туфайли тубдан қайта қурилди. Оқсарой, Кўксарой кўшклари, Дор ус-Сиёдат мадрасаси, Кўк гумбаз, Жомеъ масжид каби маҳобатли ва ҳашаматли бинолар қад кўтарди. Шоҳизинда каби меъморий некропол бунёд бўлди. Кўҳна Кеш гуллаб яшнаган меъморий боғистонга айлангани учун Шаҳрисабз номи билан улуғланди. Самарқанд атрофида пайдо бўлган маржон боғлар ҳалқаси тўрида Дилкушо кўшки — Ишратхона, Чилустун кўшки, кичик Оқсарой кўшки каби хушбичим бинолар, бир-биридан гўзал Боғи Дилкушо, Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Шамол, Боғи Чинор каби боғлар умуман меъморий боғсозлик санъати равнақига асос солди. Ҳиндистонга ҳақиқий боғсозлик санъати темурийзода Заҳириддин Бобур билан кириб келганини ҳинд санъацҳунослари эътироф этишади. Ҳатто ўрта асрлардаги Европа боғ-паркларига темурий боғлари таъсири борлиги сир эмас. Худди шу даврда меъморлик билан боғлиқ илм-фан рисолалари яратилгани эътиборни тортади. Агар Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Биржондий каби алломалар асарларида меъморликдаги гармонияга оид жиҳатлар матн орқали асосланган бўлса, Улуғбек атрофидаги олимлар фақат астрономияга доир тадқиқотлар билан чекланмай, меъморликка доир рисолалар ёзишган, боғсозлик ҳақида дастуриламал яратилган. ХВИ асрда Бухородаги халқ меъморлари дастхати билан яратилган нодир меъморий чизмалар сақланган (ЎзФАСҲИ фондида). Ҳозирги замон меъморлигида кенг қўлланилаётган модул тизими ўзбек меъморлигида миқёс номи билан қадимдан маълум.

Ўзбекистон меъморлиги тарихини ўрганиш йўлида анчагина самарали тадқиқотлар бажарилди. Айниқса, меъморлик бунёдкори халқ меъморлари ижодини ўрганиш натижасида қадим замонлардаёқ унут бўлган баъзи меъморий қонун-қоидалар сиру-асрори очилди. Ҳатто узоқ Мисрдаги пирамида эҳромлар лойиҳаси ҳақидаги кейинги икки аср давомида олимлар баҳс этиб келаётган муаммо ўзбек халқ меъморлари амалида сақланиб қолган меъморий алқонун-улгутарҳ орқали осон ечимини топди.

Ўзбекистон меъморлигининг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари, қонун-қоидалари ХИХ аср — ХХ аср бошларидаги мустамлака даврида кескин зарбага учради. Меъморлик ижодкорлари маъмурият талаби остида ишлашга мажбур бўлди. Меъморликда баъзи янгиликлар қатори қоришиқ (эклектика), турли услублар (рус, европа ва бошқалар) кириб келаётган капиталистик талаблар билан ҳамоҳанг бўлди.

Халқ меъморлиги иккинчи кескин зарбага Совет тузуми даврида учради. Меъморлик давлат монополиясига учрагани учун меъморлар ижоди ва ташаббуси тамоман инкор этилгани натижасида жойлардаги йирик қурилишлар, айниқса, шахсий бинокорлик чеклаб қўйилди, оқибатда тажрибали халқ меъморлари оддий қурувчи, ҳатто мардикор даражасига тушиб қолди. Меъморлик ижоди Москва нормативлари асосида бажарилиши миллий меъморликни сўндириб қўйди. "Шаклан миллий, мазмунан социалистик архитектура" шиори ХХ асрнинг 2-ярмидан бошлаб баъзи ижодий изланишларга йўл очди (Алишер Навоий театри, Муқимий театри бинолари каби). Ўша даврда яратилган диққатга сазовор биноларда халқ усталари иштироки билан ижобий натижаларга эришилди.

Мустақил Ўзбекистон меъморлик соҳасида тўғон бўлган ғайри талабларга барҳам берди, меъморлик равнақи учун кенг ижод уфқи очилди. Тошкент ва Самарқандда махсус Архитектура-қурилиш институтлари малакали меъморлар тайёрлаб бермоқда. Махсус ўқув юртларида рассом, ҳайкалтарош, ганчкор, наққош каби мутахассислар тайёрланади. Ўзбекистон меъморлиги кейинги ўн йиллик (1991—2001) ичида катта ютуқларга эришди. Айниқса, пойтахт Тошкент қиёфаси ўзгариб, янада обод бўлди, маҳобатли бинолар қад кўтарди (Туркистон саройи, Оқсарой, Тошкент ҳокимияти, Олий мажлис бинолари, Ўзбек миллий театри реконструксияси, Ўзбекистон консерваториясининг янги биноси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари ва ҳоказо).[1][2]

Яна қаранг

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Захидов П., Традиции народних зодчих Ўзбекистана: М., 1964; Всеобшая история архитектури, т., 1-12, М.-Л., 1944-1975; Зоҳидов П., Меъмор олами, Т., 1991.
  2. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил