Айб
Айб – жамоат тартиб қоидалари ва ахлоқ нормаларига хилоф ножўя ҳатти-ҳаракат.
Айб (ҳуқуқда) – жавобгарликка тортишнинг зарур шарти. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс қонуний тартибда айби судда ошкора кўриб чиқилиб, аниқланмаганига қадар Айбли эмас, деб ҳисобланади. Жиноят содир этишда Айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради[1]. Жиноят содир этишда Айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, Айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши, ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас[2]. Маълум ёшга тўлган, ақли расо шахс қонунда белгиланган тартибда Айби исботланган ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси билан тақиқланган ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракацизлик) учунгина жавобгар бўлади, шунингдек қилмишида жиноят тарки-бининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт. Ўзбекистон Республикаси ЖКда назарда тутилган жиноий қилмишни шахс қасддан ёки эҳтиёцизлик орқасида содир этишда Айбли деб топилиши мумкин. Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англамаган, англаши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган ёки унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган ва ишнинг ҳолатларига кўра кўзи етиши мумкин ва лозим ҳам бўлмаган бўлса, бундай қилмиш Айбсиз ҳолда содир этилган деб топилади. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш шахснинг жавобгарлигини ва уни айбли деб топишни истисно қилади. Жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахс, агар амалда содир этган қилмишида бошқа жиноят таркибининг барча аломатлари бўлса, шу жиноят учун жавобгарликка тортилиши ва Айбли деб топилиши мумкин . Ўзбекистон Республикаси ЖПК 2-моддаси талабига кўра, Жиноят просессуал қонун ҳужжатларининг вазифаларидан бири айбли бўлмаган ҳеч бир шахс жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги шартлиги тўғрисида кўрсатма беришдир. Бунинг учун суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Гумон қилинувчи, Айбланувчи ва судланувчи жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса ва унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, Айбсиз деб топилиши ва реа-билитация килиниши шарт. Гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва Айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши мавжуд тўғри, эътирозеиз ва холис далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина уни Айблаш, суд томонидан Айбли деб топиш учун асос бўла олади. Айбни бўйнига олиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг И 2-моддаси асосида баҳоланиб, у тўғри, ҳаққоний, эътирозеиз ва холис далил деб топилгандагина судланувчини Айбли деб топиш учун асос қилиб олиниши мумкин. Шахсни тўла ёки қисман реабилитация этилишининг мулкий ва бошқа оқибатлари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 302–313-моддаларида батафсил кўрсатилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов тамомланиб иш Айблов хулосаси билан судга юборилганда, суд (судя) Ўзбекистон Республикаси ЖПК 396-моддасининг 2-банди талабига кўра, унда Айбланувчининг реабилитация этиш асослари мавжуд бўлса, ишни судда кўриш учун тайинламасдан уни тугатиш тўғрисида ажрим чиқариши лозим. Реабилитация асослари иш судда кўриш учун тайинлангандан сўнг маълум бўлса, ишни тугатиш ушбу Кодекснинг 401-моддаси талаби асосида ҳал қилинади. Суд (судя) иш бўйича айблов ҳукми чиқарса, ушбу ҳукмда судланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жиноятни (жиноятларни) содир этганликда Айбли деб топиш масаласини ҳал қилиши лозим. Агар суд иш бўйича оқлов ҳукми чиқарса, судланувчини Айбли деб топиши мумкин эмас. Агар оқланган судланувчи қамоқда бўлса, у оқлов ҳукми эълон қилиниши билан қамоқдан озод этилиши лозим[3].
Манбалар
[edit | edit source]- ↑ „Ўзбекитон Республикаси Жиноят кодекси“. Лех.уз. Қаралди: 10-октабр 2023-йил.
- ↑ „Жиноят кодекси“. Лех.уз. Қаралди: 10-октабр 2023-йил.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |