Боёнхон
Боёнхон, Баёнхон (тахминан милодий ВИ аср ўртаси — ВИИ аср биринчи чораги) — туркий қавмлар томонидан Европада барпо этилган Авар хоқонлиги асосчиси, қаҳри қаттиқ, иқтидорли улуғ саркарда. Аварлар Ғарбий Каспий бўйи даштларидан Турк хоқонлиги ва сосонийлар тазйиқи остида ВИ аср 50-йиллари бошида Шарқий Европага келганлар. ВИ аср 50-йиллари охири — 60-йиллари бошида кутургурлар билан иттифоқ бўлиб антларга ҳужум қилиб, юртларини талонтарож қилишган. Боёнхон раҳбарлигидаги аварлар ҳарбий юришлари билан 565-йилдан бошлаб Марказий Европа халқларига даҳшат сола бошлаган. 567-йил лангобардлар иттифоқ тузиб гепидларни тормор келтириб уларнинг Паннониядаги ерларини эгаллаганлар; шу ерда Боёнхон яна бир қанча ҳарбий юришлар ва янгидан-янги қабилаларни бирлаштирганидан сўнг ВИ-аср 60- йилларида Авар хоқонлигига асос солган. Боёнхон қўл остида кўплаб кўчманчи халқлар — гуннларнинг авлодлари бирлашган. Бу сиёсий бирлашма хоқонлик, Боёнхон эса хоқон деб атала бошлаган. Хоқонлик ҳудудида туркий тил устивор бўлган. Боёнхон Паннонияни хоқонлик маркази қилиб танлаган. Боёнхон қўшинлари шу ердан славянлар, франклар, лангобардлар, грузинлар ва бошқа қабилалар, шунингдек Византияга юришлар қилишган. ВИ-аср 70-йилларида Баёнхон Византия империясига мунтазам равишда чопқунлар қилиб бир неча жангларда ғалаба қозонган. Далмация ва Иллирияни талон-тарож этган ва Византияни улкан товон (тарихчи Феофаннинг ёзишича, унинг миқаори 583-йилга келиб 120 минг солидни ташкил этган) тўлашга мажбур қилган. 587-йил Мезия вилоятини, шунингдек Доростол, Сингидун, Маркианопол шаҳарларини вайрон қилган. Боёнхон 592-йил ва 598-йил ва ундан кейинги йилларда Болқон ярим оролга бир неча бор юришлар қилган. 7-аср бошида Чехия, Моравия ва Богемияни олган, бир қанча жангларда франкларни енгиб, уларнинг қироли Сефертни асир олган. Фақатгина улкан товон (фидя) туфайлигина қиролни озод этган. Боёнхон Византия императори илтимосига кўра 60 минг кишилик қўшини билан 581-йил славянлар устига юриш қилиб уларнинг кўплаб шаҳар, қишлоқларини ғорат қилиб, бой ўлжани қўлга киритган. Славянлардан қалин ўрмон ичига қочганларигина саломат қолган. Боёнхон бутун Дакияни олган, славянларга аскар бериш мажбуриятини юклаган. 626-йил Византия турк хоқонлиги билан ўзига қарши иттифоқ тузиш учун хуфиёна ҳаракат қилаётганидан хабардор бўлган Боёнхон Константинополни қамал қилган, бироқ қўшини таркибидаги славянлар хиёнати туфайли шаҳарни эгаллай олмаган. Тарихий адабиётларда Боёнхонни бир неча бор Аммуаа ва Чингизхон билан қиёслашган.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Плетнева С. А., Кочевники Средневековя. Поиски исторических закономерностей, М., 1982; Ҳасан Ато Абуший, Туркий қавмлар тарихи. Т., 1993.
Фахриддин Ҳасанов.
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |