Тўқимачилик толалари

Тўқимачилик толалари - арқоқ ва танда иплари, ғалтак ип ва бошқа тўқимачилик буюмлари тайёрлашда ишлатиладиган, узунлиги кўндаланг қесими юзасидан анча катта бўлган, эгилувчан, ингичка ва пишиқ материаллар. Тўқимачилик толалари табиий ва кимёвий гурухларга бўлинади.

Табиий толалар юқори молекулали органик моддалар — ўсимлик органлари ва ҳайвонлар жуни ҳамда момиғидан, ўсимликлар уруғи (мас., пахтали чигит), пояси (мас., зиғир толаси), барги (мас., юкка толаси), меваси (мас., ласточник толаси), ипак қурти пиллаларидан олинади. Табиий толалар юқори молекулали анорганик моддалар (мас., минерал ва бошқалар)дан ҳам ишлаб чиқарилади (яна қаранг Кимёвий толалар).

Бўйламасига ажралмайдиган (якка) Тўқимачилик толалари элементар толалар, бир неча элементар толаларни бўйламасига бириктириб хреил қилинган Тўқимачилик толалари техник толалар дейилади. Анча узун элементар Тўқимачилик толалари элементар иплар деб аталади. Баъзи Тўқимачилик толаларида каналлар бўлади. Тўқимачилик толаларидан, асосан, ип олинади, ундан эса газлама, трикотаж, тўқимачилик буюмлари ва бошқа нарсалар тайёрланади. Тўқимачилик толалари орасида энг кенг тарқалгани пахта толаси ҳисобланади. Пахта толасидан кийимкечак, техник мато ва турлитуман трикотаж, иплар, пахтадан эса момиқ пахта, йигирилмайдиган материаллар ва бошқа тайёрланади.

Луб толаларидан бири — зиғир поясидан олинадиган тола жуда ингичка, пишиқ, кам чўзилади, гигроскопик бўлади. Унинг ипидан қопқанор, кийимкечак, техник мато ва бошқа газламалар тайёрланади. Дағал поя толаси — каноп ва пенкадан арқонлар, дағал газламалар тайёрланади. Жут ҳам дағал поя толаси бўлиб, у кўп тарқалган, намни ўзига яхши тортади, хоссаси канопникига яқин. Ундан кўпроқ шакар қоплари ва бошқа тайёрланади. Табиий толалардан жун ва ипак кийимкечак ва бошқа тайёрлашда қимматли хом ашё ҳисобланади.

Асбест минерал Тўқимачилик толаларидан бўлиб, техник матолар тайёрлашда, кўпчилик саноат тармокларида ишлатилади. Табиий Тўқимачилик толалари соф ва аралаш (мас., жунпахта) ҳолда, кўпинча, штапел толалари бн аралашган ҳолда ишлатилади. Аралаш ҳолдагиси газлама сифатини яхшилайди, и.ч. таннархини камайтиради.

Тўқимачилик толалари ичида шиша тола ва иплар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар техникада электр, иссикушк, товуш изоляцияси ва бошқа изоляция, филтрлаш (сузиш) материаллари, ёнмайдиган буюмлар, шишапластиклар ва бошқа тайёрлаш учун ишлатилади (яна қаранг Газлама, Кипим, Тўқимачилик саноати, Тўқувчилик).