Луб толалари

Луб толалари — толали ўсимликлар (зиғир, каноп, жут, рами, кендир, наша ўсимлиги ва бошқалар) поясидан ажратиб олинадиган тўқимачилик толалари. Бу ўсимликлар (луб экинлари) пояларида камбий ва перицикл орасида жойлашган тўқималар Луб толаларини ташкил қилади. Улар усимлик поясидан биологик ва физик-кимёвий усуллар билан ажратиб олинади. Бунинг учун уруғлари ва баргларидан тозаланиб ва қуритилиб, боғ-боғ қилиб тайёрланган поялар баклар, табиий ёки сунъий сув ҳавзалари ва ҳовузларда ивитилади. Пояларни ивитишда толаларни бир-бирига ва пўстлоққа ёпиштириб турган пектин моддалари эрийди. Сув ҳавзалари ва ҳовузларида совуқ сувда ивитиш ҳар хил микроорганизмларнинг фаолиятига асосланган (бунда сувнинг ҳарорати 20—25° дан ошмаслиги керак). Сувнинг устидаги пояларда моғор замбуруғлари, сув ичига ботган қисмларида анаэроб бактериялар ривожланади. Бакларда поялар иссиқ (36—38°) сувда ивитилади. Бунда аввал аэроб, сўнгра анаэроб бактерияларнинг иш фаолиятидан фойдаланилади. Ивитишнинг кимёвий ва буғлаш усуллари ҳам бор. Кимёвий усулда турли моддалар (тузлар, кислоталар, ишқорлар) эритмалари қўлланади. Буғлашда поялар олдин сувда ивитилиб, кейин буғла-нади. Ивиган поялар махсус тола ажратиш машиналаридан утказилади. Ажратиб олинган ҳўл толалар титиш-саваш машиналаридан ўтказилиб тозаланади, қуритиш машиналарида қуритилади, сўнгра юмшатиш машиналаридан ўтказилиб майинлаштирилади ва пардозлаш сехида пардозланиб, ялтироқ ҳолатга келтирилади, саралаш (сортларга ажратиш) сехида тола ранги, узунлиги, пишиклиги ва товланувчанлиги бўйича хилланади.

Луб толаларини кўк луб (флоэма)дан ҳам олиш мумкин (бунда тола ажратиб олиш технологияси юқоридагидан деярли фарқ қилмайди). Лубни титиш-ювиш жараёнида чиққан чиқиндилардан калта Луб толалари олинади.

Луб толалари қандай ўсимлик поясидан олинганлигига қараб, ингичка, кайишқоқ (зиғир ва рама толаси), дағал (каноп, жут, пенка толаси), қаттиқ (абака, яъни пенканинг бир тури) бўлиши мумкин. Улардан каноп, арқон, балиқ тутиш тўри, брезент, ҳар хил матолар тайёрланади, улар гилам тўқишда ҳам ишлатилади. Ўзбекистонда, асосан, каноп ўсимлиги экилганлиги учун каноп заводларида канопдан толалар олинади.[1]

Манбалар

edit
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил