Jump to content

Оғриқ қолдирувчи дорилар

From Vikipediya
(Redirected from Analgetiklar)


Оғриқ қолдирувчи дорилар - оғриқ сезгисини йўқотувчи ёки камайтирувчи дорилар. Буларга кимёвий тузилиши ва таъсир механизми турлича дори моддалари киради. Оғриқ қолдирувчи дорилардан нерв системасига таъсир этиб, оғриқни камайтирувчи моддалар (аналгетиклар) асосий ўринни эгаллайди. Наркотик аналгетиклар ва нонаркотик аналгетиклар фарқ қилинади. Наркотик аналгетикларга морфин ва унинг синтетик ўриндошлари (промедол, фентанил ва бошқалар) киради. Наркотик аналгетиклар турли оғриқлар, жумладан, шикастланиш, куйиш, миокард инфарктида рўй берадиган кучли оғриқларни ҳам қолдиради. Морфин марказий нерв системасига таъсир кўрсатиб, эшитув, қўрқув, тактил сезгисини ўткирлаштиради, ўзига хос галлюсинациялар келтириб чиқаради. Оғриқ билан кечадиган салбий эмоциялар (ваҳима, ҳаяжонланиш, ғам-ғусса ва бошқалар)ни сусайтириб, хавфсизлик, ўзини енгил ҳис қилиш, бамайлихотирлик туйғусини пайдо қилади. Наркотик аналгетиклар такрор-такрор қабул қилинганда одам унга ўрганиб, қўмсайдиган бўлиб, наркоманияга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун наркотик аналгетиклар қатъий ҳисобда туради ва улар чекланган ҳолда берилади. Наркотик аналгетикларни врач рухсатисиз ичиш тақиқланади.

Нонаркотик аналгетикларга кимёвий тузил иши турлича бўлган синтетик моддалар (амидоприн, аналгин, ацетилсалицилат кислота, парацетамол ва бошқалар) киради. Бу хил аналгетикларнинг наркотик аналгетикларга қараганда оғриқ қолдирувчи таъсири кучсизроқ бўлиб, асосан, невралгия тусидаги оғриқларда, миалгия (мускуллар яллиғланиши)да, тиш ва бош оғриғида, артралгияда ишлатилади. Нонаркотик аналгетиклар оғриқ қолдириши билан бир қаторда иситма тушишига ҳам (қаранг Иситма туширувчи дорилар) ёрдам беради. Кўпчилик нонаркотик аналгетикларнинг яллиғланишга қарши таъсири ҳам бор (қаранг Яллиғланишга қарши дорилар). Врач рухсатисиз бу дориларни ичмаслик керак.

Аналгетиклар гуруҳига мансуб бўлмаган бир канча дори моддалар ҳам оғриқ қолдириши мумкин. Масалан, силлиқ мускулларни бўшаштирувчи дорилар — атропин, бангидевона препаратлари, папаверин, ношпалар ва бошқа қон томирлар спазмида ишлатиладиган томир кенгайтирувчи дорилар шулар жумласидандир.

Врачга кўриниб оғриқ сабаби ва хусусиятини билгандан сўнг оғриқ қолдирувчи дорилар ичилса, яхши наф беради.<ref>ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2006

Манбалар

[edit | edit source]