Jump to content

Идиома

From Vikipediya

Идиома (грекча: ἴδιος — „хусусият“, „ўзига хослик“) — фразеологизмлар тури; муайян бир тилга хос бўлиб, бошқа тилларга айнан таржима қилиб бўлмайдиган нутқ бирлиги ёки ибора: „думи ҳуржун“, „семизликни қўй кўтаради“, „тили бир қулоч“ каби. Идиома сўз бирикмаларидан: („икки қўлини бурнига тиқиб“, „бутун маҳаллани бошига кўтармоқ“), этимологик ва тарихий маълумот талаб этувчи сўзлардан („гап десанг қоп-қоп, иш десанг Кўҳи Қофдан топ“, „Даққи Юнусдан қолган“ ва ҳоказо), этимологик исботлаш, асослаш қийин бўлган сўз ва иборалардан („оёғини қўлига олиб“, „бити тўкилди“) иборат бўлиши мумкин. Идиомалар, одатда, кўчма маънога эга бўлади ва бадиий адабиётда киноя, крчи-риқ маъноли образлиликни яратувчи воситалардан бири сифатида қўлланади. Идиомаларни бошқа тилга ўгиришда уларнинг ўша тилдаги муқобилини топиш керак бўлади. Масалан, рус тилидаги „Как ни корми волка, он всё в лес смотрит“ идиомаси ўзбек тилидаги „Қазисан, қартасан, охир аслингга тортасан“ идиомасига мазмунан мос келади. Тилда бундай муқобил идиома топилмаса, унинг мазмуни эркин ёки сўзма-сўз таржима қилинади. Масалан, „И на нашей улице будет праздник“ — „Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак“ каби.

Адабиётлар

[edit | edit source]