Jump to content

Мардикорлик

From Vikipediya

Мардикорлик — 1) ўрта асрларда Ўрта Осиёда марказий (хон, амир) ёки маҳаллий ҳукумат фармони билан натурал мажбуриятни бажариш, шунингдек, катта ер эгалари ерида ишловчи деҳқонлар меҳнатидан фойдаланиш. Канал қазиш, уни таъмир қилиш, ҳарбий истеҳкомлар қуриш ва бошқа оғир юмушларни бажаришда мардикорлар — сафарбар қилинганлардан фойдаланилган. Баъзан марказий ҳукумат фармони билан М.ка вилоятлар аҳолиси жалб этилган. Бундай М. "марди вило" деб аталган. Мас, 1559—80 йилларда Хожа Саъд Жўйборий Вахш дарёсида (Вахши Ҳисор вилоятида) канал қурганда шайбонийлардан Абдуллахоннинг ёрлиғига биноан, Ҳисор, Қабодиён, Денов ва бошқа туманларнинг аҳолиси учун "марди вило" эълон қилиниб, канал қурилишига 10 минг киши сафарбар этилган.

2) Биринчи жаҳон уруши даврида подшо Россиясидаги чекка ўлкалардан фронт орқасига мажбуран сафарбар қилинган эркаклар меҳнати. Маълумки, чор ҳукумати ўлкада мустамлакачилик сиёсатини кучайтириб, уни Россиянинг хом ашё манбаи, тайёр маҳсулот бозорига айлантирди. Натижада туб аҳоли қаш-шоқлашди, зўравонлик ва зулм азобини тортди. Айниқса, Биринчи жаҳон урушининг бошланиши шундай ҳам оғир ҳаётни янада ёмонлашишига олиб келди. Шундай шароит ҳукм сураётган бир пайтда 1916-йил 25-июнда подшо Николай ИИ нинг "Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия раёнида ҳарбий иншоотлар ва, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш" фармонига мувофиқ, Сибир, Қозоғистон, Ўрта Осиё ва Грузия маҳаллий аҳолисидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 400 минг эркак сафарбар қилиниши мўлжалланди, жумладан, Туркистондан 250 минг киши сафарбар қилиниши керак эди. Бу фармон туб аҳолини қахр-ғазаби ва норозилигини янада қўзғатиб, қўзголон кўтарилишигатуртки бўлди. Мустамлакачилик сиёсати ва М.ка сафарбар этишга қарши қаратилган халқ кураши шафқацизларча бостирилди. Шундан кейин чор ҳукумати император фармонини амалга оширишга киришди. Бу ҳаракат халқ орасида "М.ка олиш" номи билан юритилди. Чор маъ-мурияти олинадиган мардикорларнинг сонини қуйидаги тарзда белгилади: Сирдарё вилоятидан 60000, Фарғона вилоятидан 51233, Самарқанд вилоятидан 32407, Еттисув вилоятидан 43000, Каспиёрти вилоятидан 13830, жами — 200470 киши юборилиши шарт бўлган. Аммо, халқнинг қаршилиги туфайли 123000 дан ортиқ мардикор сафарбар қилишга эришилди. Улардан 101600 киши Россиянинг шим.ига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга ўрнаштирилди. 10 мингдан ортиқ кишилар Туркистон ўлкасида ишлатилди. Улар Москва, Петербург , Рязан, Тула, Орёл, Смоленск, Козон, Самара, Перм, Екатеринбург , Оренбург , Киев, Ҳарков, Екатеринослав, Одесса, Запороже, Керч, Тбилиси, Ботуми ва бошқа жойларда ишладилар. Уларга арзимаган иш ҳақи тўланган, турар жойлари ҳам анча ҳароб бўлган. Мардикорлар ҳарбий ва оддий саноат корхоналарида, конларда, темир йўллар қурилишларида, ўрмонларда ва айрим саноатчи сармоядорлар (капиталистлар)нинг хўжаликларида ишлатилди. Улар очликдан, совуқдан, хўрлик ва машаққатли меҳнатдан кўп азоб-уқубатларни бошларидан кечирдилар. Уларнинг орасида ўлганлар ва оғир дардга чалинганлар бўлди, боқимандасиз қолган хотин ва болалари ҳам ниҳоятда қашшоқлашган эди. Мардикорлар 1917-йил чор ҳукумати ағдарилгандан кейин юртларига қашшоклашган ҳолда қайтдилар (яна қ. Жиззах кўзғолони, Ўрта Осиё қўзғолони).

3) хонадонлардаги юмушларни бажариш учун оғзаки келишув асосида муайян ҳақ эвазига хусусий шахсларга ишбай ёки вақтбай ёлланиб ишлаш.

Ҳамид Зиёев, Нуриддин Мусаев.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил